Мартти Ларни. Суқрот Хельсинкида (ҳажвия)

Финляндиянинг собиқ фуқароси Вихтори Виртанен 1944 йилнинг баҳорида фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилган эди. Дастлаб у ўзини яхши ҳис қилиб юрди. Бироқ аста-секин фаришталарнинг жўр нағмаларию, чилторнинг тинғир-тинғири ҳам жонига тега бошлади. У уйини қўмсай бошлади ва ҳатто бир хил оҳанг азбаройи жонига текканидан бундан кўра хотинимнинг вайсашини эшитиш ҳам ёмон бўлмасди, деб ўйларди.
Жойдан-жойга тинимсиз парвоз қилар экан, у бир куни муштдеккина, буришган қарияни учратиб қолди. Қария шу қадар бадбашара бўлишига қарамай, алланечук жозибали ҳам эди. Бу митти, қоқсуяк қария ўқитувчи бўлиб ишларди. Унинг нега бунчалик озиб, эти устихонига ёпишгани мутлақо равшан эди, чунки ўқитувчиларга жуда ёмон ҳақ тўланишини ҳамма яхши биларди. Қария ҳозиргина дарсни тугатиб, тўбий дарахти соясида абадият ва ҳаётнинг узлуксизлиги тўғрисида хаёл суриб ўтирарди.
– Оҳ, худойим, сен қария қанчалик қўрқинчлисан-а! – деди Вихтори Виртанен болалигидан ҳаммавақт тўғри сўзлашни миясига қуйганлари боис.
– Мен янада бадбашарароқ бўлишим мумкин эди, – мулойим жавоб берди нуроний; унинг ёқимли жилмайиши чеҳрасини ёриштириб юборди.
– Агар мен бундай бадбуруш бўлганимда, чин сўзим, аллақачон ўзимни осган ёки заҳарлаган бўлардим.
– Мен ҳам шундай қилдим, – жавоб берди қария, – лекин ўзимнинг турқи-тароватимдан норозиликдан эмас, балки одамларнинг ёвузлигидан.
– Кўриб турибман, тилингнинг суяги йўққа ўхшайди! – хитоб қилди Вихтори Виртанен. – Бу ўлкаларга қачон ташриф буюргансан?
– Эрамиздан аввалги тўрт юзинчи йилда.
– Тағин лоф ураётган бўлмагин?
– Йўқ, мен ҳар доим ҳақиқатни гапирганман.
– Қаердансан?
– Юнонистондан. Мен ўзимнинг жонажон шаҳрим Афинада ёшларга ҳаётни англашдан сабоқ берардим.
– Эй, қария! Ёшларни ўз ҳолига қўйсанг бўларди. Улар жаз оҳанглари остида рақс тушишсин. Кинолар кўришсин, дилхушликлар қилишсин.
– Мен сенинг сўзларингга тушунмаяпман. Ўзинг қайси тилда гапиряпсан?
– Сен сўзлаётган самовий тилда-да.
– Ҳа, албатта. Бироқ, “жаз”, “қизиқчилик”, “кино” – улар нима дегани?
Вихтори Виртанен қўлларини қанот каби қоқиб, бопладимми дегандай мийиғида кулди.
– Ахир ўзинг ҳеч нимани билмайсан-у, нимани ҳам ўргатардинг?
– Ўзининг билмаслигини билган кишигина донишманддир.
– Қулоқ сол, қария, сен мени лақиллатма. Ўзингни ақлли кўрсатмоқчимисан? Ҳеч бўлмаса ўқиш ва ёзишни биласанми?
– Йўқ. Бу шарт ҳам эмас. Аксарият бамаъни одамлар ақлли китобларни ўқиб, бемаъни бўлиб қоладилар. Айримлар доноликдан асар бўлмаган китоблар ёзадилар. Улар ғирт сафсатабозлардир. Уларнинг сохта таълимотлари ёвузликка хизмат қилади, холос. Улар пул учун кўнгилларига келган ҳар бир нарсани исботлашга уринадилар. Масалан, улар осмон кўк, деб айтсалар осмон фақат кўк рангдангина иборат бўлиб қоларди. Ҳолбуки, кўк – бу ранг, холос. Сен бу ерда қандайдир кўкни кўрдинг-ми? Бу ерда ҳаммаси оқ ёки рангсиз. Инсон ҳақиқий ва аниқ билимга интила бориб, нарсаларнинг моҳиятини тадқиқ қилиши керак.
Вихтори Виртанен бетоқатланди ва деди:
– Агар одам ер юзида узоқ яшаса, мана шунақа ғийбатчига айланиб қолади. Отинг нима, қария?
– Суқрот.
– Суқрот! Эсимга тушди, мен бу исмни қачонлардир эшитганман. Мутлақо тўғри! Мактабда бизга айтишган… Наҳотки, ўша – хотини ялмоғизга ўхшаган қария сенсан? Айтмоқчи, унинг оти нима эди?
– Ксантиппа. Бироқ у асло ялмоғиз эмас, балки шунчаки вайсақи ва умрнинг эгови бўлган оддий хотин эди, холос. Хотин бўлгандан кейин, албатта, эгов бўлади-да, акс ҳолда у қандай хотин?
– Мана, энди сен мутлақо тўғри гапирдинг! – хитоб қилди Вихтори Виртанен. – Меники ҳам шунақа эгов эди. Ҳар доим, тинимсиз вайсарди. “Сен, Вихтори, соқолингни қиртишла, соқолингни қиртишла, қиртишла, қиртишла, ла, ла, ла. Яна балчиққа буландингми чўчқага ўхшаб, яна балчиққа буландингми чўчқага ўхшаб, яна чўчқага ўхшаб – чўчқага –қага, қага, қага… Сен пулларни бекорга совурасан, мен эса увадада юраман, увадада, увадада, – дада, дада, дада…”
Суқрот бошини тебратиб, маъқул ишорасини билдирар экан, деди:
– Ксантиппа вайсақи хотинларни ифодалаш учун турдош отга айланиб қолди.
– Менинг хотинимнинг оти Анна эди. Лекин унинг вайсашлари ҳаддан зиёд жонимга теккан эди.
– Сен бу ерга қачон келдинг?
– Бир минг тўққиз юз қирқ тўртинчи йилнинг баҳорида.
– Ой-куни борми?
– Ой-куннинг бунга нима дахли бор? Мен эндигина йигирма саккиз ёшга кирган эдим. Мен фронтда бўлдим ва қўққисдан йўқолиб қолдим.
