Ўзбекистонда БМТ шартномалари қандай бажарилмоқда?

Жорий йил 28 февраль куни Тошкентда Халқаро юристлар комиссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳамкорлигида Ўзбекистонда БМТ шартномаларининг бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Миллий ва халқаро экспертлар имплементация масаласини Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция мисолида кўриб чиқдилар. Муҳокамаларда БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан берилган сўнгги тавсиялари ижросини Ўзбекистонда самарали мониторинг қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш учун зарурий чоралар кўриб чиқилди.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, жумладан, қонунчилик ислоҳотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча халқаро шартномалар ратификация қилинди. БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси бу борадаги сўнгги ҳужжатлар сирасига киради. Ўйлаймизки, бугунги муҳокамалар Ўзбекистонда барча ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни самарали ҳимоя қилиш бўйича мавжуд мувофиқлаштиришни янада такомиллаштириш ва ечимларни аниқлаш имконини беради”, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Европа ва Марказий Осиё дастурининг халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси директори в.в.б. Темур Шокировга кўра, БМТнинг шартномавий тузилмалари тавсияларининг бажарилишини назорат қилиш нафақат халқаро мажбурият, балки БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномаларига аъзо бўлган ҳар қандай иштирокчи давлат учун маънавий масъулиятдир. Иштирокчи давлатлар БМТнинг нуфузли органлари тавсияларининг тўлиқ бажарилиши учун жавобгардир. Акс ҳолда, шахслар ва гуруҳлар инсон ҳуқуқларининг бузилиши хавфи остида қолади.

“Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, аёллар, болалар ва ёшлар, шунингдек, алоҳида эҳтиёжли шахслар ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Шу билан бирга, давлат, фуқаролик жамияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, халқаро ва миллий экспертлар иштирокида бугунги халқаро эксперт муҳокамасининг ўтказилиши мазкур қарорнинг ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш соҳасида илғор тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади”, – деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили в.в.б. Фабио Пиана шартнома органлари томонидан берилган тавсияларни амалга ошириш ҳукумат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва халқаро ҳамжамият ўртасида ҳамкорликни талаб қилишини урғулади.

Эслатиб ўтамиз, тадбир Европа Иттифоқининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа инструменти (EIDHR) орқали молиялаштирилаётган ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL ) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборатдир.