“Амра” ресторанининг устки қаватида ҳозирги пайтда нафақат қаҳва ичиб, шароб сипқориб, газак қилинади, айни чоғда, роса шахмат ўйналади. Нона Гаприндашвили, унинг ортидан эргашган бир қатор гуржи шахматчи аёлларининг ажойиб ғалабалари Гуржистон ва Абхазиядаги эркакларда бу қадимий ўйинга қизиқишни кучайтириб юборди.
Ҳарқалай, улар илгарилари зиёфат билан нарда ўйинига сарфлаган вақтларининг каттагина қисмини эндиликда шахматга бахшида этмоқдалар. Эҳтимол, бу муайян даражада аёлларга етиш ва уларга муносиб ўринларини кўрсатиб қўйиш йўлидаги, сирасини айтганда, беҳуда уринишдир. Муносиб ўринларига бўлмаса-да, жиллақурса, аввалги ўринларига қўйиш. Бундай уринишлардан қатъи назар бу ишда эркакларга аёлларга етиш муяссар бўлмаяпти ва афтидан, муяссар бўлиши ҳам даргумондек. Мен ўтган асрда ҳаддан ташқари кўп ичилган демоқчи эмасман, шунчаки умид уйғотувчи далилларнинг йўқлигини эслатмоқчиман холос. Аммо эркаклар ҳаракат қилишяпти. Улар ҳозирги пайтда, жумладан, “Амра” ресторанининг устки қаватида кўп ва қизғин ўйнамокдалар.
Бу ерда Виктор Максимович икковимиз ҳам гоҳида бўшаган шахмат тахтаси олдига жойлашиб ўтириб оламиз. Биз деярли бир хил савияда ўйнаймиз. Виктор Максимович айрим ишқибозлар ва хатто, афсуски, улуғ гроссмейстерлардан одоблироқ (Мана, инсонга хос ақлий кобилиятнинг чексизлиги ва ахлоқий хусусиятларининг чекланганлиги ўртасидаги ҳам кулгили, ҳам қайғули каттакон жарлик!). Демоқчиманки, у ўйин чоғида ниҳоятда хушмуомала бўлади. Бу фазилатни шунинг учун ҳам қадрлаш керакки, Виктор Максимович мағбулиятга учрашни худди ўйинқароқ болакайга ўхшаб жуда ёмон кўради.
Бир куни ўйин чоғида унинг шоҳи мот бўлиш тўрига тушгани аниқ бўлиб қолди. Мен бундай вазиятда шошқалоқлик килмаслик, аҳмоқона йўл юриб кўймаслик ва шоҳнинг тўрдан қутулиб чиқиб кетмаслиги учун баҳузур ўйга чўмдим. Аммо Виктор Максимович одатдагидек енгилишни хоҳламас, шунинг учун менинг узок ўйга толишимга унинг асаблари дош беролмасдан, менинг тошимни чангаллаб, ўзаро бир неча юришлар қилгач, эълон қилди:
— Мот!
Шундай қилиб, ўзига ўзи мот кўяр экан, у бу ишни ўз қўли билан қилиб, бир ҳисобда ўзини эмас, мени мот қилди гўё. Мана, у мағлубиятни қанчалик ёмон кўради!
Аммо бу гал ўйинимиз унинг ғалабаси томон кетмоқда эди. Иссик қуёшли кун эди. Биз чодир остидаги стол атрофида ўтирган эдик. Денгиздан енгил эпкин эсиб турибди. Кутилаётган мағлубият мен учун катта фожиа бўлиб туюлмаяпти.
Ёнимиздаги стол атрофида ашаддий шахмат ишқибозлари уймалашиб туришибди. Енгилган ўйиндан чиқиб кетади. Ўрин алмашишга ўйнашар, ўзининг навбати келишини кутиб турганлар ўйнаётганларнинг юришларини таҳлил қилиб, уларга маслаҳатлар беришар, ҳазил-мутойиба қилишарди. Улар орасида Турк деган оддийгина лақабли энг ашаддий ишкибоз алоҳида ажралиб турарди, чунки у аслида ҳам турк эди.
Виктор Максимович ўйинни ғолибона якунга етказди. Мен ўйинни янгидан бошлашга қистамадим. У ўриндиққа ястаниброқ ўтириб, менга шундай бир ҳикоя туҳфа килди:
— Менинг ҳаётимда ўлим даҳшати бутун борлиғимни чангаллаб олган ҳолатлар кўп бўлган. Бу даҳшатни ҳамиша енгиб ўтишга муваффак бўлганман. Чунки мен уни енгиб ўтишга тайёргарлик кўрганман. Ўсмирлигимдан бошлаб ўзимни бунга чиниқтирганман. Мен муайян шароитларда ўлимни муносиб тарзда кутиб олиш, ўлимни ҳақ деб билиш кераклигига ўзимни ўргатдим. Кўп нарса мана шунга боғлиқ. Ҳеч кимнинг ўзимни таҳқирлашига ва мен турган жойда ҳеч кимнинг таҳқирланишига йўл қўймаслик ўсмирлигимнинг энг буюк шиори эди.
