Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академия, Темурийлар тарихи давлат музейи 2015 йилда яратилган “Энг яхши бадиий-публицистик асарлар” ва “Энг яхши санъат асарлари” кўрик-танловларини эълон қилган эди. Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги байрами арафасида ана шу кўрик-танлов ғолиблари аниқланди.
Кўрик-танлов икки гуруҳдан иборат ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу йилги кўрик-танловга жуда кўп бадиий-публицистик ва санъат асарлари тақдим этилдики, уларнинг ҳар бири ўз мазмун-моҳияти, кўлами, яратилиши, мавзунинг ёритилиши ва қолаверса, бадиий қиймати билан эътирофга лойиқдир. Албатта, улар орасидан энг яхшиларини танлашда ҳайъат аъзоларининг ранг-баранг фикрлари анча баҳс ва мунозараларга сабаб бўлганини ҳам айтиб ўтиш билан бирга, кўрик-танловга ҳар бир ижодкор ва рассом ўта масълуият билан ёндашганини , чунончи мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида ўзбек адабиёти ва санъатининг юксакка кўтарилганини ва унинг янги қирралари пайдо бўлганини, бу эса катта ютуқлардан бири эканлигини ҳам қайд этиш лозим.
Ҳайъат аъзоларининг якуний хулосасига кўра, “Энг яхши бадиий-публицистик асарлар” кўрик-танловида:
биринчи ўринга – Шоир Минҳожиддин Мирзонинг “Соҳибқирон ёғдуси” достони;
иккинчи ўринга –тарих фанлари доктори,профессор Абдумажид Абдураимовнинг “Темурий ва Бобурийлар даври маданияти,китобат ва рангтасвир санъати тарихига чизгилар”китоби;
учинчи ўринга – таниқли журналист, темуршунос Бахтиёр Ҳайдаровнинг “Сафар олдида сафар” китоби ҳамда энг яхши тўплам бадиалари лойиқ топилди.
Шунингдек, самарқандлик иқтисод фанлари доктори, профессор Қ.Мамараимовнинг иштирокида тузилган “Амир Темур фаолиятидан лавҳалар”, шоира, публицист Гавҳар Ғаниеванинг “Амир Темур жасорат дарслари ва сабоқлари” ҳамда қашқадарёлик ижодкор, олим Комилжон Султоновнинг “Амир Темурга муносиб ворислар” китоблари рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.
“Энг яхши санъат асарлари” кўрик-танловида:
биринчи ўринга – ёш рассом А.Сагатовнинг “Кастилия элчиси Амир Темур қабулида” ;
иккинчи ўринга – А.Алиқуловнинг “Элчиларни қабул қилиш”;
учинчи ўринга – А.Икромжоновнинг “Амир Темур сиймоси” ишлари лойиқ кўрилди.