Марио Бенедетти. Яшил пиёла (ҳикоя)

Қаҳва пиёлалари олти дона эди – иккитаси қизил, иккитаси қора, иккитаси яшил. Бу нафис чинни идишчаларни Марианага дугонаси Энрикета туғилган кунида совға қилган эди. Ўша-ўша бир тусли пиёлани бошқа пиёланинг тақсимчасига қўшиб ишлатиш мумкинми, йўқлиги ҳақида баҳс-мунозара тўхтамасди. Энрикета қизил пиёла билан қора тақсимча бағоят гўзал кўринади, деганди ўшанда. Аммо табиатан ўжар Мариана бир хил рангдаги идишчаларни ишлатишни яхши кўрарди.
– Қаҳва тайёр. Олиб берайми? – эридан сўраган бўлса ҳам, унинг нигоҳи қайнисида эди. Қайниси бу саволга жавобан кўз қисиб қўйди, Хосе Клаудио ҳомуза тортди.
– Тура турсин, ҳозирча. Битта чекиб олай.
Мариана бу сафар эрига тикилиб қараркан, доимгидек унинг кўрмаслигидан гумонсиради. Дарҳақиқат, Хосе Клаудионинг кўзлари кўр кишининг кўзларига ўхшамасди.
Хосе Клаудио диванни аста пайпаслай бошлади.
– Нима керак? – деб сўради Мариана.
– Чақмоқтош қани?
– Ўнг томонингда.
Хосе Клаудио хотини айтган тарафни пайпаслаб, чақмоқтошни топди. Бир амаллаб уни ёқди-ю, бироз тараддудланиб қолди, афтидан, у аланга тафтини яхши илғаёлмаётганди. Буни кўрган Алберто гугурт чақиб, унга тутди.
– Ташлаб юборишга кўзинг қиймадими? – деб сўради Алберто жилмайиб. Хосе Клаудио укасининг гап оҳангидан ишлаётганини фаҳмлади.
– Йўқ, ташлаб юборолмайман. Бу чақмоқтош мен учун жуда қадрли, Мариана совға қилган.
Мариана оҳиста тилини тишлади-да, беихтиёр хаёлга толди. Ўтган кунлар эсига тушди. 1953 йили Хосе Клаудио 35 ёшга чиққанда кўзи ҳали равшан эди. Улар – Мариана билан Хосе бўлғуси қайнотасиникига меҳмонга боришганди. Тушликдан сўнг иккови денгиз бўйига жўнади. Хосе унинг елкасидан эркалаб қучди, Мариана ўзини тетик ва хушҳол, ҳатто бахтиёр сезди. Ҳарқалай, унинг кўнглини дафъатан ҳаприқтириб юборган туйғу – бахтиёрлик туйғусига жуда-жуда ўхшарди. Улар оқшомга яқин уйга қайтишди. Хосе Клаудио уни бағрига босиб, ҳар доимгидек эркалаб, сочларидан силади. Иккови ғира-шира хонада ўтириб, ҳозиргина сотиб олишган чақмоқтошни ёқиб, сигарета тутатишди. Ана ўша куни Мариана чақмоқтошни Хосе Клаудиога совға қилганди. Энди чақмоқтош эскириб, ишдан чиқди. Мариана иримчи эмасди-ю, лекин ғалати, тан олиш керак, ўша даврдан эсдалик сифатида ҳеч нарса қолмаганди.
– Бу ой ҳам шифокорга бормадик, – деди Алберто.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Хосе Клаудио.
– Бир гап айтайми, сенга?
– Айт.
– Хафа бўлмайсанми?
– Нега хафа бўлай.
– Менимча, яхши қилмаяпсан? Бу, тентакликдан бошқа нарса эмас.
– Бориб нима қиламан. Ҳирсдай бақувватлигимни, жигарим аъло даражада ўз вазифасини бажараётгани, юрагим, асабларим жойида экани ҳақидаги гапларни эшитганими? Шунинг учун бораманми? Ҳеч нарсани кўрмагандан кейин, нима кераги бор бунақа саломатликнинг.