Ҳарқалай, бутун вужудимни қамраб олган ҳақиқий ўлим даҳшатини мен жангда эмас, қамоқхонада эмас, шу ерда, тинч-осуда ҳаётимда бошимдан кечирганман. Ўн йилча аввал мен кўпчилик қатори сув ости овига қизиқиб қолдим. Ўзимга шунақанги бакувват қурол ясаб олдимки, бунақаси нафақат ватанимизда ишлаб чиқарилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган қуроллар орасида ҳам йўқ эди. Менинг нафасим аъло даражада эди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: денгиз соҳилида ўсганман, болалигимдан сувга чукур шўнғиганман. Кейинроқ бокс билан, енгил атлетика билан шуғулланганман. Сув ичида қийналмасдан уч-тўрт дақиқа тура олардим. Овдан камдан-кам ҳолларда балиқсиз қайтиб келар эдим.
Кунлардан бир куни сув ости қоясининг яқинида шўнғиб, кенгпешана лобан балиғини кўриб қолдим. У сув ости қоясидан бир неча сантиметр узоқликда сузгичларини қимирлатиб турар эди. Мен оҳиста сузиб яқинлашдим-да, кўзлаб туриб, тепкини босдим.
Одатда ўқ отилганидан кейин ғаввос сув юзасига сузиб чиқади. Агар ўқ балиқни тешиб ўтган бўлса, уни ўққа боғланган ип билан тортиб олади. Чиқариб, белига боғлайди-да, қуролини қайта ўқлаб яна шўнғийди. Агар ғаввоснинг ўқи балиқка тегмаса ёки балиқ бир амаллаб ўқдан қутулиб чиқса, ғаввос қайта ўқлаб шўнғийди. Ўққа боғланган пишиқ капрон ип ғаввоснинг белига боғланган бўлади.
Бу гал отган ўқим лобанга тегмагач, мен сув юзасига чиқа бошладим. Сув юзасига тахминан ярим метрча колганида дафъатан сезиб қолдимки, ўқ боғланган ип таранг тортилиб, мени сув юзасига чиқишга қўймай турибди. Ўқ қоянинг бирон тирқишига қисилиб колгану, у ерда чиқмай турганини тушундим. Белимдаги пичоғимни пайпаслаб уни уйда унутиб қолдирганимни эсладим. Борлиғимни қўрқув чулғаб олди. Мен ипни белимдан узиб ташлашга уриндим, бироқ уддалаёлмадим. Ип жуда маҳкам эди. Мустаҳкам таянчсиз сувда туриб уни узиш мумкин эмас эди.
Мана шунда мен ўлим даҳшатини ҳис килдим. Бир неча лаҳзалардан кейин ҳушимни йўқотаман, яна бир неча дақиқалардан кейин эса, жасадим сув юзасидан ярим метрча пастда чайқалади. Табиийки, қаёққа йўқолиб қолганимни ҳеч ким билмайди. Мен тепага карадим-да, нисбатан юпқагина сув орқали кўзларни қамаштиргувчи тилларанг қуёшни кўрдим. Ғайришуурий тарзда қўлимни сувдан чиқардим, гўё у билан ҳавони тутиб, ўзимни сувдан қутқариб олишга уринардим. Аммо бу мумкин эмас эди.
Шунда, қарийб ҳушимни йўқотар эканман, сўнгги имкониятдан фойдаланиб қолишга уриндим. Қояга қадар шўнғиб, оёқларим билан унга таянган ҳолда бор куч билан ипни тортишим керак. Агар ип узилса — тирик қоламан, агар узилмаса — тамом. Бу ҳам айтишгагина осон! Нафасим қайтиб кетяпти. Шунда ҳам: “Ишқилиб, оёқларим билан қояга таянгунимга қадар ҳушимни йўқотиб қўймасам эди”, деган ўйда шўнғияпман. Фақат шу фикрга, фақатгина шу бир фикрга маҳкам ёпишган ҳолда ипни қўлимда йиғиштирган кўйи қояга қадар шўнғиб бориб, унга оёқларимни тирадим-да, бор кучим билан ипни тортдим-у ҳушимни йўқотдим.
Неча лаҳзалар ёхуд дақиқалардан кейин сув юзасида ҳушимга келганимни билмайман. Аҳволим эрталаб қаттиқ безгак тутиб уйғонганда қандай бўлса, худди шундай: жисмим пачоқлаб ташлангандек. Соҳилга қадар беш юз метрлар бор. Бир амаллаб сузиб бордим. Соҳил томонга сузиб бораётиб ҳаётимда биринчи маротаба сузишга ҳолим келмай чўкиб кетишдан қўрқдим. Ўзимга болаликдан севимли бўлган денгиз биринчи маротаба мени ижирғантирди, гўё илимилиқ ва қўланса бўтана ичида сузиб бораётгандекман.
Қирғоқда ўпкамдаги сувни йўталиб чикардим, ошқозонимдаги сувни қайт қилиб ташладим. Дам олиб ётдим. Сўнг уйга кетдим.
