Кел, кўр мани исқ найлади…

Тушимда кўрганда шунчалик гўзал,
Ойдан-да гўзалдир кундан-да гўзал…
Чўлпон

Эрта сахар. Ғира-шира. Бўстон. Жилға…
Мен сизни «Қани у»,- дея Гулдан сўрадим. «Мен Уни сахарлаб бўстонда кўраман»,- деди Гул, — Бир киради-да, мендан бир ҳидлаганини биламан, кейин нима бўлишини эслолмайман. Бу менинг бўйим эмас, Унинг бўйидан бир асорат холос, — куйинди Гул.
Гулни кўрдим. Ундан бўй олдим.
Кейин Сабога юзландим. «Эй сабо, сен менинг Гўзалимни қачон кўрасан»,- дедим. У ҳам «Мен-да Уни эрталаб бўстонда кўраман. Унга бир уриламану, ўзимни йўқотаман. Шунинг учун ҳам мени ўзга маҳал учратолмайсан»,- деди.
Камайиб қолган Юлдуздан сизни сўрадим. У эса, «Мен Гўзал уйғонгандан кейин ҳижолат бўлиб беркиниб оламан»,- деди-да, у ҳам йўқолиб қолди.
Ойдан сўрадим. У: «Биз иккимиз дугонамиз»,-деди, — Кечалари мен самони ёритсам, кундузлари У бутун дунёни мунаввар қилади,- деди-да, у ҳам мени тарк этди.
Қуёш шафақларини астагтна артиб, дунё ойнасига назар солишни бошламакда эди. Ноилож сўрадим ундан, у: «Мен Гўзални ҳеч қачон кўра олмайман»,- дея йиғлаб юборди. «Нега»,- дея сўрадим қизариб кетган Қуёшдан. «Агар мен Унга қарасам, нуридан мен ҳам эриб кетаман»,- деди.
Қуёш сафдошим бўлди.
Бўстонда фарёд чекаётган Булбулдан: «Сайрашни кимдан ўргандинг»,- дея сўрадим, у: «Бу ерга бир Гўзал ҳар тонг келади. Унинг нафис сўзлари оҳангида мен маст бўлиб қоламан ва ҳар доим шундай нола чекавераман»,-деди.
Булбул содиқ улфатим бўлди.
Жуда чанқадим. Чашма ёнига келиб, ундан ичдим-да, «Мунчалик тотли бўлмасанг, эй, Булоқ»,- дедим. Чашма ҳам бир тин олди-да, «Эҳ, ҳар тонг бу ерга бир Гўзал келади-да, менга қўлини солиб, юзини ювади. Бу менинг таъмим эмас, Гўзалнинг иси», -деди.
Бирдан баданга хуш ёқувчи майин Ёмғир ёға бошлади. Мен дарров Сизни сўрадим. «Мен Уни ҳар тонг нозик оёқчалари билан менинг устимдан юриб ўтаётганида сезаман. Унинг ҳарорати шундай куйдирадики, натижада мендан асар ҳам қолмайди», — Ёмғирнинг жавоби шу бўлди.
Ногоҳ гарангсиб юрган парвонани учратиб, ундан «Нега Парвонасан», — дея сўрадим. «Гўзални бир марта кўрдиму, Парвона бўлиб, Унинг ишқида ҳамон қийналаман», -деди.
Парвона дилдошим бўлди.
Тоғдан «Мунчалик юксаксан»,- деб сўрадим. У Сизни юқоридан яхшироқ кўриш учун шундай юксакка интилганини айтди.
Бўлди, бас, Уни Хаёлдан сўрадим. У эса бир хўрсинди-да, «Уни таърифламакка менинг ҳаддим етмайди», — дея мендан юз ўгирди.
Барглар бир-бири билан дардлашиб, шивирлашиб, ариқдаги сувлар жилдираб, яйраб-яшнаб оқаётган бир маҳалда Уйқу ўз домига тортди. Ундан менга Гўзалнинг таърифини бер деб ёлвордим. Уйқу менга Тушни йўлатди.
Тушдан сўрадим:
— Гўзалимни таърифла, эй, Рўёнинг душмани. У ҳам мени дейдими?
— Йўқ, унинг ишқи бошқасига бошқасига тушган.
Бу гап ишқ оловидан ёнаётган қалбимни парчалаб ташлади.
— Ким У менинг севгимни ўғирлаган? Шунчалик гўзалми У. Таърифла уни эй, шумхабар!
— Сенга жуда қийин бўлади, — деди Туш.