Кўзи соғ пайтда ҳам Хосе Клаудионинг салга аччиғи чиқарди. Бу мусибат бошига тушмасдан аввалги Хосе Клаудионинг сокин чеҳрасини Мариана ҳамон унутмаганди. Дарҳақиқат, Хосе Клаудионинг афт-ангори ўша пайтда ҳозиргидек ташвишли ва серажин эмасди. Умуман, Мариана Хосе Клаудио билан серзавқ ва осуда дамларни кўп бошдан кечирган, у буни яширолмас, яширишни ҳам истамасди. Афсуски, шу мусибатдан кейин, Хосе Клаудио хотинининг ўзига суянчиқ бўлишини хоҳламади. Ундан, унинг қалбидан юпанч изламади. Хотин кишидан мадад кутишни ўзига ор билдимикан?! У ўшандан буён камгап, ичимдагини топ бўлиб қолди. Ҳатто баъзан гапга тушиб кетганда ҳам, унинг дилидан нималар кечаётганини англаб бўлмасди.
– Барибир, шифокорга боришинг керак, – дея қайнисининг гапини такрорлади Мариана. – Шифокор нима деганини унутдингми?
– Унутиб бўларканми? Ҳали умид қилса бўлади, деганди у. Яна бир гапи эсимда қолган: илм-фан мўъжизага ишонмайди. Эсингдами? Тўппа-тўғри айтган, мен ҳам ишонмайман мўъжизага.
– Ноумид шайтон. Умид қилиш одам боласига хос нарса.
– Шуни айтгин-а?..
Хосе Клаудио сигаретини бурқситиб тортганича хаёлга ботди. Мариана табиатан меҳрибон аёл эди, унинг меҳрибонлигидан, очиғи кўнгилчанлигидан фойдаланиш, уни бирон нимага мажбур қилиш осон эди. Унинг меҳрини қозониш қийин эмаслигидан ташқари, барча аёллар каби у ҳам жуда таъсирчан ва берилувчан эди. Тўғри, одамнинг кўздан қолиши – мусибат, лекин энг ёмони бу эмас, энг ёмони Хосе Клаудио иложи борича Мариананинг ғамхўрлиги, меҳрибончилигини истамаслиги ва бунга йўл қўймаслиги эди. Мариана эса, бутун вужуди билан унинг дардига малҳам, ғамига шерик бўлишни истар эди.
Афсуски, илгари шундай эди. Ҳозир эса – йўқ. Кейинги пайтда ҳаммаси ўзгариб кетди. Аввалига меҳр сусайди, эътибор, эркалашлар, кўнгилни кўтаришлар секин-аста оддий бурч нуқтаи назаридан қараганда беихтиёр қилинадиган одатга айланди. Тўғри, у ҳозир ҳам эрининг ташвишида елиб-югуради, уни парвариш қилади, шак-шубҳасиз. Лекин бу унга илгаригидек завқ-шавқ бахш этмасди. Кейинроқ, орада бирон жанжал чиқишидан, эру хотин ўртасида гап қочишдан қўрқиш туйғуси пайдо бўлди. Чунки Хосе Клаудио жиззаки, сержаҳл бўлиб қолди, бора-бора у аччиқ-тизиқ гап билан хотинининг дилини вайрон этишдан, шафқатсиз муомала қилишдан тоймайдиган бўлиб қолди. Мабодо Мариана гап қайтармай, эрининг инжиқликларига чидаб, сабр-тоқат билан итоат қилса ҳам, Хосе Клаудио пичинг, кесатиқ, ҳар хил таҳқиромуз гаплар билан жонини оларди. Буларнинг барчасига кўзининг ожиз бўлиб қолганлиги, аламзадалиги сабабдек туюларди.
Алберто оромкурсидан туриб, дераза ёнига борди.
– Қандай ёқимсиз манзара, – деди у. – Қара! – унинг саволи Марианага тегишли эди. Лекин Хосе Клаудио жавоб берди:
– Нимасига қарай? Мен учун қарайвер.