Ўн кунча ўзимни ҳолсиз сезиб юрдим-да, сўнг аслимга қайтдим. Кунлардан бир куни денгизда сузиб кетяпман. Соҳилдан ўн беш-йигирма метрча сузиб бораётиб кутилмаганда юрагимнинг қандайдир қўшалок тарзда уриши-ю бир лаҳза тўхтаб қолишини сездим. Эҳтимол, икки-уч лаҳза тўхтаб ҳам қолаётгандир — билмадим. Аммо шунақанги ёкимсиз бир туйғуки, асти қўяверасиз.
Шунда бир кун аввал ичганимни эсладим-да, сабаби мана шунда бўлса керак деб ўйладим. Бундан аввал бирон марта юрагим панд бермаган эди, биринчи маротаба шундай бўлиши эди. Яна сузиб кетдим. Кутилмаганда тағин юрагим қўшалоқ тарзда уриб, сўнг худди уришдан тўхтагандек бўлди, гўё ҳозир сув бўғзимга тиқилиб кирадигандек. Юрагимнинг яна безовта бўлишидан қўрқиб, оҳистагина соҳил томонга суза кетдим.
Эртасига эрталаб сувга шўнғидим-да, юрагимнинг уришига қулок солдим. Афтидан, ҳаммаси жойида. Мана шунақа, дейман ўзимча, ёш ўз кучини кўрсатиб бошлади, юрак ҳам ичганимдан кейин безовта бўлишга тушди. Шундай деб ўйлашим билан кечаги ҳол тағин такрорланди. Юрагимдан қаттиқ жаҳлим чиқиб, унинг безовталанишига парво қилмаган ҳолда сузавердим, сузавердим. У безовталанаверди. Мен сузавердим. У безовталанаверди. Ахийри чидаёлмай қолдим. Муҳими шунақанги ҳолатдаки, юрагим фақат шу икки-уч лаҳзагагина уришдан тўхтаяпти. Узоқроқ фурсатга ҳам тўхтаб қолиши мумкин-ку. Ана ўшанда тамом.
Мен барибир тезда таслим бўлмадим. Шуни сездимки, соҳилдан йигирма-ўттиз метр ичкарига сузиб кирганимдан кейингина юрагим безовталана бошлади. Балки бу кандайдир чуқурликдан ғайришуурий бир қўрқувдир. Атайин денгизга қайиқда сузиб чиқаман, ундан ўзимни сувга отиб сузаман-да, агар бу айнан чуқурликдан қўрқиш ҳисси бўлса, уни енгиб ўтмоқчи бўламан. Аммо у ерда ҳам айни ўша антиқа руҳий ҳолат чулғаб олди. Охирги маротаба минг машакқатлар билан қайиққа қайтиб чиқиб олдим. Юрагимнинг безовталиги ва бир муддатга бўлса-да тўхтаб колиши шу қадар мени қўрқитиб юборди.
Ахийри шифокорга кўринмоқчи бўлдим. Терапевт юрагимнинг уришига қулоқ солиб, электрокардиограммага жўнатди ва ахийри менга:
— Юрагингиз йигирма яшар йигитчанинг юрагидек. Мен ҳеч нимага тушунмаяпман. Сиз руҳшуносга кўринишингиз керак, — деди.
Мени Мухусдаги энг машҳур руҳшунос билан таништириб қўйишди. Суҳбат асносида у бошини жаҳлдор хўроз каби қуйи солиб, қовоғини уйиб ўтирди-да, ҳар бир гапимни энсаси қотиб эшитди.
Гапларимни бўлиб, аллақандай тушунарсиз атамаларни қалаштириб ташлади, бироқ менга нима бўлаётганини тушунтириб беролмади. Менинг сув ости ови ва бошқа сузишларим ҳақидаги жамики ҳикояларимни тинглаб бўлгач, у гўёки энг асосийсини сир сақлаётганимни фош этаётгандек, учар қанотим ҳақида гап қўзғади.
Афтидан, кимдир унга менинг қўл кучи билан ҳаракатланадиган учар ускуна яратишга уринаётганимни айтганга ўхшайди. Қачондан буён бу иш билан шуғулланаётганимни сўради. Учар канот яратиш фикри сизда фронтда контузияга учраганингиздан кейин пайдо бўлмадими мабодо, яхшироқ эслаб кўринг, деб маслаҳат берди. Бундан қандай мақсадларни кўзлаганим, учар қанотдан йиқилиб тушган чоғларимда қандай жароҳатлар олганим, шунга ўхшаш тафсилотларни сўраб-суриштирди.
Мен янгича учоқ билан кўпдан буён шуғулланиб келаётганим, денгизда бошимдан кечирганларим билан унинг ҳеч бир алоқаси йўқлигини босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилдим.
— Ниманинг нимага алоқаси борлигини мен сиздан яхшироқ биламан, — дея гапимни бўлди у.
Шундай дея тағин бошини хўроз каби қуйи солинтирган кўйи мендан жудаям хафалигини изҳор килиб, агар мен учар қанот билан шуғулланишни бас қилмасам, ўзимни аввалига денгизда (бу бошланиши!), кейин қуруқликда тобора ёмонроқ ҳис қила боришим, ана ундан кейин, ҳойнаҳой, буткул ақлдан озгач, ҳавони ўзимнинг ягона яшаш жойим деб эълон қилишимни айтиб огоҳлантирди.
