Хуршид билан Лайло

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир замонларда Миср мамлакатида бир подшо ўтган экан. Унинг отини Абдулазиз шоҳ дер эканлар. Шоҳнинг Абдукарим деган вазири ҳам бор экан. Абдулазиз шоҳ билан Абдукарим вазир жуда иноқ эканлар.
Улар ёшликда мадрасада бирга ўқишган, айниқса, Абдукарим ниҳоятда тиришқоқ экан. Ўзи камбағал оиласидан бўлишига қарамай, бутун куч-қувватини илмга берар, уни чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилар экан. Абдукарим вазир ҳар вақт шоҳга:
— Бу дунё ўтар дунё, яхшилик қилсанг ҳам ўтади, ёмонлик қилсанг ҳам ўтади, халқ бизнинг онамиз бўлади. Шунинг учун халққа яхшилик қилмоқ керак. Ёмонлик қилиш ҳар кишининг қўлидан келади, аммо яхшилик қилиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди, — дер экан. Улар ҳар бир ишни бамаслаҳат бажаришар экан. Мамлакат ҳам ўша даврда тинч ва обод экан. Лекин улар дунёнинг бир камчилигидан ниҳоятда хафа эканлар. Шоҳ ҳам, вазир ҳам бефарзанд экан.
Кунлардан бир кун шоҳнинг саройига бир қаландар келибди. Шоҳ қаландарни ўз олдига чақириб олиб, унга:
— Эй қаландар, сиз жаҳонгашта одамсиз, кўп шаҳар ва қишлоқларни кезгансиз. Кўп одамларни дуо қиласиз. Менга фарзандсизликнинг чорасини айтиб беролмайсизми? — дебди. Қаландар:
— Биламан, — деб қўйнидан икки олмани чиқариб, бирини шоҳга, бирини вазирга бериб, дуо қилибди. — Бирингизга худо ўғил, бирингизга қиз беради, аммо икковингиз бир-бирингиз билан қуда бўласиз, — деб қаландар шоҳ билан вазирдан инъом ва эҳсонлар олиб жўнаб кетибди.
Олмани еганларидан сўнг шоҳнинг хотини ўғил туғибди. Отини Хуршид қўйишибди. Вазирнинг хотини қиз туғибди, унинг отини Лайло қўйишибди. Болалар бирга тарбия кўриб, бирга ўсишибди. Хуршид билан Лайло бир майиз топсалар бўлишиб ер эканлар, иттифоқлик, меҳр-муҳаббат кундан кунга кучайиб бораверибди. Лайлогул қизлар мактабида ўқиса, Хуршид ўғил болалар мадрасасида ўқибди.
Йилдан йил, ойдан ой, кундан кун ўтиб, Хуршид билан Лайло ҳам ўқишни тугатибди. Улар ўн саккиз ёшга кирибдилар. Шоҳ ўғли Хуршидни уйлантириш ҳаракатига тушибди. Вазирнинг қизи Лайлогулга совчи юборибди. Вазирнинг қизи совчиларга:
— Шаҳзода Хуршиднинг кўнгли менда бўлса, ўзим билан гаплашсин. Менинг бир шартим бор. Агарда қабул этса, мен ҳам розиман, — дебди. Совчилар қизнинг айтган сўзларини Хуршидга етказибдилар. Хуршид вазирнинг уйига борибди. Меҳмонхона ўртасига парда тутилган экан. Парданинг орқасида ўтирган Лайлогул шаҳзоданинг товушини эшитиб, “Ассалому алайкум, шаҳзода!” дебди. Шундан кейин иккиси ҳол-аҳвол сўрашибди. Булар мактабга кирганларидан сўнг, бир-бирлари билан кўриша олмаган эканлар. Лайлогул Хуршиднинг таклифига шундай дебди:
— Мен қарши эмасман, бироқ бир шартим бор. Агарда қабул этсангиз тўйга розиман. Шартим шу: ҳар куни эрталаб уйингизга бораман, кеч бўлмасдан ўз уйимга кетаман, — дебди.
Шаҳзода қизнинг бу шартига ҳайрон қолиб, нима жавоб қайтаришни билмай қолибди. Сўнг Хуршид ақл-ҳушини бир жойга тўплаб, шартини қабул қилай, уйимга боргач, бошқа чораси топилиб қолар, — деб ўйлабди. Хуршид Лайлогулга:
— Шартингизни қабул этдим, — дебди.