— Айт, нима қилай?
— Бутун жаҳондаги қаламларни йиғ.
Жаҳонда биронта ҳам қалам қолмади. Менга ҳамма шоиру замонлар, алломалар ёрдамга келдилар. Туш улар билан биргаликда Гўзални таърифламакка тушдилар. Эйвоҳ, Қалам ҳам, қалам аҳли ҳам бунда ожиз эдилар. Дунё ёзмакка қалам қолмади, ҳаммаси бардошдан синиб кетди. Ҳеч ким ҳеч нарса ёзмай қўйди.
Мен Уммон, Денгиз, Кўл, Дарёу Булутни ёрдамга чақирдим. Улар ўрнида сиёҳ пайдо бўлди. Туш таърифламакда давом этар, хўрсинар, юм-юм йиғлар, йиғисидан яна дарёлар сиёҳга тўлар эди. Эйвоҳ, дунё ўз Сувларидан жудо бўлди. Гўзалнинг таърифи ҳали эндигина бошланган, ҳамма ҳайратдан ёқа ушлаган эди. Бутун дунё, коинот Ларзага келди. Ҳамма Гўзални тараннум этишга тушди. Ҳайвонлар ўкирди, Наботот ажиб чайқалди, Инсоният ҳамма юмушини улоқтириб, Уни таърифла?га жидду жаҳд қиларди. Ҳамма ўз билганича, ўз тилида Уни мадҳ етарди. Забон, Сўз ҳечам тугамас, фарёд-дод ила тараннум давом этарди…
— Таърифи Сўзу Забонга сиғмаган ким У Гўзал? — дея сўрадим Тушдан.
Эй, нодон, сенинг-да, меним-да, Қуёш, Ой, Юлдузнинг-да қалбини забт этган Ўша — Гўзал. У энг аъло, энг чиройли. Ҳамма Уни истайди.
— Мен Уни қандай топаман, — дея йиғидан тўхтатолмадим ўзимни.
— У сенинг қалбингла яшайди. У доим сен билан бирга. Сен қалбингни, иймонингни, ишқингни авайла. Шундагина У сени тарк этмайди. Сен Уни қалбингнинг туб-тубига жойла. Доимо Унинг ишқи билан яша. Уни ҳар вақт эсла, турганингда, юрганингда, ўтирганингда… ҳамон эсла. Ҳар сония Унинг ёди билан яша. Шундагина сен Уни топасан. Шундагина У ҳам сен билан яшайди…
Йиғлаб уйғондим.
Тонг. Бўстон. Жилға…
Қаёқдандир қалбни зор этадиган таниш товуш ила Юнус Эмронинг дардли шеъри янграрди:

Ман юрурман ёна-ёна,
Ишқ бўяди мани қона,
На оқилман, на девона,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Гоҳ эсарман еллар каби,
Гоҳ тўзарман ерлар каби,
Гоҳ оқарман селлар каби,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Оқар сувлардек оқарман,
Дардли юрагим ёқарман.
Ёримни ўйлаб йиғларман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Ё қўлим ол қолдир мани
Ё васлингга қондир мани
Кўп йиғлатдинг, кулдир мани
Кел, кўр мани ишқ найлади.

Ман юрурман элдан элга,
Дўст сўрарман тилдан тилга.
Ғурбатда ҳолим ким билар,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Мажнун бўлубон юрурман,
У ёрни тушда кўрурман.
Уйғониб малул бўлурман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Рангим сариқ, кўзларим ёш,
Бағрим пора, жигарим тош.
Ҳолим билган дардли қардош,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Ишқинг мани маст айлади,
Олди кўнглум, хаст айлади.
Ўлдирмакка қасд айлади,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Мискин Юнус бечораман,
Бошдин оёғи ёраман,
Дўст кўйида овораман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Ҳайҳот!… Ҳа, у ўша, мен йўқотган ГЎЗАЛнинг овози эди…

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