Эҳтимол, мен андак муболаға қилаётгандирман, аммо, ростини айтсам, менинг олдимда кип-қизил жинни ўтирар эди. Мен унинг савол аралаш огоҳлантиришларига жавоб кайтарар эканман, қариндошларимдан ҳеч кимда туғма ақлий ноқислик аломатлари бўлмаганини айтганимда у асабий тарзда ўшқириб берди:
— Бу қанақаси, сиз менинг олдимга даволангани келдингизми, ё ҳаммасини рад килгани?!
Хуллас, бу ё илм, ё беморлар сабаб томи сал кийшайиб колган одамдан базўр қочиб қутулдим. Энди нима қилиш керак? Яна бир-икки марта сузишга қаракат килиб кўрдим, аммо ҳаммаси яна такрорланди. Ана шунда денгизда сузишдан ҳам, сув ости овидан ҳам воз кечишга тўғри келади, деган хулосага келдим. Бу ҳам қарилик аломати, дея ўзимни ўзим овутдим мен, қарилик деганлари ҳар бир одамга ҳар хил тарзда келади.
Мени денгиз билан, ҳарқалай, қайиқ боғлаб турар эди. Бўш пайтларимда қайикда туриб ов қилишим мумкин эди. Шу бир имкониятдан фойдалана бошладим. Орадан бир йил ўтди. Денгизда бошқа чўмилмадим. Сув остидаги ов қуролини бир ишқибозга совға қилиб юбордим. Кунлардан бир куни апрелда, соҳилдан тахминан бир километр ичкарида бир қўшни болакай билан ов қилиб ўтирибман. Бу айёрона чақнаб турган қора кўзли ўн яшар ажойиб болакай отам билан дўст бўлган ўз бобосига жуда-жуда ўхшаб кетар эди. У бобоси ва онаси билан бирга, отасиз яшар эди. Отаси оиласини ташлаб кетганди. Эҳтимол, бир жиҳати шунинг учун ҳам болакай менинг олдимга келиб, учар қанот атрофида гиргиттон бўлаётганимни соатлаб томоша қилиб ўтирар эди. Гоҳида мен уни балиқ овига олиб кетар эдим.
Биз қармоққа балиқни алдаш учун ўйлаб топилган турли рангдаги мунчоқларни илиб, ставрида (балиқ турларидан бирининг номи) овлаймиз. Овимиз бароридан келиб турибди, бироқ оқим ҳам ўз ишини қиляпти. Натижада биз балиқ галасидан узоклашиб кетамиз. Вақти-вақти билан эшкак эшиб, мўлжалнинг устида тўхтаймиз. Кутилмаганда тобора яқинлашаётган моторли қайиқнинг шовқини эшитилади. Мана, у бизга сув сачратди ва қайиғимизни катта тўлқинда чайқалтириб шундоққина ёнимиздан ўтиб кетди. Ортидан қарарканман хохолаб кулганча рулни бошқариб кетаётган балиқчини кўраман. Унинг ёнида яна биттаси ўтирибди. Ичиб олганлари аниқ. Уларнинг қайиғи кескин бурилганини кўриб, ҳозир тўнтарилиб кетади деб ўйладим. Бироқ қайиқнинг мотори кучли экан.
Қармоққа балиқ кетма-кет илиниб турибди. Биз тағин овга шўнғиб кетдик. Мен маст-аласт балиқчиларни ҳам буткул унутдим. Тахминан ярим соатлардан кейин тағин мотор товуши эшитилди. Аммо бу гал моторли қайиқ, афтидан, масофани чамалаб кўрмай, бизга шу қадар яқин келдики, қайиғимиз у ҳосил қилган катта тўлқинда тўнтарилиб кетди.
Ҳаммаси бир лаҳзада рўй берди. Қайиғимизни ағдариб кетган ярамаслар нима бўлганини сезмаслиги мумкин эмас эди. Афтидан, қайиғимиз тўнтарилиб тушганини кўриб-билиб, содир бўлган воқеага тегишли жавобгарликдан қўрқиб, улар шаҳар томонга ошиғич сузиб кетдилар. Тез орада мотор овози ўчди.
Ўзимни сувда кўриб, қайиқ тўнтарилганда болакай лат емадими экан, дея қўрқиб кетдим.
— Ҳеч нарса қилмадими? — деб сўрадим ундан.
— Йўқ, — деб жавоб қилди болакай ўта хотиржамлик билан. Унинг балиқдек чаққон суза олишини билар эдим, бироқ апрель ойи — сув ҳали муздек. Биз ўзимизга келиб, мен болакайнинг қошига сузиб келгунимга қадар қайиғимизни тўлқин ўн беш метрча нарига суриб кетди. Нима қилиш мумкин? Мен, албатта, уни қувиб ета оламан. Аммо, биринчидан, болакайни ёлғиз қолдиришдан қўркдим, иккинчидан, энди ундан нима фойда? Барибир уни тағин ағдариб, ўнглаб қўйишга икковимизнинг кучимиз етмайди. Унинг устига чиқиб, бизни топиб олгунларича кутиш — хавфли. Қирғоққа қараб сузишга қарор қилдим. Анови аблаҳлар қайиқни ағдариб юборганларини ақалли кимгадир айтишар, шунинг учун кимдир бизни қидириб келар деган умидда эдим. Табиийки, уларни сотмайдиган ишончли шерикларига айтишлари аниқ.
Ана шунда мен ўз юрагимни эслаб қолдим. Аммо зумда унутдим. Менинг ёнимда болакайнинг борлиги, уни қандай қилиб бўлмасин соҳилга соғ-омон етказишим кераклиги ҳақидаги фикр бутун борлиғимни банд қилиб олганди. Юрагимни эслар эканман, қарийб шу заҳоти ўша кўксимдаги қўшалоқ уриш ва бир лаҳзалик тўхташни ҳис этдим. Ҳаммаси худди аввалгидек, лекин улардан бир неча баравар кучсизроқ. Гўёки юрагимни безовта қилган куч: “Мен ҳалиям йўқолганим йўқ, аммо шу топда сен менга нисбатан бақувватроқсан”, деб тургандек.
Мен буни яққол ҳис қилдим. Болакай ҳақида қайғуриш бошқа дардларимни миямдан сиқиб чикарди. Мен унинг қошига яқинроқ сузиб келиб, кўйлагининг тугмаларини ечдим. Бир қўлим билан уни кўтариб туриб, “Ечин!” деб буюрдим.
У кўйлагини майкасига қўшиб ечиб ташлади. Мен сувда унинг оёғини пайпаслаб топиб, пойабзалини ечдим. Сўнг унинг шимидаги қайишини пайпаслаб топиб, бўшатдим. Болакайни елкамга олган кўйи шимини ҳам ечиб ташладим. Ўзимнинг кийимларимни ҳам ечдим. Кийимларимиз оқим бағрида биздан тобора узоқлашди. Биз фақат калта иштонда қолдик.
— Сен ҳечам қўрқма, — дедим болакайга ўзимни имкон қадар хотиржам кўрсатиб, — биз албатта соҳилга қадар сузиб борамиз.
— Қўрқаётганим йўқ, — деб жавоб килди у, — фақат мен тушунмаяпман: нега улар қайиғимизни ағдариб кетишди?
Унинг қора кўзлари рўй берган воқеанинг мазмун-моҳиятини англаб етишга уриниб, менга диққат билан тикилиб қаради.
— Ичиб олган тентаклар-да, — дедим мен, — аммо сен ҳечам қўрқма. Биз қирғоққача сузиб бора оламиз.
Айни лаҳзаларда болакайнинг кўриниши яхши, аммо мен биламанки, совуқ тағин ўн беш дақиқалардан кейин ўз кучини кўрсата бошлайди. Қишлоғимиз жойлашган ям-яшил соҳил бу ердан сув бағрида чайқалиб тургандек кўринади. Мен денгиз сатҳига тикилиб карадим. Аммо яқин атрофда биронта қайиқ кўзга ташланмайди. Йилнинг бу пайтида бу ерларда камдан-кам ов қиладилар.
— Витя амаки, — деб сўради болакай орадан бир муддат ўтиб, — қайиғингиз энди тамом қўлдан кетдими?
— Йўқ, — дедим мен, — оқим уни Гулрипшоҳ тарафлардаги қирғоққа чиқариб ташлайди.
Ўн беш дақиқалар ўтиб, кутганимдек, болакайнинг думалоқ юзи оқариб-кўкара бошлади. Аммо у ҳозирча яхшигина сузиб турибди. Мен фақат унинг оёқ томирлари тортишиб қолишидан қўрқяпман. Оғриқ забтидан у ўзини идора қилолмай қолиши мумкин. Бундай тақдирда уни соҳилгача оборишим даргумон. Яна ўн дақиқалар ўтиб, унинг юзи кўкимтир тусга кирганини кўрдим.
— Совқотдингми?
— Йўқ.
Ўзимнинг тишларим такиллай бошлади. Болакай ҳалиям ўзини бардам тутяпти.
— Тўхта, баданингни ишқалайман, — дедим.
Мен унга яқинрок сузиб келиб, бир қўлим билан сувда мувозанатимни сақлаган ҳолда иккинчи қўлим билан кучим борича унинг елкалари, қорни, оёқларини ишқаладим.
— Оғрияпти, — деди у кутилмаганда.
— Чида, — дедим мен, унинг баданини бор кучим билан ишқалар эканман.
— Керак бўлса, чидайман, — деди у ва лабини тишлади.
Мен унинг қовурғалари саналиб турган озғингина баданини ишқалашга шу қадар кўп куч сарфладимки, қўлларим қотиб колди. Аммо унинг юзидан тупроқ ранги кетиб, рангига қон югурди. Биз тағин сузишда давом этдик.
— Чарчамадингми? — сўрадим бир оздан сўнг.
— Йўқ, — деди у ва бир муддат ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: — Барибир сузишимиз керак-да.
Биз сузишда давом этдик. Мен унга аввалбошда қулочкашлаб эмас, ўзим ўргатганимдек, брасс усулида сузишни тайинлаган эдим. Қулочкашлаб сузганда қўллар нисбатан тезроқ толиқиб қолади.
