Рюноскэ Акутагава

ХХ аср япон адабиётининг йирик вакили. Дунё адабиётида ҳикоя жанрини янги босқичга олиб чиққан новатор адиб. Асарлари япон ёзувчилари орасида дунёда энг кўп таржима қилинган ва чоп этилган. Тириклик пайтида «адабиёт классиги» деб тан олинган. 1927 йили вафот этган.

Рюноскэ Акутагава 1892 йил 1 март куни, Япония тақвими бўйича аждарҳо йили аждарҳо куни аждарҳо соатида, Токио яқинидаги сут маҳсулотлари сотувчиси хонадонида дунёга келди. «Рюноскэ» исмининг биринчи иероглифи ҳам «аждарҳо» белгисини билдиради. У дунёга келганда онаси 30 ёшдан ошган, отаси эса 40 дан ўтганди. Аёл кишининг 30 ёшдан ўтиб фарзанд кўриши ўша давр япон урф-одатларига кўра хосиятсизликдан дарак берарди. Айнан шу қараш туфайли ота-онасининг муносабати Рюноскэга нисбатан ҳамиша совуқ бўлди. 10 ёшига етганда онаси асаб касаллигидан қазо қилди. Болани фарзандсиз тоғаси асраб олди ва уни энди Рюноскэ Ниихара эмас, тоғасининг исми-шарифидан келиб чиқиб Акутагава деб атай бош­лашди, ҳужжатларда ҳам шу номда расмийлаштирилди. Акутагавалар хонадони маданиятли, зиёли оила эди. Бу ерда қадим насрий ва назмий китоблар, япон мумтоз мусаввирларининг суратлари, Хитойдан келтирилган кутубхона, нафис санъат намуналари бор эди, бу ерда ҳали-ҳануз қадимий анъаналар сақланиб қолганди ва унга қатъий амал қилинар, китобхонлик, қироатхонлик кечалари ўтказиларди. Рюноскэ ана шу муҳитда тарбия олди ва улғайди. Тоғасининг уйида ўқиган ва ўрганганлари унинг ёзувчи бўлиб етишишида муҳим омил вазифасини ўтади. 14 ёшида у Анатол Франс ва Ибсен асарларини ўқиб, улар ҳақидаги баҳсларда фикр билдирадиган бўлди. Ғарб тадқиқотчилари айнан шу далилни келтиришиб Акутагава Анатол Франснинг тарихий ҳикматларидан таъсирланиб қадим япон сюжетларини асарларига олиб кирди дейишади.

1913 йили Токио университетининг инглиз филологияси факультетига қабул қилинди. Талабалик йиллари унинг дастлабки «Қария» ҳикояси босилиб чиқди. Бу ҳикоя ёзувчи ва адабиётшуносларнинг эътиборини тортди. Аммо 1915 йилдан сўнг эълон қилинган «Расёмон дарвозаси», «Бурун», «Дўзах азоби» ҳикоялари Акутагавага катта шуҳрат келтирди, айни шу ҳикоялари уни япон ёзувчилари сафига қўшди.