– Ҳеч нарса изсиз йўқ бўлмайди. Фақат шаклини ўзгартиради, холос.
– Билоғонликни йиғиштир, ошна. Оддий аскар Вихтори Виртанен изсиз йўқолди. Ўқ кўкрагига тегди ва снаряд портлаши вақтида тупроққа кўмилди. Ўша окопчада. На бирор қаҳрамонча қабр, на бирон-бир нишон. Бу ерга эса мени полкдошларим билан бирга олиб келдилар. Дарвоза олдида шундай тўполон эдики, ҳатто йўқламасиз ҳам ўтказиб юбордилар. Фақат қайта-қайта такрорлардилар: “Ўтинглар, олдинга ўтинглар. У ер бўш”. Худди трамвайдаги каби.
– Ғалати сўзлар, ғалати, жуда ғалати, – минғирлади Суқрот, – Ўқ, окоп, трамвай? “Ўқ” дегани нима?
– Ўқни билмайсанми, отахон? Ўқ шундай бир нарсаки, мана бу ердан кириб, мана бу ердан чиқиб кетди.
Вихтори Виртанен ўз кўкрагини кўрсатди, аммо у ерда ҳеч қандай жароҳат ўрни кўринмасди. Суқрот йигитча лоф ураяпти, деб ўйлади.
– Сен камон ўқи ёки найзадан ҳалок бўлганингни айтишни хоҳламаяпсан, шекилли? – деб сўради у.
– У ҳам эмас, бу ҳам эмас. Тасодифан пулемётдан қаторасига отилган ўқ. Сенинг ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар тайёргарликдан ўтмаганинг кўриниб турибди. Ҳатто, замонавий қуролни ҳам билмайсан. Сен ўз жойингда нимадан сабоқ бердинг ўзи?
– Мен ҳеч қачон ўлдиришдан сабоқ берганим йўқ. Бунинг учун донишмандликнинг ҳам ҳожати йўқ.
– Ҳеч нарсани идрок қилолмайсан! Айни шу ерда катта донишмандлик зарур. Ҳатто, мен махсус таълим олдим. Милтиқ эса пиёдаларнинг энг муҳим қуролидир. Пиёдасиз уруш эса – уруш эмас. Тўплар душман маррасини обдон ўққа тутгандан сўнг пиёда аскарлар ҳаракатга тушади. Пиёдаларнинг иши кўп. Улар ҳудудни талайдилар, қишлоқ ва шаҳарларга ўт қўядилар, кексалар ва болаларни ўлдирадилар, аёлларни зўрлайдилар…
– Бас, бас! – ҳайқирди Суқрот. – Ўзинг қаердансан?
– Финляндиядан.
– Бундай мамлакатни билмайман. У қаерда – Осиёдами ёки Африкада?
– Оврупода, тентак. Хельсинки – менинг жонажон шаҳрим. У ерда бўлиб қолишни қанчалик хоҳлаётганимни билсанг эди…
– Агар у ерда хотинингни учратиб қолсанг-чи?
– Ҳа, албатта, у ўз дийдиёсини яна бошлайди. “Қаерларда санғиб юрибсан, шу вақтгача, вақтгача, вақтгача, вақтгача, -гача, гача, гача?.. Ўлармидинг бир энлик хат ёзсанг, юзсиз, ёзсанг, юзсиз, ёзсанг, юзсиз, юзсиз, юзсиз, юзсиз…” Шак-шубҳасиз у эговлайди. Ахир шунинг учун ҳам у хотин-да! Бироқ бу самовий мусиқани қайтадан эшитавериш тоқатимни тоқ қилиб юборди! Тонгдан кечга қадар куй ва чилторнинг тинғир-тинғири, кечдан тунгача чилтор ва жўр бўлиб куйлаш. Ҳаммавақт ўша оҳанг ва ўша куй. Лоақал танаффусларда қандайдир танго, фокстрот ёки шунга ўхшаган Штрауснинг бирон-бир вальсини ёки гармон нағмасини эшитсанг ҳам майли эди. Шундай эмасми? Бу биттагина пластинкани айлантиришгани-айлантиришган. Албатта, айнан шу нарса ташвиқотнинг ўзидир.
– Ташвиқот? У нима дегани?
– Эшит, Суқрот. Бизнинг Хельсинкида, чин сўзим, сенга ойдан тушганмисан, деган бўлар эдилар. Сен бошимга битган бало бўлдинг. Сен, яхшиси айт: бу ердан қандайдир йўл билан бўлса ҳам, лоақал бир неча кунга жуфтакни ростлашнинг иложи борми? Мен Хельсинкига боришни хоҳлайман.
– Биронта ҳужжат-пужжатинг борми?
– Менда фақат пароль бор, холос.
– Сени нима деб чақиришарди?
– Виртанен.
– Мен бу исмни илгари ҳам эшитганман.
– Финляндияда Виртаненлар юз минглаб.
– Суқрот эса Юнонистонда битта эди.
Вихтори ерни қўмсашдан, худди тиш оғриғидан азоб чеккандек, додлаб юборай дерди.
Воқеа-ҳодисалар жуда ажабланарли эди. Чунки фаришталар жаннатда умуман оғриқни сезмайдилар. Бундан фақат осмонга ножоиз йўллар билан суқулиб кўтарилиб қолганларгина мустаснодир. Бироқ Вихтори жаннатга мутлақо қонуний кирган эди.
Фаришта Суқрот билан фаришта Виртанен бир дақиқа жим қолдилар. Ниҳоят Суқрот оҳиста сўз қотди:
– Демак, шундай қилиб, ергами? Мени у ерда ёшларни йўлдан тойдирганим ва давлат динини инкор қилганим учун айблашган эди. Бизда, Финляндияда, виждон эркинлиги бор, – таъкидлади Виртанен. – Мен ҳам черков билан хайрлашиб, фуқаролик бўйича рўйхатда турганман. Ёшларга келганда эса, энди уларни бундан ортиқ бузиш мумкин бўлмаса керак. Сен ёшларни бузганинг учун жазоланганмисан? Нима, қорадори сотганмисан?
– Тушунмадим?
– Бўлмаса, демак, эркин севгини тарғиб қилганмисан ёки яширинча порнография билан савдо-сотиқ қилганмисан?
– Яна тушунмадим, гарчи ҳозир сен қандайдир юнонча сўзни айтган бўлсанг ҳам.
– Бу қанақаси, алвасти? Мен финман, ахир.
– Қизиқ, сен айтаётан кўпгина сўзлар юнончани эслатади. “Порнография” менинг она тилимда шарм-ҳаёсиз суратларни англатади.
– Финчада ҳам у шу маънони англатади. Сени шундай нарсалар учун айблашлари мумкин эканликларини ўйламабман. Эҳтимол, сен ёшлигингда ашаддий Дон Жуан бўлгандирсан?
– Мен бундай номдаги кишини билмайман, – қисқа жавоб қилди Суқрот.
– Тўғрисини айт, сен ер юзида қандай бемаъни иш қилдинг?
– Бемаъни. Мен ҳеч қандай бемаъни иш қилганим йўқ. Акс ҳолда бу ерда бўлмаган бўлардим.
– Бўлмаса қаерда бўлардинг?
– Айтиш қийин. Эҳтимол, Афинада дўстлар билан ҳаёт жумбоқларининг абадийлиги тўғрисида фикрлашиб, суҳбатлашаётган бўлармидим.
Фаришта Виртанен мийиғида кулиб қўйди.
– Оҳ, бечора қария! Сен бу ердасан ва вақт қандай ўтаётганини пайқай олмайсан.
– Вақтнинг ўзи нима? Балки сен тушунтириб берарсан?
– Вақт? Бу соат миллари кўрсатадиган нарса.
– Қайси соат?
– Эй, сен бемаъни саволларинг билан бошимни оғритаверма. Билдингми-йўқми, улар бу ерга келганларнинг ҳаммасидан биринчи галда соатларини олиб қўйдилар. Меникини ҳам олишди. Вақт, вақт… Ҳа, дарвоқе. Менинг ўзим ҳам вақт нима эканлигини билмайман.
– Мана кўрдингми? Ўзинг ҳам бу сенга номаълум нарса эканлигини эътироф қиляпсан. Бу сенда донишмандлик аломати борлигини кўрсатади. Нима учун ерга қайтишни хоҳлаяпсан? Ахир унда бу ердаги уйғунлик йўқ-ку!
– Уйғунлик эмиш! Бу уйғунлик кўнглимга зиғир ёғдай тегиб кетди! Лоақал озгина хилма-хиллик бўлса эди! Парвоз қилиб кўрай-чи, эҳтимол, биронта танишимни учратиб қоларман.
Виртанен қанотларини ёзмоқчи бўлган эди, бироқ Суқрот уни тўхтатиб қолди.
– Модомики, ихтиёримизда абадийлик бор экан, нимага шошиламиз? – деди Суқрот. – Балки мен сенга ёрдам қиларман. Мен бу ерда саёҳат бюроси хизматчиси билан танишиб қолдим. Уларнинг ер билан алоқалари яхши. Тўғрисини айтганда, менинг ўзимнинг ҳам у ерга учиш ниятим бор. Эшитишимча, менинг таълимотимни у ерда бузиб талқин қилишибди. Талабаларим янги мактаб яратишиб, тафаккурнинг янги йўналишини ривожлантира бошлабдилар. Айтишларича, эпикурийлар, цинниклар ва стоиклар пайдо бўлган эмиш.
– Бундайлар ҳеч қулоғимга чалинмаганди-ку? – Суқротнинг сўзини бўлди Виртанен. – Ҳарҳолда мен у ердан кетишим олдида йўқ эди. Бироқ бунинг нима аҳамияти бор? Фақат қўйиб юборишса бўлди. Оҳ, ер! Мен у ерга қайтишни нақадар хоҳлаётганимни билсанг эди! Бу ерга анча эрта келган эканман-да.
Жаннатда вақт бўлмайди. Шунинг учун улар саёҳатлар бюросига қачон келганликларини ва сафар имкониятлари ҳақидаги маълумотларни суриштира бошлашганини айтиш қийин. Амалдорлар улар тақдим этган ҳужжатларни шошилмай кўздан кечиришар, аҳён-аҳёнда ўзаро маслаҳатлашишар ва қўшимча изоҳлар талаб қилишарди. Сафардан мақсад? Тил биласизми? Осмонда энг яқин қариндошингиз борми? Таътилнинг давомийлиги ердаги ҳисоб бўйича: соат, сутка, ҳафтами? Сизлар бораётган жойдагилар қариндошларингизми ёки танишларингизми?
Барча саволларга бизнинг саёҳатчилар жинс аломатларини ва шошилиш одатларини йўқотган фаришталарга хос тарзда хотиржам жавоб бердилар. Уч марта уларнинг аризаларини рад этдилар. Рад этишга асос: ерда Суқрот исмли устознинг ташриф буюришидан ҳеч ким манфаатдор эмас. Виртанен қабрига ва унга ўхшаганларга эса аллақачон номаълум аскар ёдгорлиги ўрнатилган. Бироқ фаришталар умидсизликка тушмадилар. Улар Президент Пётрга илтимоснома билан мурожаат қилдилар ва охир-оқибат сафарга рухсатнома олдилар. Албатта, бу сафарда маълум чеклашлар бор эди. Улар биргаликда жўнашлари ва бирга қайтишлари керак эди. Уларга фақат Хельсинкига боришга рухсат берилди. Сиёсий мулоҳазаларга кўра, Суқротга, гарчи у расмий равишда худолар юрти деб тан олинган ватанида ёшларни тинч қўйишга ваъда қилган бўлса ҳам, Грецияга рухсатнома бермадилар.
Кичкина, бужмайган Суқротнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Лекин қанотларини ёймади. Ўзининг қалби билан маслаҳатлашиб, у фаришта Виртаненни Финляндияга кузатиб боришга қарор қилди. У хаёлан у ерда олимлар юнонча гапиришига, оддий халқ эса лоақал самовий тилни тушунишига умид қиларди.
1966 йил декабр ойи охирларидаги илиқ кунларнинг бирида, туш чоғларида хельсинкилик бекорчилар вокзал майдонидаги Алексис Киви ёдгорлиги олдида уймалашишарди. Уларни, албатта, Тилии ибодатхонасига орқа ўгириб ўтирган Финляндиянинг миллий ёзувчиси қизиқтирмасди. Уларнинг нигоҳлари ёдгорлик супачаси ёнидан бошпана топган икки дайдига қаратилган эди. Улардан бири кекса ва анча мункиллаган чол бўлиб, кенг, ифлос плашга ўранган эди. Унинг оёғида йиртиқ шиппак, қўлида сербутоқ таёқ бор эди, иккинчиси эса солдат кийимида, бошида каска, унинг эски тўзиган шинели ифлос ва қон юқи эди. У иягини қаттиқ қашир экан, соатли минора томон ишора қилиб деди:
– Кетдик.