— Витя амаки, — деб сўради болакай менга ғамгинлашган кора кўзларини тикиб, — одам маст бўлганида жиннига ўхшаб қоладими?
Афтидан, у ҳали-ҳануз қайиғимизни ағдариб кетганлар ҳақида ўйлар эди.
— Улар аблаҳ одамлар, — дедим мен, — одам ичиб олганида, агар аблаҳ бўлса, унинг аблаҳлиги юзага чиқади.
Болакай бир бош чайқаб, сузишда давом этди. Унинг юз ифодасидан нима ҳақдадир берилиб ўйлаётгани сезилиб турар эди.
— Улар ҳам қизғанчиқларга ўхшар экан-да, — деди у бир оздан кейин, менга бир кўз ташлаб, — Жорикнинг велосипеди йўқ пайтида мен унинг қизғанчиқлигини билмас эдим, энди бўлса, биламан.
— Тўппа-тўғри, — унинг гапини маъқулладим мен.
Бир оздан кейин ўзим совқотиб кетаётганимни сездим. Болага қарадим. Унинг юзи тағин кўкариб келмоқда эди.
— Тўхтаб тур, — дедим мен ва унинг ёнига сузиб келдим.
Тағин уни бир қўлим билан сув юзасида тутиб, иккинчи қўлим билан баданини ишқаладим. Мен бор кучим билан ишқадим, аммо у чидаб, ингранмади. Бир қўлим қотиб қолганида, иккинчи кўлим билан ишқаладим.
Яна унинг рангига қон югурди. Биз сузишда давом этдик. У чарчаб қолганини кўриб турган бўлсам-да, тағин совқотиб қолишидан кўрқиб тўхтамадим. Гоҳида бир муддат ўз юрагимга қулоқ солиб кўрдим, аммо мутлақо безовта бўлмаяпти. Ўзим ҳам нимагадир унинг безовта бўлолмаслигини ва безовта бўлмаслиги кераклигини билиб турар эдим.
Соҳилга қадар тўрт юз метрча қолди. Соҳилдаги ям-яшил дарахтлар аниқ-равшан кўзга ташланмокда эди. Кутилмаганда ўнг оёғимнинг томири тортишиб қолаётганини сездим. Оёғимнинг оғриғи билан баравар болакайнинг тақдирига қайғуриш ҳиссини ҳам теран туйдим. Оғриқни сездирмасликка уриниб тағин болакайнинг қошига сузиб келдим-да, унинг баданини ишқалай бошладим. Энди бир оёғим ўзимга мутлако бўйсунмас, шу боис сувда мувозанатни сақлаш анча мушкуллашган эди.
Агар чап оёғимнинг ҳам томири тортиша бошлагудек бўлса, унинг баданини ишқалаб қиздириш имкониятини ҳам қўлдан бой беришим мумкинлиги мени қаттиқ безовта қилмоқда эди. Шунинг учун улгуриб қолишга ҳаракат қилдим. Мен унинг тўпиғигача қўл югуртириб, нимжонгина қовурғалари-ю куракларини пайдар-пай ишқаб, қорнини уқаладим. Афтидан, аҳволнинг нақадар жиддийлигини ҳис қилиб ҳаммасига чидади, фақат гоҳида беихтиёр иҳраб юборар эди.
Ахийри тағин унинг рангига қон югурди, мен енгил нафас олдим. Ўзимнинг чап оёғимнинг ҳам томири тортишиб қолмаслиги учун уқалаб қўйсам ёмон бўлмасди деб ўйлаган ҳам эдимки, беихтиёр чинқириб юборишдан ўзимни базўр сақлаб қолдим: чап оёғимнинг ҳам томири тортиша бошлади.
Иккала оёғим ўзимга бўйсунмаса-да, чўкиб кетмас эдим, чунки уста сузувчи эдим, аммо энди бу ёғи нима бўлишини билмасдим. Томир тортишишу тиришиш агар қорин пайларига қадар етиб келса, одам на ҳаракатланолмай, на қад ростлаёлмай қолади, деб эшитган эдим. Жон-жаҳдим билан ўз қорнимни ишқалаш, чимчилаш, тимдалаш билан машғул бўлдим.
Қирғоққа қадар икки юз метрча қолган эди. Энди мен бир қўллаб сузганимча болакайнинг ортидан базўр улгурмоқда эдим. Соҳил ҳам, денгиз ҳам кимсасиз эди, бинобарин, кўмак кутиб бўлмас эди. Бир қўлда зўриқиб сузганим учун бўлса керак, юрагим бўғзимга келиб тиқилгандек бўлмоқда эди. Э, Худо, дея илтижо қиламан ўзимча, яна юз метрга чидагулик куч ато эт ўзинг, нарёғига менга бир нима бўлган тақдирда ҳам болакайнинг ўзи соҳилгача сузиб бора олади. Шундан кейин мен, афтидан, бир муддат ҳушдан кетганга ўхшадим. Ҳушимга келиб қарасам, гарчи менинг сузиш тезлигим камайса камайгандир, лекин зиғирча ҳам оширишим мумкин бўлмаса-да, болакай ортимда қолиб кетибди. Тўхтаб уни кутиб турдим. У ёнимга етиб келди. Ранги бўздек окариб кетган.
