Туркистон шаҳрида “Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси” бўлиб ўтди

Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университетида 12-13 сентябрь кунлари “Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси” ўтказилди. Конгресс Евросиё Ёзувчилар уюшмаси, TÜRKSOY, TİKA ташкилотлари ва Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Гагаузия, Қрим ўлкаларидан 34 адабий нашр муҳаррирлари иштирок этди.

Когресснинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган туркиялик профессор Фират Пурташ, доктор Ёқуб Умарўғли, эронлик доктор Ризо Ҳаёт, озарбайжонлик журналист Судуба Ағабалаева, гагаузиялик журналист Тудор Занет Қозоғистоннинг лотин алифбосига ўтиш таклифини маъқулладилар.

Маросимда Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси 2016” мукофоти буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Шукруллога тақдим этилди. 96 ёшли Шукрулло домла конгрессга кела олмагани учун совринни топшириш ваколати Ziyouz портали муҳаррири Давронбек Тожиалиевга берилди.

“Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” мукофоти ҳар йили туркий дунёнинг энг ҳурматли ва уста шоир-ёзувчиларига тақдим этилади. Бу мукофотга 2011 йили Али Оқбош (Туркия), 2012 йили Анор (Озарбайжон), 2013 йили Тўлен Абдик (Қозоғистон), 2014 йили Исмоил Бўзқурт (Кипр), 2015 йили Умар Султонов (Қирғизистон)  сазовор бўлган.

“Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси” шўъбаларда давом этди. Ушбу конгрессда илк бор Ziyouz адабий портали ҳам иштирок этди ва порталнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Конгресснинг иккинчи кунида Туркиянинг машҳур олими, профессор, доктор Илбер Ўртайли билан учрашуб бўлиб ўтди. Унда профессор “Алифбо алмаштиришнинг тарихи ва таъсирлари” ҳақида маъруза қилди.

Конгресс сўнггида келгуси учрашувгача қилинажак ишлар белгилаб олинди: адабиёт нашрларида “Турк дунёси адабиёти” бўлими очилиб, адабий ҳамкорлик йўлга қўйилиши;  конгрессга аъзо бўлган “Озарбайжон” журналининг 95 йиллик, “Жулдиз” журналининг (Қозоғистон) 95 йиллик, “Бошқирдистон қизи” журналининг 50 йиллик, “Улдуз” журналининг (Озарбайжон) 50 йиллик, “Анасўзу” газетасининг (Гагаузия) 30 йиллик юбилейлари нишонланиши; 2017 йилда “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” сифатида татар шоири Зиннур Мансур эътироф этилиши таклифлари маъқулланди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!