Акутагава адабиётга кириб келган паллада бутун япон адабиётида ўзига хос турғунлик ва сохта адабиётбозлик авж олганди. ХIХ аср охирида Япония Европа билан яқинлашди, унинг тараққиёт анъаналарини қабул қилди. Ҳатто оддий бош кийимгача Ғарбдан андоза олиниб, бутун мамлакатни бир хил кийинишга ундай бошлашди. Хитойни, кейин Россияни урушда енггандан сўнг империянинг нафси ҳакалак отди: энди бошқа мамлакатларни ҳам босиб олиш учун ўз халқини бетиним урушга тайёрлай бошлади. Бу давр­да ўз азалий илдизларидан узилиш, анъаналарни менсимаслик, унга эскилик деб қараш, европача яшашга интилиш кучайганди. Бундай пайтда адабиёт ҳам ўз бошидан мураккаб ўтиш даврини кечираётганди. Бир томондан, Европа санъатини япон санъатига тўлиқ татбиқ этиш, эски ифода усулларини сиқиб чиқариш, санъатга европача кўз билан қараш, баҳо бериш бошланганди. Сеё Цубоути «Роман моҳияти» рисоласида адабиётда япон анъаналаридан бутунлай воз кечиб, европача тасвир услубига ўтишни санъатнинг бирдан-бир тараққиёт йўли деб баҳолади ва даъватни аксарият ижодкорлар хайрихоҳлик билан қабул қилишди. Бошқа томондан, империя япон халқининг жанговар руҳини, самурайчиликни, ҳарбий қудратни, миллатнинг империя билан бир тан, бир жон эканини тарғиб этувчи адабиётга буюртма беришга ўтди, умуман, ўзининг босқинчилик мафкурасини улуғловчи асарларга имтиёзлар бера бошлади, шундай асарларни янги давр нашрлари ва танқидчилари «япон адабиётининг юксак намунаси» сифатида эътироф этишга киришди. Бошқа томондан, Ғарб беллетристикасидан таъсирланган туппа-тузук ёзувчилар тижорат изидан қувишга тушди: улар детектив ва кўнгилочар китоб­ларни фабрика каби ишлаб чиқара бошладилар. Юксак идеаллар, туб мақсадлар, нафосат ва гўзаллик, қад­рият ва анъаналар сояда қолиб, унут ҳолига келди. Чунки бу пайтда адабиётга алоқаси йўқ, унинг бош вазифасини тушунмаган, ўзларини ёзувчи, адиб деб билган, асарларини сохта ғоялар билан тўлдирган авлод адабиётнинг бошида турарди. Европа анъаналарини кўр-кўрона қабул қилишга ўтган бу хил адиблар япон қалбини тушунишдан маҳрум эди, ёзганлари расмий мафкура буюртма берган мавзулар, япон ҳарбий салоҳиятини илоҳийлаштиришдан бошқа нарса эмасди. Қон ичида юрган, қон тўкишни, ўлдиришни шараф деб билган самурайлар, рицарлар, лашкарбошилар, ҳарбийлар ҳақидаги афсоналаштирилган қаҳрамонлар билан тўлиб-тошган бу хил асарларнинг бозори чаққон эди. Ана шундай пайтда Акутагаванинг асарлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намунаси сифатида пайдо бўлди. Акутагава япон халқининг қиёфаси уруш, ҳарбийлик билан эмас, қалби, кўнгли ва ботини билан белгиланишини, адабиёт ҳамиша инсонпарварлик, ҳаётсеварлик ғояларини куйлаши шартлигини бирма-бир босилиб чиқаётган ҳикоялари орқали исботлаб, кўрсатиб берди. У бу ҳикояларни адабиётни енгил-елпи ғоялар, турли манфаатлар қуроли қилиб олганларга қарама-қарши яратаётгандай эди. У айнан халқининг камситилган, таҳқирланган, эскилик қолдиғи сифатида баҳо берилган, четга сурилган фазилат ва анъаналарини кўз-кўз қилиш, улуғлаш билан ўз адабий йўлини мустаҳкамлаб борарди. Бу ҳикояларда бир нарса аниқ кўринарди: довруқ солишаётганидек Япониянинг қудрати унинг жанговарлигида ҳам, Европа тамаддунини кўр-кўрона қабул қилишида ҳам эмас, балки эзгулик ва гўзаллик билан уйғун яшаётганида, айнан ана шу фазилатларни асрлар давомида ҳаёт тарзига айлантира олганидадир. Халқнинг қуд­рати унинг азалий илдизларида, сарчашмаларида. Эҳтимол, айнан шунинг учун адиб VIII – IX асрларга хос қадим сюжетларни асарларига олиб киргандир. Ёзувчи бу сюжетга таянган ҳолда асарларида ўз даврининг ҳикматларини ярата бошлади.

Шу маънода унинг «Дастрўмол» ҳикояси характерлидир. Ҳикоя Токио университети профессорининг ўз хонасида швед ёзувчиси Стриндбергнинг драма назариясига оид мақоласини ўқиб, ҳайратланиб, айни пайтда, чуқур мулоҳозага берилиб ўтиргани билан бошланади. Мақоладан мутаассир бўлган профессор худди ўша давр янги японлари ҳамда назариячилари каби ўз халқининг тақдири ҳақида чуқур ўйга берилади. Эллик йил олдин бунақа университет қаерда эди, яна ўзининг мутахассислиги – колониал назария қаерда эди? Эллик йил ичида Япония тасаввур қилиб бўлмас даражада ўзгарди. Мана, Цусимида пушкалар ўқ отиб дунёни ларзага соляпти, дунё Япония билан ҳисоблашяпти, унга тан беряпти. Бундан ғурурланган профессор ҳаммаси Европа билан ҳамкорликда, уларнинг тараққиёт йўлини танлаганимизда деган хулосага келади. Аммо маънавий жиҳатдан ишлар қониқарли эмас. Профессорнинг наздида, японлар Стриндбергнинг мақоласидаги фикрлардан анча орқада қолгандай, фикр ва маънавияти ўта тарқоқдек. Профессор халқни тарқоқлик ботқоғидан олиб чиқадиган йўллар ва усуллар ҳақида ўзича мушоҳада ҳам қилади. Шундай йўллардан бири самурайчилик – ҳарбий тартиб, ҳарбий интизом. Ҳарбий интизомгина бу халқни маънавий тарқоқликдан халос қила олади. Ҳарбий интизомгина японларни европаликларга тенглаштира билади, бу халқни ҳарбий интизом билан тарбиялаш керак деган хулосага келади. Шу пайт унинг қабулига талабасининг онаси келганини хабар қилишади. Аёлни қабул қилган профессор касал талабасининг аҳволини сўрайди. Аёл совуққина қилиб, юз ифодаларини ўзгартирмай ўғлининг вафот этганини, шуни билдириш учун олдига келганини айтади. Хабарни аёл шу даражада хотиржам, худди оддий гапдек айтадики, профессор таажжубда қолади. Бояги мақола таъсирида японларнинг қанчалар қолоқ ва маънавий тарқоқ экани ҳақидаги хулосаси тўғрилигига яна бир карра ишонади. Боласининг ўлимини ҳам оддий ҳодисадек қабул қиляпти ва билдиряпти. Профессор аёлнинг юзига, кўзларига қараб ҳам ҳеч қандай ўзгариш сезмайди. Бу ҳолдан яна бир марта халқнинг маънавиятини ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ўйлайди. Аммо шу пайт қўлидан тушиб кетган елпиғични олиш учун стол тагига эгилади ва тасодифан кўзи аёл икки қўли билан ушлаб турган дастрўмолга тушади: аёл рўмолчани бармоқларига ўраб шундай таранг тортиб турибдики, гўё рўмолчани қўйиб юборса, бирдан портлаб кетадигандек, бармоқлар ички азобни бошқаролмай қалтираб кетмоқда эди. Профессор шу дафъа ҳаммасини тушунади: аёл ёт одамга ожизлигини ошкор қилмаслик учун ўзини рўмолча ёрдамида зўрға ушлаб турибди, айни дамда, ўзини улуғ миллатга хос тарзда ўта улуғвор тутяпти. Аслида, аёлнинг ичида уқубатнинг бўрони айланиб юрибди. Профессор ўзи ўйлаган ҳарбий интизом японларнинг ботинида бор деган хулосага келади. Шу ерда даврнинг мафкураси билан халқини баҳолаган профессорнинг бор қиёфаси фош бўлиб қолади. Халқни қайта тарбиялашга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Аксинча, ҳар қандай тараққиёт халқ ботинидаги, халқ шууридаги фазилатларни, унинг улуғвор қудратини, кучини топа олиши шарт ва ўшаларга суяниш керак.

Мана шу кичкина ҳикоя Акутагаванинг япон халқига, ўз даври қарашларига нисбатан бир истеҳзоси эди. Жиккаккина, оддий япон аёлини у кичкина ҳикоя билан япон халқининг кўнгли, ботини, қудрати тимсолига айлантирди. Бу ва бошқа ҳикоялар адибнинг ўша даврдаги халқни тушунмай, уни менсимай туриб Япония учун янги тараққиёт йўлларини излаётганларга жавоби эди.

Акутагава ижодини таҳлил қилган тадқиқотчилар унинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини ижодининг гултожи деб баҳолайдилар ва адиб меросини ундан ижтимоий мазмун изловчилар ўзича, диний ҳикмат изловчилар ўзича, янги новелла анъаналарини излаганлар ўзича, миллийлик бирламчи деювчилар ўзича шарҳлайдилар, табиийки, ҳар бири кўрпани ўз томонига тортади. Фикрлар, талқинлар қанчалик ранг-баранг бўлса, хилма-хил тус олса, Акутагава ижоди шунчалик юксалади, шунчалик улуғворлашади. Унинг япон мифологик қатлами устига қурилган асарларида соф япон характери, дунёқараши, психологияси акс этди, шу сабабли бу ҳикоялар ўлмасдир, яъни асар қанча миллий бўлса, шунча умуминсоний бўлиши исботланди.

Бироқ Акутагаванинг буюклиги ижодининг фақат миллийлигидагина эмас, балки ХХ аср бадиий тафаккурини янгилашга қўшган ҳиссасидадир. Акутагава ўз халқи сарчашмаларини янги нигоҳ, дунёнинг энг илғор адабий анъаналари ва услублари асосида ўрганди. У бу пайтда дунё адабиёти ва услубларидан тўла хабардор, А.Франс, Бодлер, Эдгар По, Ницше, Шопенгауэр, Гогол, Чехов, Толстой, Достоевский каби сўз санъаткорларини ўзининг устози деб биларди, Ғарбнинг янги адабий анъаналари ва шаклларини миллий адабиётга усталик билан олиб кирди. Айнан шу маънода унинг ҳайрат ва уқубат билан айтилган: «Бутун дунё Бодлернинг бир сатрига арзимайди!» – деган афоризми машҳур бўлиб кетган.

«Расёмон дарвозаси» ҳикояси унинг ижодий дунёсини тўлиқ таҳлил қилиш имконини беради. Адиб Расёмон дарвозасини, яъни эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги дарвозани фақат IX асрга хос мифлар ва чўпчакларда қолдирмайди. Худди Ғарбдаги адабий маслакдоши Кафка каби бу кичик, мавжуд асотирни ХХ аср япон кишиси маънавий дунёси ва япон жамиятини таҳлил этувчи воситага айлантиради. Ақл бовар қилмас ёвузлик фақат мифларда мавжудмас. Инсон инсонга ётлиги фақат мифларда қолиб кетмаган. Миф ўтмиш, яъни ибтидоий инсонлар дунёқарашигина эмас. Миф инсон онгида, қалбида, шуурида яшайди. Жамият ва ижтимоий муносабатларнинг ўзи миф. Одамзод мифлардан – ёвуз маъбудлардан, ажина, алвасти ва ёвузлик кучларидан қутулгани йўқ. Улар фақат бошқача кўриниш олган. Ҳар бир кириш ва чиқиш дарвозасида марҳумлар ҳисобига кун кўрувчи кампир қиёфасида ўз қурбонини пойлаб туради. Бу «миф»ни ҳис этиш ва кўриш учун Акутагаванинг кўзи билан дунёга, ҳаётга қараш керак. Демак, Расёмон дарвозаси инсоннинг ўзида, унинг онгида. Ёвузлик ва эзгулик, кўпгина тадқиқотчилар ёзаётгандек, қадим япон битикларию афсоналарида эмас, инсон қалбида курашади. Акутагава ўзининг ҳикоялари орқали инсон онгидаги Расёмон, инсон онгидаги чангалзорлар, қотилликлар, худбинликлар, ёвузлик ҳақида гапиради. Бу ҳикоя миф эмас, ХХ аср кишиси психологияси, ҳаёти, яшаш тарзи ҳақидаги бадиий ҳужжатдир. Ҳикоядаги инсоннинг инсонга ётлиги, душманлиги, кучлининг кучсиз ҳисобига яшаши шакли ўзгарса ҳам, ўша мифлардаги каби ўз моҳиятини йўқотгани йўқ.

Акутагава шундай деган: «Қадимги ва замонавий инсон қалби деярли бир хил, замонлар ўзгарган, аммо у ўзгармаган. Бор ҳақиқат шу».

Акутагаванинг «Чакалакзорда», «Генерал», «Маъбудлар истеҳзоси», «Эзгулик учун тўлов», «Авлиё», «Боғ», «Рокуномия хоним», «О-Томининг муруввати», «Уч хазина», «Зулматдаги диалог», «Тишли ғилдирак», «Телбанинг ҳаёти» каби ўнлаб асарлари жаҳон ада­биётининг ўлмас хазинасига айланди. У ҳар бир деталда даврнинг кўз илғамас фожиаси ва адашишини, хато ва худбинлигини, ёлғон ва сохталигини акс эттирар, фош қиларди. Охир-оқибат у новеллалари, эсселари, «Пигмей битиклари» каби афоризмлари билан санъат, адабиёт ўз халқининг, ўз даврининг виждони ва уриб турган қалби бўлиши кераклигини исботлади.

Ўлимидан сўнг саксон йилдан ортиқ вақт ўтган ва замонлар эврилиб кетган бўлса-да, бор-йўғи 35 йил умр кўрган, шундан ҳам нари борса ўн йилини том маънода адабиётга бағишлай олган, ХХ аср япон адабиётининг классиги Рюноскэ Акутагаванинг адабий мероси ҳозиргача нафақат Японияда, балки бутун дунёда баҳс-мунозаралар марказида. Зеро, тадқиқотчилар, санъатшунослар Акутагава новеллаларидан сўнг япон адабиё­тида реализм имконияти тугади, ундан кейин насрда ёзишнинг зарурати қолмади деб даъво қилишганда адибнинг ўзи ҳали тирик эди ва у бу мақтовларга истеҳзо тўла сукутли нигоҳи билан жавоб берарди.

Акутагава умр бўйи онасидан ўтган асаб касаллигидан азоб чекди. Бу касалликни, унинг зил-замбил босимини унутиш учун бор кучини адабиётга сарфлади. Баъзи йиллар тўққиз ой ичида 20 та новелла ва эссе, мақолалар эълон қилган пайтлари ҳам бўлди. У касалликни унутиш учун ўзини санъатга урди, бу оламда бир оз ором олгандай ҳис этди. Айнан адабиёт ва ижод завқи туфайли касаллик билан қарийб ўн беш йил олишди. Акутагава ўз даврида ёзувчи учун керак бўлган ҳамма нарсага: шон-шуҳратга, моддий таъминотга, устма-уст нашр этилаётган китобларга эга бўлди. Дунё адабиётида камдан-кам шахсларга насиб қиладиган эътироф – ҳаётлиги даврида «тирик классик» деган мақомга эришди.