– Орқагами? – шиппакли чол сўради.
– Йўқ, жин урсин, бу ёққа кел! Фақат, бугун қайси кун? Байрамми ёки бегим куними?
– Бу қандай махлуқ? – қўрқувдан қичқириб юборди чол.
– Бу автомобиллар.
– Авто?.. Менинг она тилимдаги сўзга ўхшайди… Нима улар – махлуқларми?
– Автомобилларми? Йўқ, албатта. Улар машиналар. Ма-ши-на!
– Машина, бу ҳам менинг тилимдан… яъни «махина».
– Агар бугун якшанба бўлса, хотиним болалар билан уйда. Бироқ бегим куни бўлса, хотиним ишда, кичкинтойлар эса боғчада. Мен уларни қачонлардан… Эҳтимол, неча ойлардан бери кўрганим йўқ… Аммо бизда уруш кетяпти-ку… Ие, ана, тревога! Ҳаво тревогаси! Ё-тинг-лар!
Осмон самолёт моторининг гувиллашидан титраб кетди, гўё самолёт шиддат билан яқинлашаётганга ўхшарди. Солдат шеригининг қўлидан маҳкам тутиб, ҳайкал супаси ёнига йиқитди ва ўзи ҳам ёнига узала тушиб ётиб олди.
– Бу ерда нима шовқин? Тарқалинглар, тарқалинглар! – Полициячининг ҳайқириғи эшитилди. Ёши ўтинқираган бир аёл ҳокимият вакили билан ёрдамга шошилган мўйловли кишига қарата деди:
– Мана, бу ерда қандайдир икки пияниста жамоат тинчини бузмоқда. Ароққа деса пул топади, аммо кийимга – йўқ. Бундайларни дарров ушлаб, мажбурий ишлар лагерига жўнатиш керак!
– Балки, улар ўша ердан қочгандир, – деди келишган жаноб.
– Тарқалинглар! – қичқирди полициячи ва қаттиқ ҳуштак чалиб, ёрдамга чақира бошлади.
– Сиз кимсиз? – деб полициячи ҳарбий кийимдаги кишига овози борича бақирди ва бир туртган эди, ҳалиги киши дик этиб ўрнидан туриб кетди..
– Оддий аскар Вихтори Виртанен, учинчи пиёдалар полкидан.
– Сиз мастсиз. Бу ерда нимага ағанаб ётибсиз? Оёқда туролмайсизми?
– Мен ағанаб ётганим йўқ. Учиб келаётган самолёт товушини эшитдим ва ўзимни ерга отдим. Кейин билсам, бу ўзимизнинг самолёт экан.
– Бу формани сизга ким берди?
– Омбор мудири. Жин урсин, мени сўроқ қилишга сизнинг нима ҳаққингиз бор? Мен ҳарбий бошлиққагина ҳисоб беришга мажбурман, полицияга эмас.
– Сиз бутун бир жамоатчиликка ҳисоб беришга мажбурсиз. Киши ўзини балога гирифтор қилишининг ҳожати йўқ. Мана бу тентак ким? Ана у ерда супачага биқиниб қалтираётган? У нима деб алжираяти? Гапидан ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди.
– У менинг устозим.
– Тур, тур, қария! Қани! Фамилиянг нима?
– У финчани тушунмайди, – унинг ўрнига жавоб берди Вихтори.
– У қайси тилда гапиради?
– Самовий тилда… яна юнон тилида. Унинг оти Суқрот.
Оломон қувониб кетди. Ҳар бир ҳазил олтинга тенг бўлган Хельсинкида ўзига хос текин томоша кўриш ноёб ҳодиса эди. Суқрот атрофга қўрқув билан қарар экан, Виртаненни қўлидан ушлаб олиб, эшитилар-эшитилмас шивирлади:
– Афинада бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмас эди…
– Ҳозирда у ерда ҳам худди шундай, – жавоб берди Виртанен.
Тўсатдан қаердандир полиция машинаси пайдо бўлди. Суқрот безгак тутгандек қалтирар ва плашига янада қаттиқроқ ўралар эди. Гўё бечора афсонавий ҳайвонлар, Гомер ривоятларидаги ақл бовар қилмайдиган махлуқлар бадбўй нафаслари билан ҳавони заҳарлаб, унинг теварагида ириллаб уймалашишарди. У кафтлари билан кўзларини бекитди, кимдир қўли билан уни тутиб, Виртанен билан бирга полиция машинасига итариб тиқди.
– Наҳотки, бу Аргус бўлса? – пичирлаб сўради у Виртанендан, машина ўрнидан қўзғалгач.
– Нима?
– Мана, бу бизни қорнига сиғдирган махлуқ?
– Бу кичиккина автобус.
– Аргус эмаслигини аниқ биласанми? Унинг олдида ҳам ва кетида ҳам баҳайбат кўзлари бор экан, мен кўрдим.
– Бемаъни гапни қўй. Бу фаралар.
– Пичирлашни бас қилинг! – дўқ урди полициячи. – Яна қандайдир ўғриларнинг гаплари. Ҳа, Виртанен, шинелингиздаги қон қаердан тегди?
– Мен аниқ билолмайман. Ярадор бўлдим.
– Қаерда?
– Фронтда.
– У осмондан тушган, – деди иккинчи полициячи ўртоғига кўзини қисиб, – У билан гаплашиб ўтиришнинг фойдаси йўқ, иккаласининг ҳам мияси айниган кўринади. Эҳтимол, қандайдир политур ёки антифриз ичишган бўлса керак.
– Менинг бошим жойида! – Виртаненнинг жаҳли чиқди. – Мен бошлиққа арз қилдим. Полк командири сизларга тегишли жазони беради. Мен ҳарбий даврнинг қонунларини биламан.
– Ҳарбий давр? – ҳиринглади полициячи. – Ҳозир тинчлик-ку!
– Тинчлик? Наҳотки! Қачондан бери?
– Эҳ-ҳа, йигирма йилдан ошиб кетди.
Машина полиция участкаси олдида тўхтади ва уларни сўроқ қилгани олиб кирдилар. У ерда Виртанен ҳақиқатан ҳам кўкрагидан ярадор бўлгани аниқланди. Ўқ кўкрак қафасига тегиб, икки кураги орасидан тешиб чиқиб кетган экан. Таниш аломатларни кўздан кечиришгач, унинг шахсини текширдилар ва унинг Вихтори Виртанен, қачонлардир ҳалок бўлган, деб эълон қилингани маълум бўлди. Сўроқномада ёш полиция зобити қуйидагиларни қайд қилиб қўйди: а) оддий аскар Вихтори Виртанен барча саволларга пойма-пой ва жуда эскича усулда жавоб берди; б) қон таҳлили тутқун ҳеч қандай ичкилик ёки бошқа бирон-бир наркотик модда истеъмол қилмаганлигини кўрсатди; в) модомики, қонун барча ўликларни дафн этиш ёки куйдириш мутлақ зарур эканлигига ҳукм этар экан, оддий аскар Виртаненни кўмиш ёхуд ҳафта ичида куйдириш лозимлиги белгилаб қўйилди; г) у солиқ бошқармасига бунчалик узоқ муддат давомида тегишли солиқларни тўламагани сабабини тушунтириб бериши учун тутқун икки суткага озодликка қўйиб юборилади.
Шундай қилиб, Виртаненга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммаси равшан бўлди. Бироқ Суқротни сўроқ қилиш қийин кечди. У фақат Виртанен тушунадиган тилдагина гапирар эди.
– Наҳотки, бу қари маймун бирон-бир инсоний тилни билмаса?
– Устозим юнонча гапиради, – деди Виртанен.
– Нима, у юнонми?
– Ўзи шунақа деди.
– Яхши, ҳозир биз буни текшириб кўрамиз.
Дарҳол Греция элчихонасидан ёш котибни чақирдилар. У юртдошига эринибгина назар ташлар экан, бошини сарак-сарак қилиб, қуруққина деди:
– Ҳурматли жаноблар! Мен буни ҳақорат деб биламан. Менинг олижаноб мамлакатим тарихи бундай бадбашара нусхани билмайди. Унинг оти нима?
–Суқрот, – жавоб қилди полиция офицери.
–Элчихона котиби чўчиб тушди. У плашига ўралган қарияга яқин келиб сўради:
– Қаерда туғилгансиз?
Суқрот елкасини қисди ва ҳеч нима демади.
– Ўзингни юнон деб ҳисоблашга қандай ҳаддинг сиғди? – давом этди ёш дипломат.
Суқрот устозларга хос табассум билан майин жилмайди ва ёш йигитнинг келишган қиёфасига разм солар экан, деди:
– Биродар, сенинг нутқингдаги товушлар менга таниш, бироқ сенинг нима деяётганингни тушунмаяпман.
– Балки, у қадимги юнон тилида гапираётгандир? – жилмайди элчихона хизматчиси. – Периклнинг соқоли билан қасам ичаманки, бу юнон тарихининг жуда катта китобларидаги ақлдан озган қандайдир олимга ўхшайди. Менинг таржимон сифатида сизларга фойдам тегмайди. Кечирасизлар, мен бандман. Узримни қабул айланг, жаноблар!
Элчихона хизматчиси таъзим қилди ва жўнаб кетди. Энди тилмочликка Хельсинки университетининг мумтоз филологияси бўйича профессорини таклиф қилдилар. У Суқротга икки томчи сувдек ўхшар эди, уларни эгизаклар деса бўлади, ўшандай бўжмайган, мулойим ва замондан икки минг йил орқада қолиб кетган бир одам.
– Жуда соз, жуда соз! – ҳайқириб деди профессор. – Мен сиз билан, жаноб Суқрот, кўришишни ҳар доим орзу қилардим. Платон сиз ҳақингизда батафсил ва чиройли ҳикоя қилган эди, бироқ унинг сўзларига ҳамиша ҳам ишониб бўлмайди. Демак, сиз ҳали ҳам чин фазилат билимда, деб ҳисоблайсизми?
Бу икки хушфеъл нуроний устозлар гапга тушиб кетдилар ва вақтни мутлақо унутдилар. Улар учун эндиликда соат, тақвим деган тушунчалар ёт эди. Полициячилар беихтиёр муштларини қисдилар, оддий аскар Виртанен ҳаво тревогасини кутиб, безовталик билан деразага қаради, ёш зобит эса ҳафсала билан қулоқларини кавларди. Мумтозларнинг ажойиб суҳбати жуда узоқ – роппа-роса икки соат давом этди ва ниҳоят полиция зобити ўрнидан туриб, ўзининг қўл остидагиларига бақирди:
– Сўроқ қилиш тугади! Уларни бу ердан йўқотинг!
– Мана бу қочоқни ҳамми, мана бу учинчи таъвияни ҳамми?
– Йўқолинг! Ҳаммангиз йўқолинг!
Мумтоз филология профессори ўзининг касбдоши билан астойдил хайрлашди ва бир неча бор уни уйига меҳмондорчиликка таклиф этди, бироқ паришонхотирлиги туфайли ўз отини ва манзилини айтишни унутди. У ёқимли ҳис-туйғулар оғушида ўзидан кетиб борар экан, қадимий юнон тилида узлуксиз ғўнғилларди:
– Ҳа, Суқрот ҳақ эди. Агар одам виждон ҳукмига амал қилса, у ҳеч вақт ўз қилмишларидан пушаймон бўлмайди… Ҳақиқий билим фазилатли эзгу ҳаётга етаклайди… Буларнинг ҳаммасини мен университетдаги ҳамкасбларимга ва хотинимга, вайсақи хотинимга қайтадан гапириб беришим керак…
Оддий аскар Виртанен ва устоз Суқрот қўл ушлашиб кўчага чиқишди-да, Виртаненнинг уйи томон кетишди. Кўчалар одатдагидек ғала-ғовур эди. Хельсинкида чет эл циркларидан бири ўз томошаларини бошлаган эди. Халойиқ Виртанен билан Суқротни циркнинг ўзиюрар рекламаси, деб билди. Шунинг учун одамлар уларга рекламага қарагандек муносабатда бўлдилар, яъни кўпда эътибор бермадилар. Кулимсираб, елка қисиб қўярдилар-у, ёнларидан ўтиб кетаверар эдилар. Ошналар деярли ҳеч қандай тўсқинликсиз шаҳар марказидан тобора узоқлашиб боришарди.
Шогирд устозини қўлидан ушлаб борар экан, унинг барча саволларига итоаткорона жавоб қайтарар эди.
– Бу нима?
– Универмаг кўргазмаси..
– У нимага керак?
– Товарларни намойиш этиш учун.
– Қўл тегизиб кўриш мумкинми?
– Марҳамат.
Суқрот сип-силлиқ ойнага оҳиста қўлини олиб борди, мўъжизавий шаффофга бурнини тираб, дўкон ичкарисига қарашга ҳаракат қиларди.
– Мана бу нима?
– Радиоприёмниклар.
– Улар нима учун керак?
– Сўнгги ахборотлар, кўнгилочар мусиқалар ва қизиқарли эшиттиришлар учун.
– Бу одамга зиён етказадими?
– Бирор нарса дейиш қийин…
– Мана бу нима? Ана у ердаги!
– Кир ювиш машинаси.
– У нима қилади?
– Кирларни ювади.
– Нима учун машина билан?
– Вақтни тежаш учун.
– Тежалган вақтни нима қилишади?
– Жин урсин, ким билибди! Жуда кўп савол бераверма. Шундай бўлса ҳам, сўра. Бироқ бу ерда уймалашишимиз етар, кетдик.
– Қаёққа?
– Меникига, албатта.
– Сен ҳам шундай қўрқинчли улкан минорада яшайсанми?
– У асло минора эмас. Оддий кўп қаватли уй. Унда тез ҳаракатланадиган лифт бор.
– Лифт нима?
– Бу бир кичкина хона, шу уйда яшовчиларни қаватма-қават олиб чиқиб қўяди.
– Бу хона, эҳтимол, оғир бўлса керак. Уни қўллар кўтарадими?
– Йўқ, у электр билан ҳаракатланади.
– Электр билан? У нима?
– Билмайман… Қани кетдик.
– Нима учун сен мана бунга ўхшаш кичикроқ уйда турмайсан?
– Э, бу ахир трамвай-ку. Унда яшамайдилар, унда юрадилар. У худди арава каби ҳаракатланади.
– Бундай аравага кимни қўшадилар?
– Ҳеч кимни. У ўзи юради.
– Қандай қилиб, ўзи? Наҳотки абадий ҳаракат топилган бўлса? Ҳаракатланувчи уй! Ерсиз одамлар учун ажойиб турар жой. Тўхтаб тур.
– Нима қилмоқчисан?
– Қовуғимни бўшатиб олай.
– Эсингни едингми. Бу ердан одамлар ўтади.
– Мен уларга орқа ўгириб оламан.
– Сен каллаварам аҳмоқ экансан! Тўнка… ваҳший! Бир оз сабр қил, жуда оз қолди. Ана, менинг уйим ҳам кўриниб қолди.
– Бироқ у ерда мумкин эмас. Ахир, у сенинг яшаш жойинг.
– У ерда ҳожатхона бор.
– У нима дегани? Бунинг инсон саломатлиги учун зарари йўқми?..
– Мутлақо. У махсус мослаштирилган алоҳида хона.
– Уни нима тозалайди?
– Сув. Катта чаноқдаги ифлос нарсаларни қувур орқали денгизга чиқариб ташлайди.
– Йўқ, мен бунга тоқат қилолмайман. Киши ўз турар жойини молхонага айлантирмаслиги керак.
– Суқрот, қулоқ сол, сени қачонлардир одамларга ҳаётий донишмандликдан сабоқ берган деб ким айтади?
– Ҳа, ўқитганман. Аммо одамлар, кўриниб турибдики, ҳеч қандай сабоқ олмаганлар… Мен Афинани кўришни хоҳлардим. У ерда бундай нарсалар бўлиши мумкин эмас…
– Ҳозирда у ерда ҳам шунинг ўзи. Тамаддун! Ҳамма қулайликлар яратилган…
– Қулайлик бахт келтирмайди.
– Мана, ниҳоят етиб келдик… Мен бир оз ҳаяжонланаяпман. Кўрамиз, хотиним нима деркин.
– Болалар, улар, албатта, дарҳол қўлимга ёпишадилар. Мен эса уларга ҳеч қандай совға келтирмадим. Ахир фронтдан нима ҳам келтириш мумкин? Эшит-япсанми, юрагим қандай дукиллаб ураяпти? Лоақал тамаки тутатиб олсам эди… Суқрот, ҳой, Суқрот! Қаёққа кетдинг? Дарвоза тагидаги тешикка бурнингни суқма… Бизга бу ёққа, кўчадан тўғри кириладиган эшик орқали! Эҳ, сен чўчқа! Қандай журъат қилдинг? Яхши, қоровул кўрмади, акс ҳолда полиция чақирар эди… Қандай шармандагарчилик! Наҳотки, ўзингни ҳеч идора қилолмайсан? Ахир мен сенга айтган эдим-ку…
– Сен нега бунчалик аччиқланасан, дўстим?
– Сен менинг нафратимни қўзғаяпсан! Сен ўзингни тутолмаяпсан.
– Қачон мен бирон-бир кимсага ёмонлик қилсам, ўз виждонимнинг таънаомуз овозини эшитаман. Бироқ ҳозир виждоним тинч.
– Хўп… Кетдик!
– Ҳозир, шиппагимни ечиб олай.
– Бемаъниликни йиғиштир. Лифтга кир. Олтинчи қаватга кўтариламиз.
– Кетдик. Бизни у ёққа ким олиб чиқади?
– Эшак!
– Қани у?
– Қаршимда. Ахир мен ҳозиргина лифт электр билан ҳаракатланади, дедим-ку. Таёғингнинг кераги йўқ. Уни шу бурчакка, радиатор ёнига қўй. Кўряпсанми: лаш-лушлар учун жой. Менга бер, олиб бориб қўяман. Қани, кир. Нимани ўйлаяпсан?
Оддий аскар Виртанен Суқротни лифтга итариб киритди, кейин эса ўзи ҳам кирди. Бир дақиқа ўтмай, улар хонадон эшиги олдида пайдо бўлдилар ва Виртанен тахтадаги ёзувга одатдагидек назар ташлади.
– Нима, бу шайтон васвасасими? Тахтачани ким ўзгартирди? Мэкинен… Бу ерда ҳеч қандай Мэкинен йўқ. Бу менинг хонадоним. Хўш, нима ҳам қилдик, қўнғироқни босамиз…
Суқрот чўчиб тушди.
