Башорат Омонова (1964)

Башорат Омонова 1964 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олган. “Ўн олти ёш изтироблари” номли ҳикоялар тўплами чоп этилган.

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ болалигим ўтган адирлар,
Соғиндим шекилли ифорингизни,
Ариқлар бўйида ўсган ялпизлар,
Шивири тутгандек хуморимизни.

Ёлғиз чинор. Ана ундан нарида,
Қатор теракларнинг кўргум бўй-бастин,
Ёлғизлик чинорга ярашибдими,
Уни мендан сўра, бўлсанг гар дўстим.

Яна нигоҳларим қамашиб кетар,
Кўкка кўз ташласам — кабутарларим,
Улар жуда бахтли. Армонларимдан
Сарғайиб кетади дил дафтарларим.

Жим кетаётирман. Йиллар ўтганда,
Мени танимайди, ўтар одамлар,
Соғинган юзларни излаб беҳуда,
Секинлашиб борар чопган қадамлар.

Қай сўзлар очайин ҳаёт йўлимга,
Қўша олганимми ҳиссаларимдан.
Нимани ахтардим — ўзимдан бугун
Машҳур бўлолмаган қиссаларимдан.

Мунғайиб турибди ана қаламим,
Гўёки шеърларим ёзилиб битган.
Гўё акам келган қайтмас дунёдан,
Менга қоғозларни етказиб кетган.

Энди хотиралар ёзаман тўлиб,
Гоҳ акам, гоҳ дўсту биродарлардан,
Гоҳ кўнгил олибу гоҳ ололмаган,
Юрагим толиққан номсиз дардлардан.

ОЛИС КЕТДИНГ…

Сен жуда олислаб кетдинг, азизим,
Худди йўлинг каби, манзилинг каби,
Гуркираб кетяпти умиддан тонган,
Менинг юрагимда соғинч мактаби.

Сен жуда олислаб кетдинг, азизим,
Баъзан тоқат тугаб сабр қулайди,
Эшигим чертади ярим тун очсам,
Қиёматга қолган дийдор йиғлайди.

Сен жуда олислаб кетдинг, азизим,
Юпатар юрагим гоҳ зор, гоҳ нолон.
Тақдир элтаётир манзилларимиз,
Шошилиб кетяпмиз чин манзил томон.

Сен жуда олислаб кетдинг, азизим,
Илк бора инондим — тақдир бир сўзлик,
Кўндим шеърларимга қўйиб сарлавҳа,
Йўлларимиз номи экан айрилиқ.

ОЛИЖАНОБ ИНСОН

Акам дейми сизни, дўстимми дейин,
Бугун дардларимга дард қўшар армон,
Меҳр одамийлик дарсини ўтиб,
Қалбга муҳрланган қадрдон инсон.

Омонат дунёни сарсари кезиб,
Турфа юмушларидан ҳориб-толибман,
Қай пайтки лоқайдлик либосин кийиб,
Сизнинг кетганингиз билмай қолибман.

Ҳеч кимда йўқ эди бундайин ўктам,
Саховат сочишга тайёр у кўзлар,
Биздан нима ёрдам, балки ўнларга,
Балки юзлаб дилга айтилган сўзлар.

Жонингиз омонми, сўрардингиз гоҳ,
Олдинда кўп яхши кунлар дараги,
Юрдим бош эгмайин ғамлар босса ҳам,
Сиздек инсонларга муносиб каби.

Не деб таъриф берай бундай инсонга,
Эзгулик, сахийлик эди билгани,
Дебочаси эрур ушбу шеърларим,
Юрагимда қолган улкан Севгининг.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!