Ўн беш кун тўй бўлибди.
Шаҳзода учун қатор уйлар жуда яхшилаб безатилган экан. Аммо бу уйларнинг биронтасида ҳам келинчак Лайлогул кўринмас экан. Лайлогул эса, ўз шартига мувофиқ, тўйнинг эртасигаёқ эрта билан нонуштага кириб келибди. Хуршид шошилганича Лайлони кутиб олибди-да, уйга бошлабди. Улар қатор уйларни бир-бир томоша қилиб, ўн биринчи уйга кирибдилар. Канизак қизлар дастурхон ёзибдилар. Дастурхон ноз-неъматга тўла эмиш. Улар суҳбатлашиб ўтириб, кунни кеч қилибдилар. Лайлогул бошига паранжисини ёпиниб, отасининг уйига жўнаб қолибди. Хуршид оғзини очиб, қизнинг кетидан қараб қолаверибди.
Бу аҳвол ҳар куни такрорланаверибди. Кўпинча, Лайлогул паришон бўлар, Хуршиднинг гапларига ҳам эътибор бермас экан. Хуршид нима гаплигини билолмай, оғир аҳволда қолибди.
Кунлардан бир кун Хуршид ўйлаб-ўйлаб мактабдош дўсти Абдумуталнинг олдига борибди. Дўсти мадраса ҳужрасида турар экан. Хуршидни хурсанд бўлиб кутиб олибди. Абдумутал саёҳатга кетгани учун улар анчадан буён кўришишмаган экан. Абдумутал Арабистоннинг кўп шаҳарларидан ташқари, Ҳиндистон, Пешовур каби узоқ мамлакатларда бўлганини гапириб берибди.
Абдумутал ўттиз икки ёшларда бўлиб, анча зийрак йигит экан. Хуршиднинг хафалигини келган замон сезибди. Улар овқатланиб, чой ичиб, суҳбатлашиб ўтирибдилар. Абдумутал секин гап бошлабди:
— Дўстим Хуршид, сиз шоҳнинг ўғлисиз. Ҳамма нарса сиз учун тайёр. Ҳусн, ақл, идрок, илмда Арабистонда якка-ю ягона вазирнинг қизи сизнинг хизматингизда бўлса-ю, тағин нега хафа кўринасиз?
— Менинг хафалигимни қаердан билдингиз? — деб сўрабди Хуршид.
— Ҳеч кимдан, лекин бетларингиз сарғайганидан, хаёлингиз паришонлигидан гумон қиламан, — дебди у. Хуршид дўстига ҳозирги аҳволини бир бошдан айтиб берибди. Абдумутал бу сўзларни эшитиб, қўлига қоғоз-қалам олиб, қандайдир дуо ёзиб, Хуршиднинг қўлига берибди.
— Мана шуни хотинингиз уйдан чиқиб кетаётганда пешанангиз-га ёпиштириб олинг. Қизнинг орқасидан бораверинг. У сизни кўрмайди. Кетидан борсангиз, ҳамма сир-асрордан хабардор бўласиз, — дебди Абдумутал.
Хуршид хурсанд бўлиб, қоғозни олиб, ўртоғига миннатдорчилик билдириб, уйига қайтибди. У кечани ухламай ўтказибди. Эрта билан нонуштага Лайлогул етиб келибди. Кундагидек иккиси биргалашиб нонушта қилибдилар. Хуршид ҳар куни қани энди кеч бўлмаса-ю, Лайлонинг ҳуснига тўйсам, деб ният қилар экан. Бугун эса тезроқ кеч бўлсин, бунинг сирларини тезроқ билиб олай, деб ўз-ўзидан ҳовлиқар экан.