— Онамга ачиняпман, — у кутилмаганда шундай деди-да, гапини давом эттиришдан уялгандек жим қолди.
— Нималар деяпсан! — қичқириб юбордим мен. — Қарасанг-чи, соҳилга қанчалик яқинлашиб колдик.
У менга ҳеч нима деб жавоб қилмади. У ажойиб болакай эди. То сўнгги лаҳзаларга қадар ўзини мардона тутди. Сўнгги метрларни мен ярим беҳуш ҳолатда сузиб ўтдим. Соҳилга чиқараверишда оёққа турмоқчи бўлдим, аммо нега оёқларим гавдамни тутиб туролмаганига дарров тушунмаган ҳолда йиқилиб тушдим. Болакай сувдан чиққан заҳоти ўзини иссиқ қумга ташлади. Мен судралиб соҳилга чикдим. Энди ҳар икки оёғимнинг томири тортишиб акашак бўлиб қолганини яширишимга ҳожат йўқ эди.
Оқим бизни ўз қишлоғимиздан беш юз метр олисга суриб кетибди. Болалик нақадар яшовчан! Ярим соат ўтар-ўтмас болакай қумда бемалол ўйнаб-қувнамоқда эди. Мен бўлсам, икки соатлардан кейингина оёққа тура олдим. Кун жуда иссиқ эди ва мулойимгина денгизга қараб туриб биз ҳалигина у ерда музлаб қолгудек бўлганимизга ишониш мушкул эди.
Биз қирғоқ бўйлаб ўз қишлоғимиз томон йўл олдик. Ўйлашимча, болакай уйида бор ҳақиқатни гапирмагани маъқул. Онасини ранжитишнинг нима кераги бор? Буларнинг ҳаммаси соҳилга яқин жойда бўлиб ўтди дейиш мумкин. Аммо кейин бу фикримдан қайтдим. Яхшиси, нима бўлганини рўйирост айтгани маъқул! Болакайнинг биринчи ҳақиқий ғалабаси, бу — ўзига хос байрам, нега энди сир тутиши керак?
Ўша куни чегарачилар менинг қайиғимни судраб келишди. Аммо мен бу ишни шундоқ қолдирмоқчи эмасман. Бахтимизга, на болакай, на мен шамоллаб қолмадик. Икки-уч кун ўтиб, шаҳарга йўл олдим. Ўша моторли қайиқ рулини бошқарган, бизга қараб масхаралаб кулган одамни эртадир-кечдир топишимни билар эдим. Уларнинг ҳаммаси баайни тухум босиб ётган товуқлардек ҳаттоки денгизга чиқмаган пайтларида ҳам қайиқлар боғлаб қўйиладиган жойга йиғилишади.
Мен у ерга кирганимда унинг домино ўйнаб ўтирганини кўрдим. Балиқчилардан айримлари мени феъл-атвори ғалатироқ зиёли деб билишар, аммо улардан ҳеч бири билмас эдики, мен камоқхона кўрган қирриқман.
Стол қошига келдим. У мени танигани учун эмас, ўзининг жиноятига боғлиқлигимни тахмин қилгандек бошини кўтариб менга маъноли тикилиб колди.
— Милицияга борамизми, ё шундоқ гаплашамизми? — сўрадим ундан.
Мен унинг булардан қай бирини афзал кўришини билар эдим. Мен ҳам шунисини афзал кўрмоқда эдим.
— Шундоқ гаплашсак гаплашаверамиз, — дея пўнғиллади у, бу суҳбат ўзига неча шишага тушишини яхшигина фаҳмлаб.
— У ҳолда анави ёққа бор, — дедим унга балиқчилар ўз моторлари ва бошқа анжомларини сақлайдиган ҳужрачалардан бирига ишора қилиб. У жимгина ўрнидан туриб, ўша томонга кетди.
Мен балиқчиларга унинг қилмишини қисқача гапириб бердим. Улар эса бунга жавобан қаттиқ таажжубланиб “оҳ-воҳ” қилишди. Уларнинг таажжублари бир пулга қимматлигини мен билар эдим. Таажжублана туриб улардан бири ҳазил аралаш гап қилди:
— Бу ерда, Максимич, ярим литрсиз масалани ҳал қилиб бўлмас экан…
Бошқаси мени муроса-мадорага чақириб деди:
— Ҳа энди, йигитчалар рулни эркинроқ бошқариб, сал ҳазиллашган экан-да…
Барзанги турган ҳужрачанинг қошига келдим-да, уни ичкарига бошлаб кирдим. Ҳаттоки болалик чоғларимда ҳам ҳеч қачон биринчи бўлиб қўл кўтармаганман. Қамоқда кўпинча бошқани ҳимоя қилиб шундай йўл тутишга тўғри келган. Юриб кетаётиб унга бир мушт туширдим. Унинг боши чайқалиб кетди, лекин йиқилиб тушмади. Наҳотки қўлим кучсизланиб қолган, деб ўйладим мен ва унга иккинчи муштни туширдим. Шунда у шохи қайрилган буқадек чўккалаб қолди.
