22 сентябрь куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида UZ миллий домени интернет-фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Фестивал Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси кўмагида “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ҳамда “InfoCOM.UZ” журнали томонидан ташкил этилди.
Бу йилги фестивал танловига 800 дан ортиқ ариза келиб тушган ва унда 549 сайт иштирок этди. Шунингдек, жорий йил илк марта фестивал доирасида мамлакатимиз дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган энг яхши мобил иловалар ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ҳам тақдирланди.
Интернет-фестивал мамлакатимизда 2001 йилдан бошлаб, ўзбекча сайтларни ривожлантиришни мақсад қилган UZ Миллий домени Интернет-фестивали эса 2007 йилдан бошлаб ўтказиб келинади.
Танловнинг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди. 2004 йили фаолият бошлаган портал бугунги кунда ўзбек тилидаги энг катта маънавий манбага айланган. Унда 5000 дан ортиқ электрон китоб, 15000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар ўрин олган.
2012, 2013 йилги танловларда ҳам ушбу йўналишда www.ziyouz.uz биринчи ўринни қўлга киритган эди.