Ниҳоят, Лайлонинг кетар вақти бўлибди. У паранжисини ёпиниб жўнаб қолибди. Хуршид ҳам вақтни ғанимат билиб, пешанасига дўсти ёзиб берган хатни ёпиштириб, хотини кетидан кетаверибди. Лайлогул тўғри отасининг ҳовлисига кирибди. Онаси уни кўриб:
— Ҳа, келдингми, қизим, — деб қучоқлаб кўришиб, икки юзидан ўпибди. Бошидан паранжисини олиб, айвондаги михга осиб қўйибди. Канизак қиз хитойи лаганда ош олиб келибди. Дастурхон атрофида вазир, Лайло, унинг онаси ўтирибдилар. Хуршид ҳам бехавотир ўтириб олибди. Ҳаммалари овқатга қўл узатибдилар. Онаси бир суякни Лайлонинг олдига қўйибди. Уни Хуршид қўлига олиб гўштини еган экан, ичидан ошиқ чиқиб қолибди. У ошиқни олиб, тозалаб, чўнтагига солиб қўйибди. Ошни еб бўлиб, устидан бир пиёладан чой ичибдилар. Лайло ўрнидан туриб:
— Ойи, мен кетдим, — деб бошига паранжисини ёпиниб жўнабди. Хуршид ҳам унинг кетидан кетаверибди. Лайло бориб-бориб бир дарвозани қоқибди.
— Олмагул, Олмагул! — деб чақирибди. Дарвоза очилибди. Ҳовлида бир келишган чиройли қиз олма тўлдирилган кумуш лаганни кўтариб турган экан. Лайлогул олмадан бирини олибди. Унинг кетидан Хуршид ҳам битта олма олибди.
Лайлогул Олмагулга:
— Дўстим, тезроқ кетайлик! — дебди. У қиз ҳам бошига паранжисини ёпиниб чиқибди. Ҳовлидан уч киши индамасдан жўнабдилар. Бориб-бориб Олмагул яна бир дарвозанинг ҳалқасини қоқибди. Дарвоза очилибди. Лайло: — Аноргул! — деб чақирибди. Бир қиз қўлида бир лаганни анорга тўлдириб кўтариб чиқибди. Анордан Лайло бир дона, Олмагул ҳам бир дона, Хуршид ҳам бир дона олибди. Аноргул лаганни қўйиб, бошига паранжисини ёпиниб чиқибди. Энди булар тўрт киши бўлибдилар. Улар гапиришиб, хахолаб кулишиб борар эканлар. Кулганда Олмагул оғзидан олмагул, Аноргул оғзидан аноргул тўкилар эди. Хуршид ҳам бирга кулишиб бораётганидан улар хабарсиз эканлар. Қизлар шаҳардан ташқарига чиқибдилар. Ниҳоят, тевараги баланд деворлар билан ўралган боғга етибдилар. Боғнинг дарвозаси қизил ёғочдан ясалган экан. Аноргул дарвозанинг ҳалқасини қоққан экан, икки ҳайбатли дев чиқиб очибди. Девлар қизларга қараб таъзим қилишибди. Хуршид ҳам улар орқасидан боғга кирибди. У боғга қараб ҳайрон бўлибди. Боғда йилнинг тўрт фаслини кўриш мумкин экан: боғнинг бир томони баҳор — дарахтлар гуллаганмиш, иккинчи томони эса ёз, мевалар пишиб, тагига тушиб ётганмиш. Учинчи томони куз, дарахтларнинг барги сарғайиб ерга тушаётганмиш… Тўртинчи томонида эса ҳовуздаги сув музлаб, қор паға-паға бўлиб ёғиб турган экан. Бу ажойиб боғни кўриб Хуршид ҳайрон қолибди. Қизлар боғнинг ўртасидаги йўлдан узоқда кўриниб турган қўрғон томонга юрибдилар. Қизлар ясатилган қирқ уйдан ўтиб, ниҳоят, қирқ биринчи уйга — саройнинг бекаси Гулиқаҳқаҳ парининг олдига кирибдилар. У Кўҳиқофдаги парилар подшосининг қизи экан. Гулиқаҳқаҳ пари Лайлогулни яхши кўриб, унга яқинроқ бўлиш ниятида шу ерга боғ яратган экан. Лайлогул парининг измидан чиқа олмас, Хуршидни қанчалик севмасин, ҳар куни уни ташлаб кетишга мажбур экан.
Аноргул билан Олмагулга Гулиқаҳқаҳ пари Лайлогулга хизмат қиласизлар, деб тайинлаган экан.
Лайлогул билан дугоналари Гулиқаҳқаҳ пари олдига кирганларида у тилла тахт устида ёнбошлаб ётган экан. Гулиқаҳқаҳ пари қизни кўриб, ўрнидан турибди ва у билан қучоқлашиб кўришибди. Кейин ёнига ўтқазибди. Улар бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашибди. Дастурхон ёзилибди. Майлар сузилибди. Хуршид ҳам қизлар базмини томоша қилиб ўтирибди.