Алберто Марианага қаради. Улар бир-бирига жилмайиб қўйишди. Умуман, кейинги пайтда Мариана хонада Хосе Клаудио бўлса ҳам қайниси билан бемалол кўз уриштирар, унга сабаб-бесабаб жилмайиб қўяр эди. У ҳатто қайниси ўзига тикилиб қараганда, юзига қизиллик югуришини, кўзлари чақнаб кетишини сезарди. Дарҳақиқат, Албертонинг нигоҳи остида Мариана гул-гул очилиб кетарди. Бу ҳақда қайнисининг ўзи бундан роппа-роса бир йилу саккиз кун аввал, 23 апрель куни кечки пайт илк бор айтганди. Ўша куни Хосе Клаудиодан танбеҳ эшитиб, юраги сиқилган Мариана боққа чиқиб юм-юм йиғлаганди. У ўшанда биринчи марта эрининг бу қилиғини ич-ичидан кечиролмаганди. Ана шу пайтда Алберто келиб, уни юпатганди. Умуман, Алберто юпатишга, кўнгилни кўтаришга моҳир йигит эди. Баъзан у бир-икки оғиз сўз ёки шунчаки бир назар солиш билан Мариананинг дилидаги ғашликни сидириб ташларди. “Раҳмат сенга”, – деганди Мариана ўшанда. Аммо бугун ҳам у ич-ичидан, дилининг қат-қатида алоҳида бир миннатдорчилик туйди. Дастлаб Албертога бўлган меҳри миннатдорчилик туйғусидан нарига ўтмасди. Бир қараганда, унинг бу туйғуси, тўғрироғи, муносабати Албертони қаноатлантирадигандек эди. Ҳолбуки, Мариана учун севиш, ёқтириш қайсидир маънода кимдандир миннатдор бўлиш ва кимнингдир юрагида миннатдорлик туйғусини қўзғата олишни билдирарди. Ҳаётининг энг яхши дамларида у Хосе Клаудиодан тадбиркорлиги, ақлли экани, узоқни кўра билиши ва ўзидек кўзга унчалик ташланмайдиган қизни танлаб уйлангани учун беҳад миннатдор бўлар эди. Аммо эрининг қалбида ҳам мана шундай миннатдорчилик туйғуларини уйғотаман деб янглишган экан. Унинг назарида қачон бўлмасин, ўз оиласи, ҳаётининг безагига, зийнатига айланиши мумкин бўлган миннатдорлик туйғуси, фахрланиш ва фахрланиш баробарида севиш Хосе Клаудионинг қалбида ҳам уйғонадигандек эди. Мариана, ўсимлик оламига қуёш нурлари қанчалик зарур бўлганидек унга шунчалик керакман ва у менсиз бир кун ҳам яшолмайдиган бўлди, дея ич-ичидан ишонарди. Афсуски…
Албертодан эса, у бир оғиз илиқ сўзга муҳтож бўлиб, умидсиз ва ночор кўйга тушганида қўллаб-қувватлагани, овунтиргани ва юрагига умид солгани учун миннатдор бўларди. Зотан, айни чоқда Алберто ҳам Марианадан беҳад миннатдор эди, буни у яхши сезарди. Майли, Алберто оғир-вазмин йигит бўла қолсин, майли, у ўз акасини ҳурмат қила қолсин, ўз тинчлиги ва беташвиш ҳаётини яхши кўра олсин, лекин ҳаммадан бурун Алберто ёш, соғлом ва бўйдоқ йигит эди. Мариана билан Алберто узоқ вақт ўзаро ҳурмат туйғуси билан яшаб келишди. Улар бир-бирини кўрганда беихтиёр қандайдир туйғулар икковининг ҳам юрагида туғён қилар, лекин маълум вақтгача бу туйғуларни яшириб келишганди. Эҳтимол, Алберто акасининг бахтига ҳавас қилар, уни Марианадек сулув қизга уйланган бахтли йигит, деб ҳисобларди. Яқинда, Алберто Марианага бўйдоқлик ҳаётига ҳеч нарса соя солмаётганлиги ҳақида гап очиб қолганда Мариана ўзича қувониб ҳам қўйди.
– Кеча Трельес келганди, – дея гапида давом этди Хосе Клаудио. – Бундай такаллуфнинг кимга кераги бор экан? Бир ойда фабрикадан уч марта кўргани келишади. Тавба, уларнинг қуръа ташлаб ким ютқизса, омадидан нолиб бизникига келаётганини тасаввур қиляпман.
– Нега унақа дейсан, сени ростдан ҳам ҳурмат қилишар, – деди Алберто. – Эҳтимол, сен раҳбар сифатида яхши бир хотира қолдиргандирсан, шунинг учун улар сенинг саломатлигинг ҳақида қайғуришар. Одамлар сен ўйлаганчалик бу қадар тубанлашиб кетишмаган. Нимагадир, кейинги пайтда шунақа ўйлайдиган бўлиб қолдинг.
– Жуда ғалати! Ҳар куни бирон янги гап эшитасан киши.
