Аҳмад ал-Фарғоний (видео)

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний(798—861) Фарғонада туғилди, шу ерда илмий таълим олди, вояга етди ва, ниҳоят, Бағдоддаги «Байт ал-ҳикма» номли академияда илмий ишлар билан шуғулланди. Бу илм маконида ал-Фарғоний бошқа атоқли олимлар, жумладан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий билан биргаликда хизмат қилган. Ал-Фарғонийнинг Мисрда, Нил дарёси бўйларида илмий-назарий ва илмий-амалий соҳаларда ижодий фаолият кўрсатганлиги ҳам жаҳонга маълум.

1. Ал-Фарғоний асарлари.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг 8 асари маълум. Шу билан бирга, таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ризоуллоҳ Ансорийнинг далолат беришича, унинг қолдирган асарлари сони ўн битта. Бу китобларнинг ҳар бирида астрономияга оид янги, қимматли фикрлар айтилган. Уларнинг айниқса иккитаси жаҳон астрономларига маълум ва машҳурдир. Биз бу ўринда ал-Фарғоний асарларининг мазмуни билан чегараланамиз.

«Астрономия илми асослари» — «Самовий ҳаракатлар ва умумий астрономия китоби» («Китоб фий ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум»). Рисоланинг асл қўлёзмалари матни бир хил бўлса-да, беш ном остида сақланиб келмоқда, яъни: «Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи», «Фалак сфералари сабабияти», «Ал-Мажистий ҳақида», «Илм ал-ҳайъа» деб ҳам аталади.

Яна бир китоби — «Астурлоб ясаш ҳақида китоб»(«Китоб ал-комил фий санъа ал-астурлоб»).

Омонулла Файзуллаев. Аҳмад ал-Фарғонийнинг фанний олами