Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда изчил ривожланмоқда. Бу ҳақда ушбу мамлакатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев 25 декабрь куни Тошкентда ўтган давра суҳбатида маълум қилди.
Суратда: (чапдан) Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Андрей Мокроусов, Россиянинг юртимиздаги элчиси Владимир Тюрденев, “Россотрудничество”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика ҳамда Россия элчихонаси матбуот котиби Дмитрий Петров
Россия элчиси жорий йил 14 ноябрь куни икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилганига 10 йил тўлганини алоҳида қайд этди. Мазкур сана муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга табрик йўллади. Россия етакчиси ўз мактубида 2005 йил 14 ноябрда имзоланган “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартнома икки давлат алоқалари тарихида янги саҳифа очгани, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга замин ҳозирлаганини таъкидлади.
В.Тюрденев икки мамлакат раҳбарлари ўртасида яқин дўстона муносабат мавжудлиги, олий даражадаги учрашувлар мунтазам йўлга қўйилганини билдирди.
Ўзбекистон раҳбари Россияга жорий йилнинг ўзида икки бора – май ва июль ойларида ташриф буюрди. Хусусан, 9-10 июль кунлари Уфа шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасида В.Путин И.Каримов билан учрашиб, уни Россияга таклиф этган эди. Элчи В.Тюрденевга кўра, айни пайтда Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Россия ҳам икки томонлама, ҳам БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириб келмоқда. Муайян масала ва муаммоларга қарашлар ўхшаш ёки яқин бўлгани боис икки давлат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.
Россия элчисининг маълум қилишича, жаҳондаги беқарор молиявий вазият боис жорий йилнинг 9 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми камайган. Аммо айни пайтда савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан Россияга мева ва сабзавот экспортини кўпайтириш режалаштирилмоқда.
В.Тюрденев маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам алоҳида тўхталди. 2013-2015 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳужжатга кўра ушбу йўналишда талай ишлар амалга оширилди. Масалан, кейинги йилларда ўзбекистонлик ёшларнинг Россия олий таълим даргоҳларига қизиқиши ортиб бормоқда. Тугаётган йилда 1581 нафар ўзбекистонлик ёшлар Россия олий ўқув юртлари талабаси бўлгани ҳам буни тасдиқлайди. Умуман, Россия олий таълим даргоҳларида 12 мингдан ошиқ Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда.
Яқин муддатда маданий-гуманитар ҳамкорликка оид 2016-2018 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳужжат қабул қилиниши ва ушбу жабҳадаги алоқалар янада фаоллашуви кутилмоқда.
Элчи В.Тюрденев Россия Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бундан кейин ҳам катта аҳамият қаратишини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида матбуот, радио, телевидение ва интернет нашрлари журналистлари ўртасидаги ижодий танлов натижалари эълон қилинди. Икки давлат ҳамкорлигининг турли соҳаларига оид энг яхши материаллар муаллифлари Россия элчихонаси томонидан мукофотланди.
Собир Салим