Хитойнинг Цзянсу провинцияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш истагида

Хитойнинг Цзянсу провинцияси Ўзбекистон билан турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Бу ҳақда мазкур провинция ҳукуматининг Ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хуан Шицзян ўзбекистонлик журналистлар билан Нанкин шаҳрида ўтган учрашувда маълум қилди.

Хуан Шицзян Ўзбекистон Хитой томони таклиф этган “Бир белбоғ, бир йўл” халқаро ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлагани, мамлакат Марказий Осиёда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

“Бугун дунё миқёсида капитал, саноат ва технология тараққиётининг янги тўлқини кузатилмоқда. Бу жараёнда ўзига хос муаммолар ҳам бўлиши табиий. Демак, бугун икки томонлама манфаатли ва бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Цзянсу провинцияси Ўзбекистон билан биринчи навбатда ишлаб чиқариш қувватини ошириш борасида ҳамкорлик қилиш истагида”, – деди Хуан Шицзян.

Қайд этилишича, Jinsheng компаниялари гуруҳи каби ишлаб чиқариш гигантлари Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, муҳандислик техникаси, тўқимачилик, энергия манбалари, озиқ-овқатни қайта ишлаш, қурилиш материаллари каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш имконига эга.

Цзянсу провинцияси, шунингдек, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш бўйича ҳам катта тажриба орттирган.  Провинция, хусусан, Камбожа, Эфиопия ва араб давлатларида муваффақиятли тарзда саноат паркларини ташкил этган. Хуан Шицзяннинг маълум қилишича, провинция раҳбарияти 2017 йил августда Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада музокаралар олиб борган.

Цзянсу провинцияси Ўзбекистон билан таълим ва туризм соҳасида ҳам робиталарни кучайтириш истагида.

“Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлигини қадрлайди. У Ўзбекистонни “ишончли дўст”, “яхши қўшни” ва “манфаатли ҳамкор” деб атаган. Цзянсу “Бир белбоғ, бир йўл” халқаро лойиҳаси чорраҳаси сифатида Хитой Халқ Республикаси Раиси кўрсатмасига мувофиқ Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилади”, – деди Цзянсу ҳукумати Ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хуан Шицзян.

Цзянсу ҳукумати вакили икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим эканини таъкидлаб, ўзбекистонлик журналистларни мамлакатлар ҳамкорлиги хусусида кўпроқ ёзишга чақирди.

80 миллион нуфусли Цзянсу – Хитойнинг бой музофотларидан бири. Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, 2017 йилда ҳудуд ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1,3 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Провинцияда Хитой аҳолисининг атиги 1 фоизи яшайди, аммо мамлакат иқтисодиётининг 10 фоизи ушбу музофот ҳиссасига тўғри келади. ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти ҳам жуда юқори – 15 минг АҚШ долларига яқин.

Қулай инвестиция муҳитига эга музофотга хориж сармоядорларининг қизиқиши баланд. Масалан, 2017 йилда провинцияга 25 миллиард 140 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл сармояси жалб этилган. Музофотда жаҳондаги 500 та етакчи компаниянинг 380 таси фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Цзянсу сармоядорлари хорижий давлатларга 9 миллиард 270 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.

Музофотда ишлаб чиқариш, енгил саноат, металлургия, электроника ва машинасозлик ривожланган. Ҳудуд атроф-муҳит муҳофазаси, муқобил энергия, ақлли электр тармоқлари бўйича ҳам пешқадам ўринда.

Инновация технологиялар ҳамда илм-фан равнақи ҳудуд тараққиётини таъминловчи омиллардан саналади. Расмий маълумотларга кўра, музофот бюджетининг 20 фоизи инновацион технологияларни ривожлантиришга сарфланади.

Ҳудудда 167 та олий ўқув юрти фаолият юритади, мазкур илм даргоҳларида 1,9 миллион талаба (уларнинг 40 минг нафари хорижликлар) таҳсил олади.  750  га яқин илмий-тадқиқот институтларида эса 700 минг зиёд олим ва мутахассис фаолият юритиб келмоқда.

Цзянсу провинцияси – Шарқу Ғарбни боғловчи ҳудуд. Провинция маъмурий маркази Нанкин шаҳридан Европага қадар темирйўл қатнови йўлга қўйилган. Шу боис ХХР Раиси Си Цзиньпин ушбу провинцияни “Бир белбоғ, бир йўл” лойиҳасининг чорраҳаси деб атаган.

С.Салим

Муаллиф олган суратлар