Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида хавфсизликни таъминлаш аъзо мамлакатлар олдидаги энг асосий вазифалар сирасига киради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги маърузасида таъкидлади.
“Бундан кейин минтақавий аксилтеррор тузилмаси салоҳиятини янада ошириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини БМТ ва бошқа халқаро ташкилот доирасида мувофиқлаштириш, ШҲТнинг экстремизмга қарши кураш бўйича конвенциясини тайёрлаш жараёнини тезлаштириш, наркотикларга қарши кураш стратегияси ва уни амалга ошириш дастурини янгилаш, ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш лозим”, – деди Россия етакчиси.
Қайд этилиши, ташкилот таъсис этилган 15 йил давомида унинг халқаро майдондаги роли кучайди. Айни пайтда ташкилот ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизи, сайёрамиз аҳолисининг 45 фоизи тўғри келмоқда. Унинг доирасида 18 та – 6 та аъзо, 6 та кузатувчи ва 6 та мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқда.
2015 йил Уфада ўтган саммитда ШҲТнинг узоқ муддатга мўлжалланган ишлар режаси тасдиқланган эди. Россия раҳбари сиёсат, иқтисод ва маданият йўналишидаги 70 дан ошиқ тадбирни ўз ичига олган мазкур режа ташкилот фаолиятини янада жонлантиришини қайд этди.
В.Путин ШҲТ ҳудудида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, савдо, капитал ва ишчи алмашуви бўйича тўсиқларни бартараф этиш, саноат ва технологик кооперацияни кенгайтириш, нақлиёт ва транспорт тузилмасини яхшилаш вазифаларига эътибор қаратди.
Россия етакчисига кўра, Евроосиё иттифоқи ва Хитой таклиф этаётган “Буюк ипак йўлининг иқтисодий белбоғи” лойиҳаларини ўзаро уйғунлаштириш истиқболда катта натижалар беради. Қолаверса, катта Евроосиё ҳамжамиятига ШҲТ ва МДҲ давлатларининг ҳам қўшилиши муҳим аҳамиятга эга. Молиявий-иқтисодий робитанинг мустаҳкамланиши эса Евроосиё банки, БРИКС банки ва Осиё инфраструктуравий сармоялар банки каби тузилмалар билан алоқани мустаҳкамлайди.
В.Путин ШҲТ кузатувчи давлати саналган Эроннинг аъзолиги масаласига ҳам тўхталди.
“Ташкилот фаолиятида 2005 йилдан бери Эрон кузатувчи сифатида фаол қатнашиб келмоқда. Эрон ядро муаммоси ҳал этилиб, БМТ санкциялари бекор қилинганидан кейин Теҳроннинг аризасини ижобий кўриб чиқиш учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади деб ҳисоблайман”, – деди у.
Россия президенти ШҲТ давлатларининг гуманитар жабҳадаги ҳамкорлигига ҳам эътибор қаратиб, туризм соҳасида ҳамкорлик кенгаяётгани, йил охирига қадар ШҲТ университетининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ҳужжат имзоланиши кутилаётганини маълум қилди.
В.Путин ўз маърузасида Тошкент саммити юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ўтган ШҲТ саммитида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.
Шунингдек, машваратда Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди. Меҳмонлар орасида ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев, БМТ Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, МДҲ ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев, КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Минь, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Цзяньвэй ҳам бор эди.
Музокаралар якунида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар, ШҲТ 15 йиллигининг Тошкент декларацияси, ташкилотнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
ШҲТ саммити доирасида 23 июнь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртаси музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат стратегик ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан бораётгани қайд этилди.
Саммит якунлангач, икки давлат раҳбарлари Тошкентдаги Александр Пушкин номидаги хиёбонга бориб, буюк рус шоири ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.
Собир Салим