Ўзбекистонлик таниқли маданият ва санъат намояндаси, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри собиқ директори Маҳмуд Муродов Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Мукофот Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма томонидан Тошкентда ташкил этилган анжуманда тантанали тарзда топширилди.
Элчи Ё.Фужияма М.Муродовни самимий табриклаб, унинг Япония ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро англашувни кучайтиришдаги хизматини юксак баҳолади. Жумладан, М.Муродов ташаббуси билан Ўзбекистон давлат академик катта театрида япон маданиятига доир бир қатор ёрқин лойиҳалар амалга оширилгани эътироф этилди.
Ўз навбатида М.Муродов Япония ТИВнинг мукофоти академик катта театр жамоаси ҳамда мамлакат опера ва балет санъати вакиллари ижодий фаолиятига берилган юксак баҳо эканини таъкидлади. Мукофот соҳиби икки мамлакат дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи лойиҳалар давом этишига тилак билдирди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Япония ТИВнинг Фахрий ёрлиғи Кунчиқар ўлка ҳамда ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги дўстона робиталарни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларга тақдим этилади.
2015-2021 йилларда давлат академик катта театрга раҳбарлик қилган М.Муродов ижодий лойиҳалар орқали Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги робиталарни янада чуқурлаштиришга катта ҳисса қўшди. У айни пайтда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур ҳам Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган эди.
Шу мавзудаги мақолалар:
Тошкентда Япон маданияти кунлари бўлиб ўтди. 21.07.2022
Тошкентда Япония элчихонаси билан ҳамкорликда онлайн семинар ва маҳорат дарси ўтказилди. 04.03.2022
Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатларига 30 йил тўлмоқда. 11.01.2022