Темирқул Уметалиев (Темиркул Үмөталиев) 1908 йили Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. Қирғизистон халқ шоири (1968). Жалолобож педтехникумида, кейин Москвада ўқиган. Новқат, сўнг Аравонда давлат ишида ишлаган, газета-журналлар муҳаррири бўлган.
Илк шеърлари матбуотда 1932 йили чоп этилади. Унинг «Тоғ гуллари » китоби Тўқтағул номидаги мукофотга сазовор бўлган. Шеърлари рус, украин, қозоқ, ўзбек, тожик тилларига таржима қилинган.
ОЛАТОҒ
Ўргилай, Олатоғ, олтин тоғимсан,
Отам қўли теккан олма-боғимсан.
Тўкин дастурхондай ризқингдир бутун,
Дунёда суянчим, бору йўғимсан!
Сен — менинг суюкли диёрим-ерим,
Бағрингга қирғизим тўккандир терин.
Эл кўчса дарага, мунис волидам
Арча бешигига бергандир меҳрин.
Олатоғ, манзилим, она гулшаним,
Қоялар қўналғам, зебо масканим.
Олатоғ, яйловим, молимни ҳайдаб,
Эсимда қўш қўшиб, экин экканим.
Кўркингдан ўргилай, эй, олтин тоғим,
Мудом меҳнат шавқи жўш урган чоғим.
Халқимнинг қалбидан аланга олган —
Сўниш билмас сира гулгун қучоғинг.
Йиллар кўз ўнгимдан бир-бир ўтадир,
Қалбим зеб-кўркингни ёниб битадир.
Ўн минг шоир, майли, ёзсин ўн минг йил
Бари бир ёзгани камлик этадир.
Элларга маконсан — қондош-қариндош,
Кундай чарақлайсан, бир боқий қуёш.
Тарих ҳам лол турар қудратимизга,
Дўстликнинг кучига эгганича бош.
Борман савлатингга, эй, ишонч тоғим!
Бағрингда яшасак бизлар соғ-омон,
Ёв келмас ботиниб сенга ҳеч қачон!
Олатоғ!
Олтин тоғ!
Эй, асил тоғим!
Нормурод Нарзуллаев таржимаси.
ЁРҚИН УФҚЛАР
Суронли йиллардан ўтдик биз омон,
Умримизга олов, аёзлар гувоҳ.
Чинакам бахт қўлга кирмайди осон,
Сочимизга жуда эрта тушди оқ.
Мудом хотирада, жароҳат янглиғ
Бот-бот садо берар бурғу саслари, —
Қалқитар оёққа қарияларнинг
Туман оғушида қолган сафларин.
Руҳимизни аллақачонлар қаттол
Ёвлар маҳв этарди сиққанда ҳадди, —
Ёрқин уфқлар аро тикланар яққол
Шарафли мозийнинг жанговар қадди.
Яшаймиз юракдан оромни қувиб,
Жанг билан кечгайдир ҳар бир онимиз, —
Сочимиздан оқни ташлагай ювиб
Меҳнат жабҳасида қучган шонимиз.
Қирғизчадан Мирпўлат Мирзаев таржимаcи
АРАВОН
Қўр тўкар тоғинг кўкка бош тираган,
Симирдим куннинг нурин ярқираган.
Сўзлашдим сойинг ила шарқираган,
Аравоним, тунда ҳам чароғоним!
Кўришдим тоғинг билан қир ошганда,
Илк бора сулув билан сирлашгандай.
Неча йил юрак сени қўмсар, бир кез
Қон ила зар тупроғинг бирлашган-да!
Куйлагум Керматовнинг зилол сувин,
Лермонтов Кавказ тоғин ёқлагандай.
«Оқ олтин», далаларинг севгум, суюн,
Некрасов рус ерини мақтагандай.
Ёзгум яна чарчамаган меҳнат элин,
Ҳур эл деб Пушкин жўшган сойдай .
Таърифлай деҳқонлар қадоқ қўлин,
Теримчи қиз-жувонни Турсунойдай.
Алла Анор қий солганда пахтасига,
Мен экдим пайкалга шеър чигитин.
Ёзилганда номи «Ҳурмат тахтаси»га,
Шеър битди. Ҳар сатри – эр йигитим.
Бу жойда ишлаганман ёшлик чоғда,
Колхоз тузиб, қўриқ ер бузганим чин.
Кейин эса ўзгарган ер, сўлим боғда,
Жўшибон шеър, қасида ёзганим чин.
Элинг билан кўришдим толе топган,
Сиқдим қўл сув тараб, кетмон чопган.
Сўзлашдим қизинг юзин насим ўпган,
Олға бос, улуғ ишга яраганим,
Аравоним, Аравон,
Аравоним!
ЎШ
Оқбураси тош оқизиб шарқирар,
Атроф уйғоқ қайноқ ёшлик куйидан.
Скҳрли нур, бир нафосат барқ урар –
Кезар бўлсам катта-кичик уйидан.
Оқ тераклар самога бўй сўзишиб,
Куйса ҳамки, қуёш томон юксалар.
Япроқлари сукунатни бузишиб,
Суҳбатлашар гўё чечан кексалар.
Шамолларни кетказишиб ҳушидан,
Машиналар бир-биридан ўтишар.
Ишчилари қайтишади ишидан,
Ишчилари юмушига кетишар.
Заводлари гудок чалар мудом шод,
Иш авжида, бераётир Ўшга зеб.
Ипак эшиб, шойи тўқир комбинат,
Меҳнат аҳли яна хушрўй бўлсин деб.
