3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида бўлиб ўтган “Олтин қалам” VIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида www.ziyouz.com, www.ziyouz.uz веб-сайтлари бош муҳаррири Давронбек Тожиалиевга ушбу мукофот топширилди.
Халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, маданиятини кенг тарғиб қилиш, миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, ёшларни турли ахборот хуружлари, жумладан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашга қаратилган журналистик фаолияти учун Интернет-журналистика йўналишида иккинчи ўрин Ziyouz портали муаллифига насиб этди.
2004 йили «Зиё истаган қалблар учун» шиори остида сайт ташкил этилган ушбу порталда ҳозирда 14000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 3381 та электрон китоб (PDF, HTM, DJVU, MP3, JAR форматларида), ўзбек адабиётидан 1759 та насрий асар, жаҳон адабиётидан 465 та насрий асар, 600 дан ортиқ ижодкорнинг фаолиятига оид маълумотлар, ўзбек мумтоз шеъриятидан намуналар (124 ижодкор), замонавий ўзбек шеърияти намуналари (281 ижодкор), жаҳон шеърияти намуналари (246 ижодкор), 10000 дан ортиқ ўзбек мақоллари, 5000 га яқин жаҳон халқлари мақоллари, 265 та ҳикоят, 30000 га яқин ҳикматли сўз ва афоризмлар, 1500 та топишмоқ, 100 га яқин халқ эртаклари, юртимиз ҳақида 900 дан ортиқ фотосуратлар, 200 га яқин расмли табрикномалар ўрин олган.
Кунига порталга 5000-6000 фойдаланувчи ташриф буюради (www.uz рейтингига кўра, 2500-3500). Openstat маълумотларига кўра, 2012 йилнинг ўзида сайтга кирганлар сони 1 585 000 дан ошди, 35 000 000 саҳифа ўқилди. 2004 йилдан бери порталга ташриф буюрганлар сони 12 000 000 дан ошди. Порталга Ўзбекистондан сўнг Россия (йилига 255 000 киши), АҚШ (170 000), Корея (32 000), Туркия (26 000), Хитой (24 000), Қозоғистон (23 000), Қирғизистон (22 500), БАА (12 000), Германия (11 000), Тожикистон (10 000), Украина (10 000) каби 160 дан ортиқ давлатдан ташриф буюришади.
UZ Миллий домени-2012 интернет-фестивалининг Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритган эди.
«Инсон бу дунёга келдими, шу ҳаводан нафас олиб, шу тупроқдан неъматлар еб, шу халқнинг тарбиясини кўрдими, энди ўзи ҳам шу халққа нимадир хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Мен портални ташкил этаётганимда шуни ният қилгандим. Бугун хизматларим самараси ўлароқ «Олтин қалам» миллий мукофоти лойиқ кўрилганим учун халқимга, ота-онам ва устозларимга миннатдорлик изҳор этмоқчиман», дейди портал муаллифи Давронбек Тожиалиев.