Ўғил Иоганн Штраус 1825 йил 25 октябрда Вена шаҳрида, австриялик таниқли бастакор Иоганн Штраус оиласида туғилди. Уни банкир ўғил сифатида кўришни орзу қилган отасининг хоҳишига қарши ўлароқ, у Ф.Амон қўлида скрипкадан сабоқ ола бошлайди, И.Дрекслер қўлида гармония ва контрапункт асосларини ўрганади ва ўзини бутунлай мусиқага бағишлайди.
1844 йилда ўғил – Штраус ўз оркестрини ташкил этади, унинг дастлабки оммабоп концертлари ёш мусиқачида ажойиб скрипкачинигина эмас, балки ёрқин, истеъдодли бастакорни, ҳаёт шодлиги, севги фараҳи ва ижод завқини намоён этган “порлоқ”, “тантанавор” мусиқа романтизми вакилини инкишоф этди.
Орадан кўп вақт ўтмай ёш И.Штраус Венанинг йирик оркестрлари капельмейстери сифатида кўпчилик оғзига тушди; унинг мусиқасидан нафақат маърифатли, зиёлилар, балки оддий шаҳар оммаси ҳам завқ-шавққа тўлар эди, ҳатто калондимоғ қирол сарой аъёнлари ҳам бу давр “эркатойи”нинг ўз байрам тадбирларида иштирок этишини ўзлари учун шараф деб билар эдилар.
Отаси билан ёшлик йилларида бошланган келишмовчиликлар 1848 йилда ғоявий тўқнашувгача бориб етди: ота Штраус яккаҳокимлик тарафида туриб, ўзининг “Радецкий марши”ни унга бағишлади, ўғил Штраус эса “Озодлик қўшиқлари”, “Баррикадалар қўшиқлари” ва бошқа асарлари билан инқилобни қўллаб-қувватлайди.
Бу умумий тил тополмаган икки буюк машшоқнинг жанжалими, бир-бирини кўролмаслиги ёки ўзаро гина-кудуратими, ёки “икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас” деганларидек, кўлам ва ҳажм жиҳатидан битта макон тор келиб қолган буюк ижодкорларнинг одатда бўладиган баҳсли муҳокамаларими – жумбоқ бўлиб қолмоқда.
Бироқ бир мусиқий оиланинг ёрқин вакиллари ижодининг биографлари ва тадқиқотчилари отанинг ўғли истеъдодига нисбатан рашки ва ҳасади ҳамда оилада ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмайдиган золим, пировард-оқибатда ўзга аёлни деб ўзининг кўз очиб кўрган хотинидан воз кечган отадан ўғилнинг хафалиги деб таъриф беришлари беасос эмас, албатта.
1849 йилда оламдан ўтган ота Штраус қабри устида ўғил Штраус Моцартнинг “Марсия” (“Реквием”) сини ижро этди, отасининг тўлиқ асарларини тўплади, қайта ёзди, таҳрирдан чиқарди ва чоп эттирди, марҳумнинг хотирасига “Эол арфаси” вальсини бағишлади. Ўғил қалбида яшаб келган муҳаббат ва тазарру абадий бўлиб қолди, даҳо падарга унинг энг табаррук ижодлари учун айтмоқчи бўлган эътироф сўзлари энди чуқур таассуфга айланиб, ортга қайтмас бўлиб кетди.
Ўғил Штраус ота Штрауснинг оркестрини ҳам унутгани йўқ. Иккала жамоани битта қилиб, у фақат Австрияни эмас, балки Германия, Польша, Сербия, Руминия, Чехия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларни забт этди, асосийси эса кўтаринки руҳдаги инсон туйғулари, ҳиссиётлари, таассуротлари ва қизиқишларини ифодаловчи янги асарлар яратиб (“Ольга”, “Александрина”, “Аннен” полкалари, “Адель”, “Буюк княгиня Александра”, “Вена, жоним менинг”, “Ковент-Гарден хотиралари”, “Тоғ қўшиқлари” вальслари, “Александр” кадрили, “Рус қишлоғида” фантазияси, “Рус халқига тортиқ” попурриси) оламга танилди.
1895 йилда бутун мусиқа олами инсонга ҳаётни қандай севиш ва қадрлашни ўргатган даҳо машшоқ олдида тиз чўкиб, Иоганн Штрауснинг 70 йиллигини нишонлади.