Доимо Албертодан меҳр, маслаҳат, ширин сўз кутиб юрган Мариана тез орада Алберто ҳам ўзи каби шуларга муҳтож эканлигини, қолаверса у ҳам виждонан қийналаётгани, балки ўзи каби у ҳам ўзини айбдор ҳис қилаётганини сезиб қолди. Умуман, у Албертодан ўзининг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилгани, қадр-қимматини, иззат-нафсини ҳимоя қилишга чоғлангани, ташна қалбини қондира олгани, умидсизлик, хаёллар оғушида қолган кечаларда, изтироб чекиб юрганида умидвор қила олгани учун беҳад миннатдор бўларди. Гўё, ўша пайтда ҳаётларидаги ҳамма нарса уларни қовуштиришга, бир-бирига иқрор бўлишга хизмат қиладигандек эди. Улар бир нигоҳнинг ўзидаёқ нимани истаётгани, нима демоқчи эканликларини фаҳмлашарди. Мана шундай кунларнинг бирида улар хуфиёна учрашишди. Мана шундай кунларнинг бирида Мариана дафъатан дунёда ўзи билан Албертодан бўлак ҳеч кимса қолмаганини ҳис қилиб қолди.
– Ана энди, қаҳвани қайнатсанг бўлади, – деди Хосе Клаудио. Мариана билинар-билинмас хўрсиниб, қаҳва тайёрлашга уннади. У ҳар хил рангдаги учта пиёла келтириб қўйганди. Пиёлаларга қараб туриб, уларнинг бир-биридан бир хил масофада жойлашганини пайқаб, ўзича ажабланди.
Сўнгра у оромкурсига ясланди. Зум ўтмай, худди ўзи кутганидек елкасида, бўйнида Албертонинг қайноқ кафтини сезди. Нақадар ажойиб! Мариана худди шуни кутаётганди, Алберто ҳам унинг дилидагини пайқагандек, сочларини силай бошлади. Алберто илк бор сочларини силашга журъат қилганида Мариана қўрқиб кетган, ташвишга тушган, шунинг учун Албертонинг эркалашларидан заррача ҳузурланмаган эди. Ҳозир эса у осойишта ўтирар, шунинг учун Албертонинг ҳар бир хатти-ҳаракати унга беҳад ҳузур бахш этарди. Ҳатто Клаудионинг кўзи кўрмаслиги ҳам унга тақдирнинг бир инъомидек туюларди.
Хосе Клаудио уларнинг қаршисида жимгина ўтирарди. Вақт ўтиши билан Алберто Марианани мана шундай эркалаш ва қучишларга одатланиб қолганди. У ҳамиша иложини қилиб Марианани эркалаб қучар, Мариана ҳам унинг бу одатига жуда-жуда ўрганганди. Ҳозир ҳам Алберто унинг бўйин-елкаларини, ёноқлари ва иягини силади. Ниҳоят, унинг бармоқлари Мариананинг лабларига келиб тўхтади. Мариана ҳар сафаргидек бу оқшом ҳам Албертонинг бармоқлари, кафтини миннатдорлик билан ўпди ва кўзларини юмди. Кўзларини очганда Хосе Клаудио ҳамон қимир этмай ўтирарди. Эрининг юзида қандайдир бегона, номаълум ифода бор эди. Гарчи у ҳиссиз ўтирган бўлса ҳам, Мариана дафъатан бир чўчиб тушди. Зум ўтмай ташвиш чекиш учун ҳеч қандай сабаб, асос йўқлигини фаҳмлаб енгил тортди.
– Қаҳва қайнаб кетмасин, – деди Хосе Клаудио. Алберто қўлини тортиб олди, Мариана чойнакни олиб, пиёлаларга қаҳва қуйди. У ҳеч кимга икки кун кетма-кет бир хил рангдаги пиёлада қаҳва бермасди. Бугун Хосе Клаудио яшил, Алберто қора, ўзи эса қизғиш пиёлада қаҳва ичиши керак эди. У яшил пиёлани олиб, эрига узатиш учун тараддудланди. Аммо узатолмади. Энди, яшил пиёлани қўлига олган ҳам эдики, эрининг беўхшов илжайганига кўзи тушди. Сўнгра эри бошини оҳиста чайқаб:
– Йўқ, азизам, – деди. – Бугун қаҳвани қизил пиёлада ичсам дейман.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 9-сон