Абулғозий Баҳодирхон (1603.23.8, Урганч – 1663.4, Хива) – Хива хони (1643—1664), шайбонийлар сулоласидан, тарихчи ва табиб. Абулғозий Баҳодирхоннинг оғалари Ҳабаш султон ва Элбарс султон оталари Араб Муҳаммадхонни енгиб, уни Қум қалъасига қамадилар. Отасининг тарафдорлари бўлган катта оғаси Асфандиёр Эронга, Абулғозий Баҳодирхон эса Бухорога Имомқулихон ҳузурига қочди.
1623 йилда акаси Асфандиёрхон Хива тахтини эгаллагач, Абулғозий Баҳодирхон Урганчга ҳоким қилиб тайинланди. Лекин Асфандиёрхон билан ўрталарида низо чиқиб, Абулғозий Баҳодирхон 1627 йилда қозоқ хони Эшимхон ҳузурига қочди; кейин икки йил Тошкент ҳокими Турсунхон билан бирга бўлди.
Кўп ўтмай, туркманларнинг таклифига биноан у яна Хоразмга қайтди. Асфандиёр уни Хива ҳокими қилиб тайинлашга мажбур бўлди. 1629 йилда туркманлар Эронга тобе бўлган Нисо ва Дурунни босиб олдилар. Асфандиёрхон Эрон билан муносабатларнинг тамоман жиддийлашиб кетишидан чўчиб, айбни Абулғозий Баҳодирхонга тўнкади ва уни 1630 йил қишида Эрон подшоҳи ҳузурига гаров тариқасида юборди.
Абулғозий Баҳодирхон шу тариқа 10 йил Эронда, Исфаҳон яқинидаги Таборак қалъасида қамоқда яшади. 1639 йилнинг ёзида у тутқунликдан қочишга муваффақ бўлди. Абулғозий Баҳодирхон бир неча йил тахт учун кураш олиб бориб, ниҳоят 1644 йил Хива тахтига ўтирди.
Абулғозий Баҳодирхон марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун кураш олиб борди. У 1663 йилда ҳокимиятни ўғли Анушахонга топширди.
Абулғозий Баҳодирхон йирик тарихчи олим сифатида ҳам эътиборга сазовор. Унинг «Шажарайи тарокима» ва «Шажарайи турк» асарлари Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбалардан ҳисобланади. Абулғозий Баҳодирхон тиб илмига оид «Манофиъул инсон» («Инсонга фойдали нарсалар») номли асар ҳам ёзган.