“Юлдузли тунлар” романи инглиз тилида чоп этилди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб “Юлдузли тунлар” романининг инглизча нашри (“Babur: Starry Nights”) чоп этилди. Лойиҳа Ислом Каримов номидаги фонд томонидан амалга оширилган.

Романни британиялик мутаржим Кэрол Ермакова инглиз тилига ўгирган, таржима матни Жули Уикенден томонидан таҳрир қилинган. Таниқли рассом Бобур Исмоилов эса нашр учун суратлар ишлаган. Китоб Франциянинг “Nouveau Monde Editions” нашриётида чоп этилган.

Атоқли шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483–1530) ҳаётига бағишланган тарихий роман 1972 йилда ёзилган. Пиримқул Қодиров ушбу романи учун 1982 йилда Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

“Юлдузли тунлар” асари рус, япон, ҳинд, урду, турк, қозоқ, уйғур, туркман тилларига ҳам таржима қилинган.