Мусиқалар чалинибди, қизлар навбати билан рақсга тушибдилар. Орадан анча вақт ўтгач, Гулиқаҳқаҳ пари ўйинни тўхтатиб, қизларга:
— Чарчадинглар, энди бориб чўмилинглар! — дебди. Уларнинг ҳаммаси боғга чиқишибди. У ерда мармар тошдан ишланган катта ҳовуз бор экан. Ҳовузнинг суви ниҳоятда тиниқ экан. Сув тагидаги қимматбаҳо тошлар кўзга кўриниб турар экан. Ҳамма қизлар ечиниб, ҳовузга ўзларини ташлабдилар. Улар бир-бирларига сув сепишиб, кулишиб чўмилишар экан. Хуршид шу пайтдан фойдаланиб, хотини Лайлогулнинг кийимини олиб қўйнига солибди.
Ҳамма қизлар чўмилиб бўлиб, ўз кийимини кийибди. Бироқ Лайлогул кийимини тополмай ҳайрон бўлибди. Боғнинг ичи ва ташқарисини роса қидирибдилар.
Кўйлак ҳам, биронта одам ҳам топилмабди. Париларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлибди. Бу ерда бунақа ҳодиса ҳеч бўлмаган экан. Бундан Гулиқаҳқаҳ пари ниҳоятда хафа бўлибди. Ўзича: “Бунинг тагига етмагунимча, топмагунимча қўймайман”, — дебди ғазаб билан.
Пари девларни чақириб:
— Лайло, Аноргул, Олмагулларни уйларига олиб бориб қўйинглар! — деб буюрибди.
Тўрт дев тўрт оёқлик катта тош тахтани келтириб айвонга қўйибди. Уч қиз Гулиқаҳқаҳ пари билан хайрлашиб тахтага чиқиб ўтиришибди. Хуршид ҳаммадан аввал чиқиб ўтириб олибди. Девлар тош тахтани осмонга кўтариб учишибди. Қизлар ўргангани учун чурқ этишмабди. Хуршид эса кўзини чирт юмиб олибди. Девлар тахта тошни ерга қўйишибди. Қизлар тушиб уй-уйига жўнабди. Хуршид ҳам уйига келиб, каниз қизлардан бирини чақириб, “Уйда ётаман, Лайло келса, мени уйғотасан. Лекин сени сўксам, урсам ҳам кўнглингга олмагин”, деб тайинлабди.
Эрта билан нонушта вақтига Лайлогул етиб келибди. Уйга кириб кунда ўтирадиган жойига бориб ўтирибди. Лайло Хуршидни уйнинг бир бурчагида кийимларини ечмасдан маст уйқуда ётганини кўрибди. Шу вақт канизлардан бири шошилганича кириб, Хуршид ёнига бориб:
— Шаҳзодам, туринг, келин ойим келдилар! — деб уйғотаверибди. Хуршид ўрнидан тура солиб:
— Эй, лаънати, яхши туш кўраётган эдим, мени уйғотиб, тушимни чала қилдинг, бор, бир коса тиниқ сув олиб кел! — деб дўқ урибди. Канизак хитой чиннида булоқнинг тоза, тиниқ сувидан келтириб қўйибди. Хуршид Лайлодан:
— Мени кечиринг, ухлаб қолибман, — деб узр сўрабди. Ундан кейин канизга:
— Ҳозир сувга қараб туриб бу кеча кўрган тушимни айтаман, таъбирини тўғри айтасан, — дебди.
— Тушимда, — дебди у, — хотиним Лайлогул уйдан чиқиб, тўғри ўз уйига борибди. Ойиси бир лаган ош келтириб қўйибди. Ойиси Лайлогулнинг олдига қўйган суякни тозалаб, ичидан чиққан ошиқни чўнтагимга солиб қўйибман. Шу тушим ростмикан? — деб чўнтагидан бир дона ошиқни чиқариб дастурхон устига ташлабди.