— Нима, мен ёлғиз эдимми?.. — дея минғирлади у бошини чайқаб, оғзидан оқаётган қонни артар экан.
Мен болакайнинг ҳоли не кечиши мумкинлигини дафъатан тасаввур қилдим-да, қаҳр-ғазабдан ўтдек ёниб кетдим: менинг бу ёғи билан ишим йўқ, аблаҳ, сен ўз ҳаётингнинг қадрига ҳам етмас экансан-ку!
— Рул сенинг қўлингда эди, — дедим мен унга, анчагина оғирлашиб қолган гавдасини икки қўлимда тутган кўйи дона-дона килиб, сўнгра тумшуғига яна бир мушт туширдим. У энди узил-кесил сулайиб қолди.
Тахминан бирор ойдан кейин тасодифан ўша қайиқлар қўноғига йўлим тушиб қолди. Домино ўйнаб ўтирганлар қошидан ўтар эканман, ҳаммалари ўринларидан сапчиб туриб, мен билан хурсанд ҳолда саломлашдилар. Бундай қизғин саломлашишнинг тагида қандай маъно борлигини яхши тушунмадим: менга қуйиб берилиши керак бўлган ичкиликдан ҳотамтойлик билан воз кечганимми ёки бу аҳмоқ билан қанчалик жадал ҳисоб-китоб қилганимми? Афтидан, улар масаланинг ҳар икки жиҳатига қойил қолишган.
Мана шундай, денгизда чўмилишдан бир йилгача маҳрум бўлиб, сўнгра болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиб, юрагимнинг сирли безовталикларидан бутунлай халос бўлдим. Ўшандан кейин юрагим бирон марта безовта бўлмади. Қизиқ, буни эшитса, томи қийшайиб қолган руҳшуносим нима деган бўлар эди? Толстой буни, адашмасам, “ўзликдан кечиш” деб атаган. Халқ бундан ҳам аниқроқ айтади: пона пона билан олиб ташланади…
Айтгандай, агар мен қомусий билим эгаси бўлганимда эди, ўз ҳаётимни халқ мақоллари ва маталларида бир тутамгина қилиб ифодалаган, қатъий аминманки, оламшумул фикрларни очиб кўрсатишга бутун ҳаётимни бағишлаган бўлар эдим! Қанақанги мароқли иш бўлар эди бу! Рус тилида, менимча, бунақанги китоб йўқ. Аммо у бошқа халқларда борми экан? Шахсан мен эшитмаганман.
…Шу билан Виктор Максимович ўз ҳикоясини тугатди. Биз яна бир муддат ўриндиқда ёнма-ён ўтирган кўйи қаҳва ичиб ҳам шахмат ўйнаб маза қилишаётган ишқибозларга паришонхотирлик билан тикилиб қолдик.
У ерда энди Турк ўз рақибига қарши дона сурмоқда эди. Атрофида эса, ўйинчилар устидан кулиб ҳам бой берилган имкониятларни қизғин муҳокама қилиб, жонкуяр томошабинлар туришибди.
Музқаймоқ сотувчи аёл аввал ҳам бир неча маротаба келиб, музқаймоқ харид қилишларини сўраб, беҳуда овора бўлган эди. Ҳозир, афтидан, янги, нисбатан унавчанроқ харидорлардан умидвор бўлиб тағин келди. Лекин шунда Туркнинг тоқати тоқ бўлди.
— Шу қутининг ичидаги ҳамма музқаймоқ неча пул туради? — деб сўради у сотувчидан.
— Йигирма сўм, — дея бажонидил жавоб берди аёл.
— Қутининг ўзи-чи? Неча пул туради? — қизиқишда давом этди у.
— Беш сўм, — ўша-ўша алфозда бажонудил жавоб қилди аёл.
Турк чўнтагидан ҳамёнини чиқариб, ундан учта ўн сўмликни олди-да, аёлга узатди.
— Нега? — сўради музқаймоқ сотувчи аёл, аммо нимагадир узатилган пулларни олди.
— Ҳозир кўрасан негалигини, — деди Турк ва унинг қўлидаги ям-яшил музқаймоқ қутисини олиб, денгизга улоқтирди.
Бундай зукколик ва қизиққонлик билан топилган йўлни ҳеч ким кутмаган эди. Шахмат ишқибозларининг баралла кулгилари ва музқаймоқ сотувчисининг “оҳ-воҳ”лари остида биз меҳмондўст “Амра” палубасини тарк этдик. Бундай вазиятларда шахмат оламидаги кутилмаган ноёб ечимнинг туғилиши амримаҳол, албатта. Аммо токи мардлик-тантилик билан қилинган саъй-ҳаракатлар ҳали сақланиб қолган экан, эҳтимолки худди ана шундай саъй-ҳаракатларнинг шарофати билан дунёда тинчлик-тотувлик қарор топиб, олам гулистон бўлади. Сизга сабр-тоқат ва мардлик-тантилик тилайман, дўстлар.
Отаули таржимаси