«Жаҳаннам азоби» ҳикоясида худди ўзининг касаллиги билан олишиш жараёнини тасвирлагандай таассурот уйғонади. Ҳикояда ҳукмдор машҳур сарой рассоми Ёсихидэга дўзах азобини тасвирлашни буюради. Ёсихидэ шунчалик улуғ рассомки, у расмида тасвирлаган воқеа албатта содир бўлади. Аммо унинг битта айби бор: кўрмаган нарсасини чизолмайди. Ҳукмдорнинг буйруғини бажариш учун рассом олти ой уринади. Олти ойдан сўнг карета ичида ёнаётган аёл суратини чизиб келади. Рассом мен расмни фақат хаёлим кучи билан тасвирладим, аммо ҳақиқий чиқмади, кўнглим тўлмади, чунки дўзах азобини кўрмаганман дейди. Ҳукмдор ундан яшириб каретага Ёсихидэнинг қизини боғлаб ёқиб юборишни ва ўша тасвирни рассом чизиб беришини тайинлайди. Ёсихидэ ёнаётган каретага қараб расм чизишни бошлайди. Фақат энг сўнгги лаҳзалардагина карета ичида ёнаётган ўз қизи эканини билиб қолади. Довдирайди, ҳукмдорнинг мақсадини тушунади. Шунда ҳам чизишдан тўхтамайди: бундай уқубатни рассом ўтказиб юбориши мумкин эмас деб ҳисоблайди ва қизининг ёнишини бўёқлар воситасида матога муҳрлайди. Бу билан унга азоб бермоқчи бўлган ҳукмдор устидан ғалаба қилади: ўз азобини мангуликка чизиб қолдиради. Энди унинг чизгани инсоният мулки сифатида ҳукмдордан кўпроқ яшайди ва ундан кўпроқ шон-шарафга эришиб, одамларни асл ҳодисадан огоҳ қилади.

Акутагава ўз ҳикояси қаҳрамони Ёсихидэнинг: «Ҳар қандай қурбонлик, ҳар қандай гуноҳни фақат санъатгина кўтара олади», – деган гапини яхши кўрарди. У санъат учун ўзини қурбон қилганлардан эди. Фақат санъатгина унга бу дунёда азоб-уқубат билан курашишга куч, қувват бағишлаб турарди, фақат санъатгина инсониятни айниб кетишдан, бузилишдан асраб қола олади деб тушунарди. Акутагава шу эътиқод билан яшади, шу эътиқод билан ижод қилди. Ҳикоялари, уларда кўтарилган фикр ва ғоялар билан ўз даври қарашларини тубдан ўзгартира олди, ўз даври ижодий жарёнининг инсонпарварлик томон оғишмай боришини таъминлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилди.

Аммо охир-охибат касаллик уни енгди. Унинг ижодини, у интилган ва тарғиб қилган, идеаллаштирган ғояларни тушунмай, санъат моҳиятини тўлиқ англамай туриб уни «қадим япон анъаналарига ёпишиб олган эски услубдаги адиб» дея айюҳаннос солган, кейин «тирик классик» дея атаган замонасига нисбатан ўз умрини, ўз туйғуларини қизғанди ва 35 ёшида ўзини ўзи ўлимга ҳукм этди.

Акутагавадан катта ҳажмли адабиёт эмас, балки бой, сермазмун, эскирмайдиган адабий мерос қолди. У ўз ижодида ХХ аср бошидаги Шарқ ва Ғарб анъаналарини бирлаштирди – Шарққа ўқиб бўлинган эртак, миф дея қаровчиларга Шарқ абадий ва азалий санъат сифатида инсоният бадиий тафаккурининг таянчи бўлиб қолаверишини исботлади.

Акутагава қадим япон битикларини, сюжетларини қайта ишлаб ХХ аср битикларига, ХХ аср мифларига айлантирди. 80 йилдан ошдики, бутун дунё бу битикларни, бу мифларни – ўзи, кўнгли, орзу-армонлари ҳақидаги ҳақиқат-эртакларни ўқишда давом этмоқда.

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!