Мақоламиз қаҳрамони билан биринчи суҳбатимиз 1992 йилда осон кечмаган эди. Дони Зокиров номидаги миллий чолғу оркестрининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри бўлиб ишлаётган чоғларида ҳамиша ижод уммонига ғарқ бўлгани учунми, биз кутган мусоҳаба жуда қисқа бўлди.
Яна бир куни ижодхонасига кирмоқчи бўлганимда “Бугун у киши Ҳазрат Навоий мутолааси билан банд…” деб рухсат беришмади. Мавлоно Румийнинг “Девони кабир”идаги орифона, тасаввуфий ғазалларини катта таважжуҳ билан қайта-қайта қироат қилганини ҳам кўп гувоҳи бўлганмиз. Бу сатрларни келтиришдан мақсад шуки, неча йиллардан буён Мустафо акани кузатган бўлсак, у энг аввало, вақтни қадрловчи, китоб мутолаасини севувчи, ижод, ижод ва яна ижод билан банд, бемаъни суҳбатлардан ўзини парҳез қилувчи инсон сифатида гавдаланади. Мана шу меҳнатсеварлик, Шарқ адабиётининг забардаст шоир-у мутафаккирларининг асарларини мутолаа қилиш, Шашмақом, халқ куй ва қўшиқлари билан бир пайтда дунё мусиқасининг нодир намуналарини ўрганиш, энг асосийси мусиқа санъатига бўлган завқ-шавқ у кишини катта салоҳиятли ижодкор, забардаст бастакор даражасига олиб келди…
Буюк мутафаккир Муҳаммад Ҳижозий “Ҳаёт табиат (Яратгувчи) томонидан бизга берилган мусиқий создир. Ушбу мусиқий созни яхши чалиш бизнинг истеъдод ва интилишимизга боғлиқдир”, деган эди. Атоқли бастакор Мустафо Бафоев ўз устозларидек, истеъдоди ва интилиши билан инсон ҳаёти ва умри мусиқий гармонияга ёки ўзига хос симфонияга монанд эканлигини исботлади.
Гоҳида ўз ҳаётида ҳеч бир ишни қойил қилмаган инсонлардан “агар менда ҳам исталган шароит бўлганида, мен ҳам фалон-фалон ишларни боплардим”, деганларини эшитиб қоламиз. Агар ҳаёт, умрнинг мукофоти фақат шароит, муҳайёлик билан вобаста бўлиб қолганида эди…
Мустафо Бафоев учун орзу-мақсадини рўёбга чиқариш йўли осон бўлмаган. У 1946 йил 10 ноябрь куни Бухоро вилояти Когон тумани Ганжкаш қишлоғида оддий оилада дунёга келди. У йилларда эндигина кўзини оламга очган ганжкашлик бола кейинчалик мусиқа санъати уммонидан дур-у ганж териб олишини албатта ҳеч ким тасаввур қилолмас эди. Чунки Иккинчи жаҳон уруши кейинги йилларга ҳам ўз таъсирини, асоратини қолдирганди. Мусиқачи ёки бастакор бўлиш хомхаёл бўлиб туюларди. Халқ йўлидаги мусиқа ва тароналарни замзама (хиргойи) қилиб юрган ёш Мустафони кузатган амакиси найчи Аҳад Қодиров унга Бухоро мусиқа билим юртида маҳоратини синовдан ўтказишни маслаҳат берди. Заковати, қувваи ҳофизаси зўр ўспирин ота-онаси учун кутилмаган ҳолатда санъат йўлини танлади ва мазкур билим юртида ғижжак бўйича таҳсил олди. Бу даргоҳда Самижон Воҳидов, Аҳмад Ихтиёров каби устозлардан созандалик сир-асрорини ўрганди.
Ҳа, устозларнинг билим ва истеъдоди шогирдларга ҳамиша қанот бағишлаган. Мустафо Бафоев Тошкент давлат консерваториясида ўқишни давом эттирди. Мутаваккил Бурҳонов, Дони Зокиров, Мардон Насимов, Владимир Белинский, Борис Гиенко каби устозларнинг мактаби, сабоқларидан завқ-шавқ олиб, мустақил ижод йўлига ўтди ва касбу кор, маслак танлашда хато қилмади.
Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек,
Ҳар ки аввал бингарад поёни кор.
Андар охир ў нагардад шармсор.
(яъни: иш аввалида унинг сўнгги, поёнини кўра билган инсонгина қилган иши, амалидан шармисор бўлмагай).
У 1963 йили ўзининг биринчи асарини яратди. Бастакор негадир биринчи оҳанглари ҳақида батафсил гапиришни хоҳламайди, камтарлик қилади. Ҳазрат Навоий таъкидлаганидек, камтарлик олға интилаётган инсоният кемасининг елканидир. Ижодкор шундай инсонки, у ўзи яратган асаридан мардонавор воз кечиб, ундан-да гўзалроқ асарлар яратишига киришади. 1977 йили у илк мукаммал асари, “Бухоронома” номли ораториясини устоз бастакорлар, мусиқа мунаққидларига тақдим этди. Яхши ниятлар билан яратилган мазкур асар Ўзбекистонда яна бир келажаги порлоқ бастакор мусиқа санъати майдонига шаҳдам қадам қўйиб келганидан кўпчиликка дарак берди. Ушбу асар билан у Москвада ёш композиторлар танловида ғолиб чиқди.
Бу асардан сўнг, бебаҳо мусиқий хазинамиз Шашмақомдан илҳом олган Мустафо Бафоев Навоий, Машраб, Фурқат ғазалларидан иборат ”Ғазал” симфониясини яратди. Шу тариқа, истеъдодли бастакор буюк зотларнинг орзу-армонлари, дардини мусиқанинг сеҳрли тили билан баён этувчи бир қатор асарлар: “Ибн Сино”, “Мовароуннаҳр”, “Ҳолати Алишер Навоий, “Ҳамза” (шоир ҳаётидан лавҳалар) каби симфониялар, театр учун мусиқий драмалар (“Еттинчи жин”, “Узилган торлар”, “Зўлдир”, “Тошкентда туман”, “Рожа”, “Прометей”, “Париқишлоқ афсонаси”, “Тўмарис”), 6 та опера ( “Умар Хайём”, 1994 йил), “Севги самоси”, “Ибн Сино”, “Борбад”, шоир Х.Даврон билан ижодий ҳамкорликда “Бухорои шариф”, (Навоийнинг “Лисон-ут-тайр” достони асосида – опера-феерия), яъни бир-биридан жанр жиҳатдан ҳам, мазмун нигоҳидан ҳам ранг-баранг, бир-биридан гўзал, аммо руҳияти миллий, асл халқона мусиқий асарларни яратди. У 200дан ортиқ қўшиқлар оҳангининг муаллифи ҳамдир. 15 йилга яқин Дони Зокиров номидаги миллий чолғу оркестрининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри сифатида ўз иқтидори ва раҳбарлик, устозлик маҳоратини намоён этди.
1997 йил Самарқандда бўлиб ўтган Биринчи “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида қатнашган немис мусиқашуноси ва созандаси Томас Оггер айнан Мустафо Бафоевдек бастакорларимизнинг асарларини эшитиб: “Бу мусиқалар илоҳий мусиқа, уларда жон, руҳ бор. Бугунги кунда агар Европада мусиқа худди бир техника ҳодисасидек ўзини “намоён” этаётган бўлса, Ўзбекистонда доно халқ руҳиятини мужассам этган, сомеълар қалбини дарҳол забт эта оладиган мусиқани кўраяпман”, дея эътироф этган эди (Дарвоқе, айнан мана шу фестивалда М.Бафоевнинг “Буюк ипак йўли” асари янграган эди). Тўғри, опера, балет, соната, опера-феерия каби мусиқа жанрларининг ватани Ғарбдир. Лекин мазкур жанрларга миллий руҳни бағишлаб, халқнинг тийнатини сингдириш орқали жаҳон маданияти билан уйғунликда миллий мусиқани ривожлантириш, дунё саҳнасидан муносиб жой олиш бастакорнинг вазифаси, бурчи эканлигини англаган МусҒтафо Бафоев мазкур йўналишларда энг сермаҳсул ва муваффақиятли ижод қилаётган бастакорларимиздан ҳисобланади. Биргина “Зикр-ул-ҳақ” концерт-воқеа мисолида ҳам шуни англаш қийин эмас. Асарда мақом шўъбаларидан фойдаланган ҳолда, Ғарб ва Шарқ мусиқаси бир-бирини тўлдирганини кўрамиз. Ушбу асар барча инсонларни миллати, динидан қатъи назар эзгулик, покликка даъват этади. Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” асосида ёзилган “Ҳажнома” ораториясида ҳам айнан шу ҳолатни кузатиш мумкин.
Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон давлат консерваториясининг Катта залида Бухоронинг “Мавриги” ансамблининг концерти бўлиб ўтди. Концерт сўнггида М.Бафоев саҳнага чиқиб, мухлисларга қарата: “Мана сизларга Бухоронинг симфонияси. “Мавриги” Ғарбнинг қайси симфониясидан кам?! Бу минг йиллик санъат намунаси олдида дунё таъзим қилса, арзийди”, дея ирод этди.
Яқинда айнан мана шу залда М.Бафоев асарлари асосида ташкил этилган концертда ҳам машҳур санъатшуносларимиз атоқли бастакоримиз ижодига баҳо бериб, айни юқорида зикр этилган сўзларни таъкидладилар: “М.Бафоевнинг асарлари қайси машҳур хорижий бастакорлар асаридан кам?!”
Шу боисдан бўлса керак, Мустафо Бафоевнинг асарлари, айниқса, Мустақиллик йилларида нафақат Ўзбекистон ёки минтақамизда, балки дунёнинг турли гўшаларида янграмоқда. Жумладан, 2004 йилда Япониянинг Нафис санъат университети таклифи билан ушбу мамлакатга бориб, симпозиумда қатнашган М.Бафоевнинг танбур ва симфоник оркестр учун яратилган концерти турли мамлакатлардан тақдим этилган асарлар ичида энг яхшиси, деб эътироф этилди. Ёки 2000 йил машҳур виолончелист Йо Йо Ма томонидан АҚШнинг Массачусетс штатида ташкил этилган халқаро мусиқа анжуманида иштирок этган М.Бафоев виолончел ва ўзимизнинг олтита миллий чолғу – сурнай, най, қўшнай, чанқовуз, доира, ноғора учун “Бухороча” концерт дастурини энг талабчан мутахассислар ҳукмига ҳавола этди ва уларнинг олқишига сазовор бўлди (Таъкидлаш жоизки, созанда Н.Рўзиев мана шу концертда 6 та миллий чолғуни бир ўзи чалган). Концертдан сўнг уни ASCAP (Америка бастакорлари, муаллифлари ва ноширлари жамияти) нуфузли халқаро ташкилотига аъзоликка қабул қилишди. 2006 йилдаги Туркияга қилган сафари ҳам янги асарлар яратилишига сабаб бўлди. Россия, Франция, Германия, Испания, Ҳиндистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Эстонияда ҳам унинг асарлари ҳамиша олқишлар билан кутиб олинмоқда.
Мустафо Бафоев Ўзбекистонда бастакорлардан биринчи бўлиб телеопера, хор симфонияси, телебалет жанрига қўл урган ижодкор ҳисобланади. “Нодира”, “Улуғбек буржи”, “Темурий маликалар”, “Мозийдан нур” каби телебалетлари учун у Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига лойиқ деб топилди. Агар асарларининг рўйхатига эътибор берсак, уларнинг қаҳрамонлари халқимизнинг буюк фарзандлари Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Навоий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад ал-Фарғоний, Нодира, Улуғбек, Фурқат, Борбад ва бошқалар. Бунинг учун композитор ҳар томонлама илмли бўлиши лозим.
Давлатимиз мадҳияси мусиқасининг муаллифи Мутаваккил Бурҳонов билан унинг 80 йиллиги арафаларида суҳбат қилганимизда “Агар мен санъатга қайтадан кириб келганимда, албатта, Мустафо Бафоевдан сабоқ олган бўлардим…”, деганди. Бундан юксак баҳо борми ижодкор учун! Қолаверса, у Ўзбекистон Давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасининг профессори сифатида ўнлаб шогирдларни тарбиялади ва тарбияламоқда.
Ўз касби ва маслагининг билимдони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти лауреати, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, профессор Мустафо Бафоев миллий мусиқамизни янада бойитиб, маданиятимизни жаҳон узра тарғиб қилишдек эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида бардавомдир.
Шоқаҳҳор Салимов
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон