Пьер Бомаршенинг бахти

Машҳур “Фигаронинг уйланиши” пьесаси Пьер Огюст Карон Бомарше номининг жаҳон театри санъати тарихида шу асрда яшаб ўтган Карло Гольдони ва Карло Гоццидек буюк итальян драматурглари қаторида эътироф этилишига сабаб бўлди. Гольдони ва Гоццилар Италия театрларида ўнлаб асарлари саҳналаштирилиб, драматургия майдонида ўзаро курашган бўлсаларда, Бомарше “Фигаронинг уйланиши” асарида ўз мамлакатидаги ижтимоий ҳаётни кескин танқид қилиб чиқади. У 1732 йил 24 январда Париж шаҳрида соатсоз оиласида дунёга келди.

Бомарше драматургияга ёши 40 дан ошганда, ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон татиганидан сўнг кириб келган.

Бомарше ёшлигиданоқ тиришқоқ, зеҳни, ўткир, қўли гул уста (соатнинг янгича нусхасини кашф этган) эди. Мусиқа санъатининг ҳам ҳадисини олган ижодкор арфадек мураккаб мусиқа асбобини яратиб жамоатчилик орасида шуҳрат қозонади. Теран билим ва юксак қобилияти туфайли у Франция қироли Людовик XV қизларига мусиқадан сабоқ бериш учун сарой хизматига қабул қилинади. Уддабурон Бомарше саройдаги фаолияти давомида ўзининг молиявий шароитини яхшилаб олади. Аммо бу ҳаёт узоққа чўзилмайди. Бомарше ҳибсга олиниб, қисқа муддат қамоқда ўтириб чиқади. Шундан сўнг саройдан четлаштирилган Бомарше XVIII аср етмишинчи йилларининг бошида “Хотираларим” деб номланган китобини ёзади ва 1773-1774 йиллар ичида уни нашр эттиради. Сарой ҳаётининг кирдикорлари тилга олинган мазкур китоб учун Бомарше яна бир бор қамалиб чиқади ва француз жамоатчилиги кўз ўнгида омманинг ҳимоячиси, илғор зиёлиси сифатида гавдалана бошлайди. Бундай муносабатдан руҳланган Бомарше ўз танқидий қарашларини саҳнада баралла янграшини ният қилади ва “Севилия сартароши” номли комедиясини яратади. Асарнинг бош қаҳрамони Фигаро Европа драматургиясида шаклланганхизматкорлар типидан бир мунча фарқланар эди. Хизматкорлар одатга кўра муғомбир, топқир, ҳийлакор айни вақтда, ўз хўжайинларига садоқатли тарзда кўрсатилсалар, Фигаро ақлли, топқир, ўз қатъий фикрига, ўз дунёқарашига эга шахс сифатида ёрқин тасвирланади.

“Севилия сартароши”нинг саҳналаштирилиши таъқиқланиб, Людовик XV вафотидан сўнггина амалга оширилади. Бомарше томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинган қаҳрамон Фигаро образи устида ижодий изланишни давом эттиради ва тез орада “Фигаронинг уйланиши” комедиясини яратади. “Фигаронинг уйланиши” аввалги пьесанинг давоми бўлса-да, унинг ғоявий ва ижтимоий жиҳатлари бутунлай ўзгача, анчайин кескин ечим топган эди.

Наполеон Бонапартнинг Бомаршенинг ушбу асарини “Ҳаракатга келган инқилоб” деб аташи ҳам “Фигаронинг уйланишидаги” исёнкорлик руҳини аниқ тушунганлигининг холис ифодаси эди. Бомарше “Севилия сартароши” ва “Фигаронинг уйланиши” асарларининг давоми сифатида “Жинояткор она” пьесасини яратади. Бироқ шуни айтиш керакки, мазкур асарни бадиий ва ғоявий жиҳатдан мукаммал деб бўлмайди. Бинобарин, “Севилия сартароши” асаридаги хўжайин ва хизматкор муносабатларидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ҳаёт ҳақиқатига зид манзарани акс эттирган, хизматкорнинг характери, эркин хатти-ҳаракатлари, уддабуронлиги эътиборни тортган бўлса, “Фигаронинг уйланиши”да Фигаро ҳақиқий курашчи, аниқ мақсад, яъни ҳукмрон табақанинг танобини тортиш йўлида дадил ҳаракат қилиб ғалабага эришган ва халқчил қаҳрамон даражасига кўтарилган ва шу жиҳатлари билан ўқувчилар қалбида чуқур жой эгаллаган эди. Ҳар қандай драматург барҳаётлигини таъминлайдиган асосий омиллардан бири яратган пьесаларнинг саҳнавий тарихи бўлади. Шу нуқтаи назардан Бомаршенинг номини абадийлаштирган асар “Фигаронинг уйланиши” бўлди, деб айта оламиз. Зотан, Фигаро фақат Францияда эмас, балки барча Европа мамлакатларида, ва айниқса, Россияда театрлар саҳнасидан мустаҳкам ўрин олган персонаждир. Хусусан, жаҳон маданияти тарихида “Театр ислоҳотчиси” мақомига эга бўлган К.С.Станиславскийнинг 1927 йили МХАТ саҳнасида жонлантирган спектакли узоқ йиллар машҳур бўлиб, театр репертуарини безаб келди. Унда бадиий кашф этилган образлар, айниқса, Баталовнинг Фигароси, Андровскаянинг Сюзаннаси, Завадскийнинг граф Алмавиваси театр ўқув китоблари, дарсликларида намуна сифатида талқин этилади.

Санъатнинг табиати қизиқки, битта Фигаро номли хизматкор неча асрлардан бери Пьер Огюст Бомаршенинг ижодини, унинг ҳаёт йўлини бутун дунё бўйлаб катта қизиқиш билан ўрганишга сабабчи бўлиб келмоқда. Адиб 1799 йил вафот этган бўлса-да, Фигаро унинг номини ҳалигача кўтариб юрибди.

Тойир Исломов,

санъатшунослик фанлари номзоди, профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон