Ҳафта давомида ОАВ ва халқаро жамоатчилик эътибори Фаластин раҳбари Ёсир Арофат саломатлиги билан боғлиқ ҳодисаларга қаратилди. 29 октябр куни Арофат саломатлиги ёмонлашгани сабабли Париждаги ҳарбий касалхонага ётқизилган эди. Кунлар ўтиши билан унинг аҳволи оғирлашиб борди. У бир неча кун давомида реанимацияда беҳуш ётди. Оммавий ахборот воситаларида Арофат ҳақида бир-бирига қарама-қарши бўлган хабарлар тарқатди.
Вазият билан бевосита танишиш учун ҳафтанинг душанба кунида Ёсир Арофатдан хабар олиш мақсадида Фаластин маъмурияти Бош вазири Аҳмад Қурай, Фаластин озодлик ташкилоти Бош котиби Маҳмуд Аббос, Ташқи ишлар вазири Набил Шаат ва Парламент раиси Рути Фати Парижга боргандилар. Сешанба куни Фаластин маъмурияти делегациясига реанимация хонасига кириб, Ёсир Арофатнинг ҳолидан хабар олишга рухсат берилди.
Ёсир Арофатни кўриб чиққанидан кейин Фаластин озодлик ташкилоти Бош котиби Маҳмуд Аббос Фаластин раҳбарининг аҳволи «ўта жиддий» эканини маълум қилганди. Париждаги меҳмонхоналарнинг бирида бўлиб ўтган матбуот конференцияда Фаластин Ташқи ишлар вазири Набил Шаат ўшанда Арофат оламдан ўтмаганини, унинг юраги, ўпкаси ва бош-қа аъзолари ишлаётганини, аммо унинг миясига қон қуйилганини маълум қилганди. Фаластин расмийси Арофат саратон касаллигига чалинмаганини айтганди.
Фаластин мухторияти раҳбари, Фаластин озодлик ҳаракатининг машҳур етакчиси Ёсир Арофат 75 ёшида Франция пойтахти яқинидаги ҳарбий касалхонада оламдан ўтди.
Арофат Рамаллоҳда дафн этилади. Фаластин халқи мустақиллик ва озодлик учун курашган етакчиси билан видолашмоқда. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Фаластин раҳбари Ёсир Арофат мураккаб сиёсий мерос қолдирди.
У ўз ҳаётини мустақил Фаластин давлатини барпо этишга бағишлади. Ёсир Арофатнинг асл исми Муҳаммад Абдул-Рауф Арофат Асқудва ал-Ҳуссайний бўлиб, у 1929 йилда туғилган. Кўплар Арофатни Мисрда туғилган деса, айримлар Қуддус ёки Ғазо минтақасини тилга олади. Болалигиданоқ Арофат Ёсир исми билан танилган. Фаластинликлар эса, уни Абу Умар деб аташади.
У 17 ёшга кирмай туриб, Коҳирадан Фаластинга ғайриқонуний равишда қурол-аслаҳа олиб ўта бошлагани ҳақида маълумотлар бор. Ўша даврда фаластинликлар Британия ва яҳудийларга қарши курашаётган эди. 50-йилларда, яъни талабалик даврида ҳам Ёсир Арофат шу фаолиятни давом эттирди. У инженер дипломини қўлга олганидан сўнг ҳам Мисрдан Исроилга қурол олиб ўтиш билан шуғулланганди.
1958 йилда Арофат бир гуруҳ сафдошлари билан «Фатҳ» гуруҳига асос солади. 60-йиллар ўрталарида эса, Фаластин Озодлик ташкилотини тузади. Ҳар иккала тузилма Исроилга ҳужумлар уюштириш билан шуғулланган. Кўп ўтмай «Фатҳ» Фаластиндаги энг қудратли ташкилотга айланади. Айни вақтда Фаластин озодлик ташкилотининг нуфузи шу қадар ортади-ки, Исроил ҳукумати уни Фаластин халқининг расмий ва рамзий вакили сифатида эътироф этади. Арофат эса, ташкилотнинг ижроия қўмитаси раҳбари этиб тайинланади.
Исроил ва уни қўллаб-қувватлаган АҚШ қаторида халқаро ҳамжамиятнинг айрим бошқа аъзолари ҳам Арофатни террорчи деб айблайди. Шундай бўлишига қарамасдан 1988 йилда у БМТда чиқиш қилиб, террорчиликни расман қоралаганди ва ўз позициясини айтганди.
90-йилларга келиб Исроил ва Фаластин муносабатлари анча яхшиланган эди. 1994 йилга келиб эса, Арофат Исроил раҳбари Итсхак Рабин ва ташқи ишлар вазири Шимон Перес билан биргаликда Нобел Тинчлик мукофоти билан тақдирланганди.
1996 йилда Арофат Фаластин мухторияти президенти этиб сайланади. Кейинги йилларга келиб Исроил-Фаластин муносабатлари яна кескинлашади ва натижада 2002 йилда АҚШ Президенти Жорж Буш фаластинликлар янги раҳбарни сайлаши керак, деб таъкидлаганди.
Исроил ҳукумати буйруғи билан, Исроил танклари Арофатнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Рамаллоҳ шаҳрида жойлашган қароргоҳини қуршовга олди ва ўша вақтдан то Париж касалхонасига ётқизилгунича Фаластин президенти уй қамоғида сақланган эди.
Шерзод АҲМАТОВ тайёрлади