Япон маданиятига бағишланган кўрсатувлар туркуми ўзбек тилида намойиш этилади

Жорий йил 17–22 апрель кунлари соат 17:00 да “Madaniyat va ma’rifat” телеканалида Япония фонди билан ҳамкорликда “Wa! Journey! Wonderful Japanese Culture” деб номланган кўрсатувлар туркуми эфирга узатилади. Бу ҳақда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

6 қисмли ҳужжатли фильмда Япониянинг порт шаҳарларига хос маданий анъаналар ҳақида ҳикоя қилинади.

Сингапурлик мухбир ҳамда малайзиялик оператор япон маданиятига хос “Wa” (уйғунлик) феноменини ўзига хос тарзда очиб беради. Ушбу феномен тарих ва бугунги кун, анъанавий ҳамда замонавий маданият муштараклигини акс эттиради.

“Wa! Journey! Wonderful Japanese Culture” кўрсатувлари 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Япония фонди ўртасида тузилган битим доирасида тақдим этилмоқда.

Маълумот ўрнида, Япония фонди Кунчиқар ўлка ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида, санъат ва маданият, япон тилида таҳсил, Японияни кашф этиш ва интеллектуал алмашув каби йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.