И.Штрауснинг шахсий ҳаёти нисбатан омадли кечди. У 1862 йилда опера хонандаси Йетти Трефцга уйланди, у умр йўлдошининг ҳақиқий дўсти ва импресариоси бўлиб қолди. 1878 йилда Йетти ўлимидан кейин хонанда Анжелика Дитрих билан қурган турмуши узоққа бормади. Тўрт йилдан сўнг Штраус янги илҳом париси – Адель Дойчга кўнгил қўйди, у билан ҳаётининг сўнгги кунигача дориламон умргузаронлик қилди. Уч марта уйланган бўлишига қарамай, Штраус биронта ҳам фарзанд кўрмади. Бастакор 73 ёшида оламдан кўз юмиб, Венанинг марказида дафн этилди.
Адель эридан кейин 31 йил яшади, эрининг асарларини чоп этдирди, Штраус музейини ташкил этишга кўп куч сарфлади, музей ҳозир ҳам Австриядаги мижозлар энг кўп келадиган маданий марказ ҳисобланади.
И.Штрауснинг мероси 496 асардан иборат (16 оперетта, комик опера ва балет, 168 вальс, 117 полка, 73 кадриль, 43 марш, 31 мазурка). “Кўршапалак” (1874), “Лўли барон” (1885) опереттаси, “Севги қўшиқлари” (1852), “Петербург билан хайрлашув” (1858), “Ажойиб мовий Дунайда” (1866), “Вена ўрмони эртаклари” (1868), “Вена қони” (1873), “Ажойиб май ойи” (1877), “Баҳор садолари” (1883), “Император вальси” (1888) вальслари энг машҳур асарлари сирасига киради. Машҳур “Форсча марш”, “Император Франц марши”, “Австрия”, “Куч бирликда” маршлари умри узоқ асарлар бўлиб, замонлар оша жаҳон эфирларида садо бериб турибди.
Рақс мусиқаси И. Штраусга “вальс қироли” шуҳратини инъом этган бўлса, мусиқий-саҳна асарлари (“Калиостро Венада”, “Қироличанинг тўқима рўмолчаси”, “Венецияда тун” ва ҳ.к.) шу пайтгача тенгсиз саналиб келаётган вена мумтоз опереттасининг яратувчиси деган шуҳратли унвонни берди. Ўғил Штраус асарлари – бу романтикларнинг амалга ошмаган юксак орзуларига бағишланган тантанавор мотам куйлари эмас, балки чинакам ҳаётнинг гўзаллиги ва тўлалигидан завқланиш, эрксевар инсон туйғулари ва фикрлари парвозидир.
Оҳанг таровати ва бадиийлиги, оркестр куйларининг тиниқлиги, ҳаётбахш руҳи шарофати ила улар жаҳон мусиқа маданияти тарихида чуқур из қолдирди.
Бастакорлардан ҳеч ким рақс мусиқасини ўғил Штраус амалга оширганчалик симфоник мушоҳада даражасигача кўтаролмади.
Унгача ҳеч ким (на Памер, на Ланнер, на отаси Штраус) ўз асарларида унинг оперетталарига хос ўйноқиликни, жўшқинликни, оташинликни, биргина эҳтирос – Иоганн Штраус мусиқасига муҳаббат ила бутун дунёни ўзига ром этган енгиллик, ҳаводорлик, оҳангдорлик ва мусиқийликни очиб беролмаганди.
Иоганн Штраус ҳақида Н.Ф.Соловьеёв, Г.М.Ярон, А.Р.Владимирская, Л.Трауберг, Айгнер Томас ва бошқа олимлар тадқиқотлар ёзган.
Бу бастакор шахсиятига фақат ёзувчилар ва олимларгина эмас, балки кино арбоблари ҳам қизиққанлар. Режиссёр Альфред Хичкокнинг “Вена вальслари” (1934) кинофильмида “Ажойиб мовий Дунайда” вальсининг ёзилиш тарихи ҳикоя қилинади. “Катта вальс” (1938) фильмидан унинг ҳаёти ва ижодидан айрим ҳужжатли лавҳалар ўрин олган.
Марфуа Ҳамидова
санъатшунослик фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон