Ўзбекистонда олмон тилининг ёш билимдонлари аниқланди

19 ноябрь куни Тошкентда олмон тилини ўрганувчи ўқувчилар ўртасида ифодали ўқиш танлови бўлиб ўтди. Анъанавий танлов ўн биринчи бор Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Элчихонанинг Маданият ва матбуот бўлими маълум қилишича, ижодий мусобақада Ўзбекистондаги ўрта мактаб ва академик лицейларнинг 30 нафар ўқувчиси иштирок этди. Қатнашчилар ўқув муассасаларида уюштирилган ички танловларда саралаб олинди.

Ёш билимдонлар тил билиш даражаси бўйича уч гуруҳга тақсимланди. Шу тариқа “А” гуруҳида Самарқанд шаҳридаги 51-мактаб ўқувчиси Омина Аҳрорқулова, “В” гуруҳида Урганч шаҳридаги 19-мактаб ўқувчиси Расулбек Рустамов,  “С” гуруҳида эса Навоий шаҳридаги 2-мактаб ўқувчиси Дилором Мирзаева ғолиб чиқди.

Қатнашчиларнинг олмонча матнни тушуниш ва уни ифодали ўқиш бўйича қобилияти Гёте институти, Хориждаги мактаблар бўйича Германия марказий бошқармаси (ZfA) ҳамда Германия элчихонаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган.

Олмон тили Ўзбекистонда энг кўп ўрганиладиган хорижий тиллар сирасига киради. Маълумотларга қараганда, мамлакат бўйича 400 мингга яқин ёшлар ушбу тилни ўрганади.

Ўзбекистон охирги йилларда олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича дунё давлатлари ўнлигига кирган. Аммо кейинги йилларда бу борада пастлаш кузатилгани айтилади.

Германия ва Ўзбекистон таълим, шу жумладан, олмон тилини ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Германия Ташқи ишлар вазирлигининг “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” ташаббуси доирасида Хориждаги мактаблар бўйича марказий бошқарма олмон тилини чуқурлаштирган ҳолда ўқитиш бўйича Ўзбекистондаги бир неча мактаб ва лицейга кўмак беради. Шунингдек, Гёте институти ҳам мактаб-лицейлар билан ҳамкорлик ўрнатган.

Бундан ташқари, мактаблараро алмашув дастурлари мавжуд. Бу борада Бонн ва Бухоро, Гиссен ва Урганч ўртасидаги ўқувчилар алмашув дастурларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон миллий университети ҳамда Мюнстер университети германистика бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Қолаверса, Гёте институти ўзбекистонлик ўқитувчилар малакасини ошириши ҳамда ўқувчилар олмон тили бўйича билимини чуқурлаштириш учун ҳар йили стипендиялар тақдим этади. Германия педагогик алмашувлар хизмати ҳам олмон тили муаллимлари учун малака ошириш курслари уюштиради.

С.Салим