Ундан кейин Хуршид Лайлогул ўз уйидан чиқиб кетгани, Олмагул билан учрашгани, унинг лаганидан бир дона олма олиб қўйнига солганини айтибди. У қўйнидан олмани олиб дастурхон устига қўйибди. Кейин Лайлогулнинг Аноргул билан учрашгани, ундан бир дона анор олганини айтибди. Кейин улар билан Гулиқаҳқаҳ парининг тўрт фасллик боғига боргани, девлар билан учрашгани, Гулиқаҳқаҳ парининг уйида қизлар базми бўлгани, ундан кейин гулбоғдаги ҳовузда қизларнинг чўмилгани, у ерда йўқолган Лайлогулнинг кийимини олиб қўйнига солганини айтиб, кўйлакни олиб ёнига қўйибди.
Хуршид бошини кўтариб Лайлогулга қарабди. Лайлогул гоҳ Хуршидга, гоҳ дастурхон устидаги олма, анорга тикилиб қарар, бирор оғиз гапиришга ҳам мадори қолмаган экан. Хуршид кулиб, индамай Лайлогулга қараб тураверибди. Тўсатдан юз берган бу сирларнинг очилишига Лайлогул чидай олмабди. Шартта ўрнидан турибди-да, паранжисини ёпиниб чиқиб кетибди. Хуршид ҳам пешонасига хатни ёпиштириб, унинг кетидан жўнабди. Лайлогул тўғри Гулиқаҳқаҳ парининг олдига борибди. Бугунги воқеани унга бирма-бир айтиб берибди.
Гулиқаҳқаҳ пари қизнинг сўзларини диққат билан тинглабди-да, ўйлаб туриб:
— Сен кўп диққат бўлаверма. Мен эртага азон вақтида тош тахтага ўтириб, эрингнинг ҳовлисига бораман. Агар у китоб ўқиб турган бўлса, яхши — сенга рухсат бераман. Қайтадан тўй қиламиз. Агар мен борган чоқда у ғафлат уйқусида бўлса, ҳовлисига тош ташлайман. Шаҳзода Хуршид уй-жойи билан ер остига кириб кетади, — дебди ва Лайлогулга қарабди. — Розимисан?
Қиз ҳеч нарса демабди. “Бориб Хуршидга хабар берсам, пари сезиб қолиб мени нобуд қилиши мумкин. Унга хабар бермасам, ухлаб қолса, пари уни нобуд қилиши мумкин. Унда Хуршиддан ажраламан, энди нима қилиш керак?” деб Лайлогул бир қарорга келмасдан ўрнидан туриб, кетмоқчи бўлибди.
Гулиқаҳқаҳ пари Лайлога қараб:
— Бу кеча шу ерда қоласан, — дебди. Хуршид бу ерда бўлган сўзларнинг ҳаммасини эшитиб уйига жўнабди. Хуршид бу кеча ухламабди. У саҳар вақтида ўрнидан туриб, ювиниб, тоза ва янги кийимлар кийиб, китоб ўқиб ўтирибди. Ниҳоят, ҳовли тепасида “ғув-ғув, ғув” деган овоз эшитилибди. Хуршид бу овоз Гулиқаҳқаҳ парининг учар тош тахтаси эканлигини сезган бўлса ҳам, ўзини билмасликка олиб, бошини китобдан кўтариб қарамабди.
Гулиқаҳқаҳ пари ҳовли устида айланиб, шаҳзода Хуршидни гилам устида китоб мутолаасида ўтирганини кўрибди. Ҳақиқатан, шаҳзода Хуршид гўзал, ақлли йигит экан. Лайлогулга муносиб экан, деб Гулиқаҳқаҳ пари ўз боғига учиб кетибди. У Лайлогулни чақириб:
— Бор, Хуршидга айт, тўйни бошласин, тўйга мен ўзим ҳам бораман, — дебди.
Лайлогул хурсанд бўлганича югуриб Хуршид қошига борибди. Қиз келса, у бечора ҳали ҳам китоб ўқиб ўтирган экан.
— Туринг, шаҳзода, китобни йиғиштиринг, аввал тўйни бошлайлик, — деб кулибди Лайлогул. Хуршид Лайлогулга парининг рухсат берганини, энди улар доим бирга бўлишларини эшитиб, жуда севинибди. Шу куниёқ тўй бошланибди. Тўйнинг учинчи куни парилар билан бирга Гулиқаҳқаҳ ҳам келиб, куёв-келинга оқ фотиҳа берибди.
Севишганлар мурод-мақсадларига етибдилар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!