– Бу нима ўзи?
– Эшик қўнғироғи.
– Уни ким ўйнайди?
– Мен. Ахир кўрмадингми мана бу тугмани босганимни?
– Бу мўъжиза. Мен ҳам босиб кўрсам майлими?
– Бос, бос… Босавер, қўрқма, тишлаб олмайди.
Эшик орқасидан аёл кишининг жаҳлдор товуши эшитилди:
– Бораяпман, бораяпман!
– Эшикни қари, сочлари пахмоқ, чала кийинган, оғзининг бурчагида тамаки тутатган хотин очди.
– Сизларга нима керак? – жаҳл билан сўради хотин.
– Мен уйимга келдим, – жавоб қилди Виртанен, – уйга кирмоқчиман.
– Тўхта, малъун! Бу ерда сенга пишириб қўйгани йўқ.
– Бу менинг уйим. Мен Вихтори Виртаненман. Бундан икки йил аввал фронтдан таътилга келган эдим. Бу ерда менинг хотиним ва икки нафар кичкинтойларим туради.
Хотин қўрқиб кетиб ортига тисланди, бироқ кейин ишонқирамай ва диққат билан келганларга қараб, деди:
– Менинг биринчи эримнинг оти ҳақиқатан ҳам Вихтори Виртанен эди. Бироқ у фронтда қачонлардир ҳалок бўлган. Мен сизга тўғрисини айтаман, мени лақиллата олмайсиз.
Суқрот хотин қўлида асабий ҳолда айлантириб турган тамакига ҳайрат билан боқарди. Дабдурустдан:
– Бу мангу оловми? – деб сўради у.
– Бу мартишка нима деяпти? – сўради Виртаненнинг хотини. – Ҳа, сиз иккалангиз ҳам жиннисиз! Қаердан келдингиз?
– Осмондан, – жавоб қилди Виртанен.
– Оҳ, худо! Эско, Ээро! Тезроқ бу ерга келинглар!
Хотин қўлидаги тамакини полга тушириб юборди ва бирпасда ҳаммаси алғов-далғов бўлиб кетди. Виртанен Суқротни елкасидан тутиб, қулоғига шипшиди:
– Улар менинг ўғилларим! Эско уч ёшда, Ээро эса яқинда иккига тўлади.
Бироқ Суқрот ҳеч нарсани эшитмади. У тутаб турган тамаки устида тиззалаб, тинмай ғўлдирарди:
– Мангу олов… Мангу оловни ташлаб юборишди…
Қаршиларида икки нафар эр киши намоён бўлди.
– Бу нусхаларга нима керак экан? – сўради улардан бири. – Ойи, улар сизнинг пулингизга пўписа қилишмоқдами?
– Билмадим, билмадим. Балки полиция чақирармиз.
– Ўша фиръавнларсиз ҳам уддалаймиз. Қара, Ээро! Мана бу дайди бизнинг отамизга ўхшаб кетар экан!
– Мен сизларнинг отангизман, – деди Виртанен ҳазин товуш билан. –Бу менинг хонадоним.
– А? Ээ, қўйсанг-чи! Сен соҳилдаги қайиқ тагида энди яшамаяпсанми?
– Эй худойим, ифлос чойшабга ўралган мана бу момақаймоқ ким бўлди? У, албатта, сенинг отангдир? Тўғрими?
– У менинг устозим, Суқрот.
Виртаненнинг ўғиллари кулишди. Тўнғич ўғил собиқ аскарга деярли жипс келди ва юзини унинг қаттиқ соқол босиб кетган юзига яқинлаштириб, деди:
– Мен аслида ҳеч кимга илтифот қилмайман, лекин сен ёқимли қария экансан, сенга ичишинг учун икки марка бераман. Ма, ушла!
– Яна мана, бир нечта тамаки ва гугурт, ол! – деди кичик ўғли. – Бироқ яна қайтиб келиб, онамизни қўрқитиб юрма! Омадинг бор экан, ўгай отамиз уйда йўқ эди. Бўлмаса, биласанми, у жаҳли чиқиб, ҳар иккингизнинг тумшуғингизга тушириши турган гап эди. Тушунарлими?
– Йўқ, ҳеч нима тушунарли эмас, – жавоб қилди Виртанен сўниқ оҳангда.
– Тағин нимани истайсан ўзи?
– Уйга киришни, ўз оиламни кўришни истайман.
Катта ўғил оддий аскар Виртанен шинелининг ёқасидан ушлади-ю, бирдан даҳшат билан қичқирди:
– Сенинг ҳаммаёғинг қон-ку! Сен яраландингми?
– Қон аллақачон қотиб бўлган… Аниқ нишонга теккан…
– Қандайдир дайди сенга пичоқ санчганга ўхшайди? Сизларнинг ҳаммангиз, пиянисталар, бир гўрсизлар. Энди, бас! Оёқни қўлга ол-да, йўқол бу ердан! Бўл тез! Қорангни ўчир, турқи-тароватинг у ёқда турсин, арвоҳинг ҳам кўринмасин. Сен ҳам, қари маймун жуфтакни ростла.
Эшик қарсиллаб ёпилди. Томоша тугади. Оддий аскар Вихтори Виртанен билан устоз Суқрот икковлон пиллапояда туриб қолишди. Суқрот деди:
– Шундай қилиб биз асосий мўъжизани ҳам кўрмадик.
– Қанақа мўъжизани?
– Денгизга қувур орқали чиқиндилар чиқадиган махсус бинони. Инсон билими шу қадар ночорки, биздан ташқарида ҳам бизга буйсунмайди. Файласуфларнинг олам ва унинг пайдо бўлиши ҳақидаги фикрлари бор-йўғи шунчаки мулоҳазалар, холос. Одамда унинг хатти-ҳаракатларини бошқариб турадиган руҳ яшаса керакки, у бирор нимани амалга ошириши учун унга жасорат бағишлайди, бемаъни ишларни қилишдан сақлайди…
– Бас, бас! Тўхта! Мен нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини билмайман. Кетдик, бир пиёладан қаҳва ичамиз. Менда пул бор.
– Бу пулми?
– Худди ўзи.
– Улар тилла эмас-ку. Қизиқ, ушлаб кўрсам бўладими?
– Марҳамат.
– Қоғоз, пуллар… вазни йўқ, тилла… қалбаки олтин.
