Океанлар оқимининг сабаби нима?

Денгизларнинг кўп миқдордаги суви ҳамиша бир жойдан бошқа жойга кўчиб юради. Уларнинг айланиши жуда мураккаб, чунки сувни ҳаракатга келтирадиган сабаблар кўп. Шундай сабаблардан бири зич сувнинг пастга эниши, енгилроқ сувнинг эса юқорига кўтарилишидир.

Океандаги энг зич сув совуқ ва шўр сувлардир. Шимолий Муз океанидаги ва Антарктида яқинидаги денгизлар суви музлаганда, шундай ҳол юз беради. Шундай музлаш натижасида ҳосил бўлган музнинг таркибида туз жуда кам. Муз ҳосил бўлганидан кейин қоладиган совуқ шўр сув денгиз остига тушади.

Океандаги энг шўр сувлар тропиклар минтақасидадир. Бу сув жуда илиқ ва шўр. Остки катламлардаги сувнинг шўри камроқ бўлгани билан зич ва совуқдир. Шунинг учун ҳам туз океан юзасида қолади. Шўр сув шамоллар ёрдамида у ёқдан бу ёққа сузиб юради.

Баъзан шамол ва соҳилдаги сув билан қуруқлик туташган чизиқ сувнинг ҳаракатланаётган массасини бирлаштиради. Сув эса оқим ҳосил қилиб, тезроқ оқа бошлайди. Оқимлар дарёнинг денгизга оқиб тушишини эслатади. Энг машҳур оқим Гольфстримдир. Уни Бенжамин Франклин кашф этган. Гольфстрим Атлантика океанидаги экватордан унча узоқ бўлмаган жойдан бошланади.

Экватор яқинидаги доимий шамоллар деярли ҳамиша шарқдан эсади. Улар илиқ шўр сувни Кариб ороллари ёнидан ҳайдаб ўтиб, Флорида ярим ороли ва Америка Қўшма Штатларининг шарқий соҳиллари ўртасида пайдо бўлган бепоён кўрфазга қамайди. Сув бу ерда тўпланади ва сўнгра шимолга Гаттерас бурни томон оқа бошлайди.

Бу ерда Гольфстрим энсизроқ бўлиб қолади ва тезроқ оқа бошлайди. Унинг тезлиги соатига бир неча километрга етади. Бу ерда оқимнинг эни 16 км, чуқурлиги эса 550 метрга боради. Гольфстрим ҳам қуруқликдан оқиб ўтадиган дарё сингари океан устида ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаб оқади. Аммо аниқ бир йўналиши булмагани учун у дарёга ўхшаб, бир жойда турмайди.

Гольфстрим сингари юзаки оқимларнинг остида ҳам бир неча оқим бўлади. Улар қарама-қарши оқимлар деб аталади. Улар асосий юзаки оқимнинг йўлидан тескари қараб оқади.

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши ҳам оқимлар ҳосил бўлишига таъсир кўрсатади.