Комбинатга илк пойдевор қўйилиб,
Энг биринчи ғиштини ҳам кўрганман.
Юрагимга шодмон ҳислар қуйилиб,
Бир чеккада толе тилаб турганман.
Мана, бугун бу корхона атласин
Кийиб олган дуркун, сўлим қизлари.
Там-там юрар янгратишиб шўх сасин,
Юзларида гул-гул ҳаёт излари.
Кўз олдимда ўхшаши кам боғлари,
Куйчи қушлар навоси ўнг-сўлимда.
Эсга тушар ўқиб юрган чоғларим –
Боғ оралаб, китоб тутиб қўлимда.
Шошганимча кўчалар оралайман,
Янгиликлар туҳфа этар ҳар бир он.
Яқин бориб гулларга суқ қарайман,
Қолдимикин ёшлигимдан бир нишон?
Қайдасан деб бола мижоз чополмай,
Излаш завқин қилганимча дилга жо –
Бунда қолган ҳур онларим тополмай,
Жим қоламан. Шаҳар сочар нур-зиё!
Шунда ўша заводлардан сас келди,
Хафа бўлма деган каби ўшлигим…
Излаганим Ўшпиримда топилди:
Шу яшарган шаҳар менинг ёшлигим!
НОРИН
Куйлагандай шовуллаб оқар Норин,
Шошади соғингандай севган ёрин.
У Тўқтағул «Марш бўтай»ин эслатиб,
Қирғоқларга сапчиб айтар оҳ-зорин.
Қарайди новвот қоя, кунгай-тескай,
Соҳилида юргим келар олис кетмай.
Худди Оқжар қўйларини оқизгандай
Кўпикни кўпик қувар парво этмай.
Чертиб ўтар юрагимнинг нозик торин,
Сингдирган, Олатовнинг оппоқ корин.
Бешик-бешик тўлқини ўйлантирар,
Ёдга солар қирғизнинг ўтмиш, зорин.
Дейди у: — Оқдим нафсиз кўп асрлар,
Қат-қатимда яширин қанча сирлар.
Барчасини сўзласам етармикин
Дафтар бўлса анови адир-қирлар?
У кунлар ортда қолди кетиб-кетиб,
Қўра-қўра қўй тўлдирди дарё четин.
Ўзгариб кетди ахир замон, замин,
Бугун унда жононлар ювар бетин.
Такрор чертар юракнинг эзгу торин,
Сув унутмай тоғларим момиқ қорин.
Оламушук нефти каби қайнаб оқар,
Қиз сочидай тўлғаниб толим-толим.
Асов Норин оқади тоғ оралаб,
Нурхоналар тунларни минг поралаб.
Мен қояда ҳавас билан ўтирибман,
Мисраларни тизадирман саралаб…
ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА
Мен куйлайман қалб буюрган торларда,
Ҳақиқатни, уни суйган наслимни.
Босса дейман қалин тушган қорлардай,
Ҳақ-ҳақиқат йигирманчи асримни.
Ҳаммага ўнг боқур бир кун ҳақиқат,
У мисли сув – сув оқишдан толганми?
Ёндир, йўқ қил ҳар жойда ҳар дақиқа
Нодон инсон туҳмат, бўҳтон, ёлғонни!
* * *
Қариндошни биламиз,
Борди-келди қиламиз.
Айтаверсам гап анча,
Тугамайди гинамиз.
Бор бўлсанг — кўролмайди.
Йўқ бўлсанг — беролмайди
ОҚБУРА
Оқбура – қиз сочидай мавжли дарё
Оқбура – эр йигитдай авжли дарё.
Хушовоз хонандадай куйлаб оқар,
Бобурдан-у Бонудан сўйлаб оқар.
Ашъорим шу дарёдай оқса дейман,
Бир ўқишда кўпларга ёқса дейман.
Қорасув пахтасидай мағзи тўлиқ,
Аравон анжиридай бўлсин бўлиқ.
Мақталиб эл оғзида юрармидим,
Пахтакор қиз тушига кирармидим…
ОРЗУ
Тирик жонман, ҳеч ёмонлик кўргим келмас,
Қўлдан келса мутлақо мен ўлгим келмас.
Севганим: ўлкам, элим, шеър, дилбарим,
Бошқасига бу кўнглимни бўлгим келмас.
СЕН БЎЛМАСАНГ…
Сен бўлмасанг – бу дунёнинг роҳати оз,
Сен бўлмасанг – бўлмайди баҳор-у ёз.
Бугун сездим: сен кезмасанг соҳилида –
Иссиқкўлга қўнмас оққуш, ўрдагу ғоз…
СЕВГИЛИМГА
Кўп йилларки, севадирман, қора кўзим,
Ҳидла деб гуллар танлаб берган ўзинг.
Айтгансан «Олис кетсанг хотирлаб юр»,
Сақланар юрагимда ушбу сўзинг.
Севгининг белгиси бор, эътибор бер,
Бу белги – чин юракдан ёзилган шеър.
Туйқус ўтсам, унутма мен – шоирингни,
Бу сенга чин дилимдан айтилган сир.
КИМ БОР
Хотин дейди: «Бошқаларнинг уй-жойи денг…
Жуда катта, бу борада бўлмаймиз тенг…»
Мен айтаман: «Уйимиз тор бўлган билан,
Сўз қисқаси, ҳаммасидан кўнглимиз кенг.
Бу жиҳатдан, тортинмасдан айт-чи бетга?
Бу қишлоқда ким ҳам бор биздан ўтган?!»
Усмон Темур таржималари