– Бемаъни гапни қўй! Бу ёққа бер. Ҳозир биз унга бир нарса харид қиламиз…
– Эҳтимол, зайтун олармиз? Қўлингдаги нима?
– Тамаки.
– Уни нима қилади?
– Оғизга солади, ёндиради ва чекади. Мана бундай.
– Нега уни оғизда ёндиради?
– Сенга нима десам экан, шунчаки одат. Ёки қизиқиш. Аслида ўзим ҳам билмайман.
– Бу нима? Мана мўъжиза!
– Ҳеч қандай мўъжиза эмас. Оддий гугурт.
– Гугурт, таёқчада олов яшайди. Бу оламдаги мўъжизаларнинг мўъжизасидир. Бу ҳақда Афина халқига гапириб бериш керак. У қандай ёнишини менга яна бир кўрсат.
– Мана бундай. Оддийгина, шундай эмасми?
Барча мўъжизалар одатда жўн бўлади… Олов яшайдиган гугурт! Зайтун сотиб олиш мумкин бўлган юпқа қоғоз… Бармоқни теккизса товуш берадиган эшик. Ўз-ўзидан ҳаракат қиладиган уй. Сув ифлосларни қувур орқали денгизга чиқариб ташлайдиган идиш. Буларнинг ҳаммаси буюк мўъжиза. Бироқ энг буюк мўъжиза бу – олов яшайдиган гугурт.
– Худди болага ўхшайсан, Суқрот. Плашингни ол, кўчага чиқамиз.
– Гугурт, оловли гугурт! Ахир бу тўғрими?
– Тўғри, тўғри. Ҳадеб бир нарсани қайтараверишни бас қил. Нега бунча кўп жаврайсан. Ма, бутун қутини олақол.
– Мен буни Афина фуқароларига кўрсатаман. Бу мўъжиза…
Гугурт мўъжиза бўлди. Бироқ бири ифлос солдат шинел кийган, иккинчиси эса оқ жун мантияга ўралган бизнинг ҳамроҳларимизни бирорта ҳам қаҳвахонага киритмасликлари у қадар мўъжиза бўлмади… Уларни эшик олдиданоқ қувиб солдилар. Қаҳвахоналар ҳозирга ва келажакка хизмат қиларди-ю, бироқ ўтмишни инкор этарди. Ҳамроҳларимиз эса вақтдан: бири икки минг йилдан, иккинчиси йигирма йилдан кўпроқ ортда қолган эдилар.
Виртанен қайғуга тушди. У вақт билан қандай ҳисоблашишни, уни қаёққа қўйишни ақлига сиғдиролмасди. Қонунга мувофиқ бутун бир ҳафта ўтгандан кейин Виртаненни куйдиришлари ёки дафн этишлари керак бўлган вақтни қандай ўтказиш керак? Лекин шундай бўлса ҳам, Суқрот бахтиёр эди. У оламни бахт-саодатга эриштирадиган гугуртни – мўъжизавий кашфиётни топди!
Декабр кечалари ҳаддан ташқари узоқ бўлади. Йўловчилар қаршисида барча эшиклар тақа-тақ ёпилган эди. Виртанен зерикиб, сиқила бошлади. У умр бўйи хоҳ самода бўлсин ва хоҳ ерда бўлсин нимадандир норози бўладиган кишилар тоифасидан эди. Суқрот эса, аксинча, у дунёда ҳам ва бу дунёда ҳам ўзини бахтли ҳис этарди. Унинг чеҳраси, улар Виртанен билан қонундан ташқари ҳолатда қолиб, денгиз соҳилидаги эски саройга тунаш учун келганларида ҳам порлаб турарди. Бу саройда қайиқлар сақланар ва уларда Финляндия пойтахтининг ўнлаб турар жойи бўлмаган аҳолиси бошпана топган эди. Бу ер ўз фикрию танасида чандиқдан бошқа ҳеч қандай мулки бўлмаган камбағал ва қашшоқларнинг умумий турар жойи эди.
Қайиқ сарой яшовчиларига Виртанен таржимасидаги Суқротнинг нут-қи жуда ёқди. Ҳеч кимни на сиёсат, на молиявий танглик, на хотин-қизларнинг ясаниши, на автомобиллар ва радиоприёниклар, на уй-жой ҳақининг ошиши ва на АҚШнинг Вьетнамдаги уруши қизиқтирар эди. Ҳамманинг диққат-эътибори ўзларида бўлган бирдан-бир нарсага – фақат энди фаҳмлаганлари: ҳақиқий мўъжиза – гугуртга қаратилган эди. Ҳамма нарса шундан бошланди ва шу билан тамом бўлди. Гугуртнинг мўъжизавий хусусиятига ишонч ҳосил қилиш учун улар эски қайиқ саройни ёқдилар ва бехосдан етиб келган полиция ва ўт ўчирувчилар ноқонуний чароғонликни ўчирмагунларига қадар дабдабали гулханда исина бошладилар. Сарой яшовчиларини ушладилар. Улар орасида фақат икки дайди: таътилга келган оддий аскар Виртанен, деб ўзини таништирган, соқоллари анчадан бери олинмаган аскар ва барча ушланганлар ақл даражаси қарийб олти ёшлик боланинг ақлига тенг келади, деб таъкидлаган номаълум кичкина қариягина йўқ эди. Қаттиқ қидирувларга қарамай, йўқолганларни топа олмадилар. Ҳолбуки, уларнинг белгиларини Хельсинкида чиқадиган барча газеталар босиб чиқарган ва полиция ҳаммаёққа махсус эълон ёпиштириб чиққан эди.
Кеча оқшом университетнинг мажлислар залида қизиқарли маъруза бўлди. Мумтоз филология профессори тўпланганларга яқинда у Хельсинкида Суқротни учратгани ҳақида хабар қилди. Шуни ҳам айтиш керакки, кекса профессор шу билан бирга оддий аскар Вихтори Виртанен ҳақида бир оғиз ҳам эсламади. Балки сукут сақлашга Виртаненнинг ҳеч бўлмаса кийим-кечаги бўйича, мумтозлар қаторига қўшиш мумкин бўлмаганлиги сабаб бўлган бўлса керак. Ҳолбуки ҳарбий либос, гарчи ундан иккинчи жаҳон урушининг қони аллақачон ювилиб кетган бўлса-да, бизнинг кунларимизда ҳали ҳам урфдир.

Русчадан Суръат Абдукаримов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!