Тошкентда Озарбайжон–Ўзбекистон дўстлик музейи очилди

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида Озарбайжон–Ўзбекистон дўстлик музейининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган музейдан икки халқнинг муштарак қадриятларини акс эттирувчи экспонатлар ўрин олган.

Маросимни Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов кириш сўзи билан очар экан, Озарбайжон учун Ўзбекистон билан муносабатлар доимо муҳим бўлиб келгани, кундан-кун ривожланиб бораётган ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилганини урғулади.

Қайд этилишича, Озарбайжон маданият маркази томонидан дўстлик музейини ташкил этиш бўйича узоқ муддат давом этган ишлар яқинда якунланди.  Дипломат буюк давлат арбоби Ҳ.Алиевнинг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда хизмати катта экани, шу сабаб маданият масканининг очилиши Озарбайжон халқининг миллий етакчиси 100 йиллигига бағишланганини билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис депутати Гулбаҳор Саидғаниева буюк аждодлардан мерос бўлиб қолган тарихий дўстлик Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий каби тарихий шахслар тимсолида қадимий илдизларга эга экани ва бугун янги ўзанда тараққий этаётгани ҳақида гапирди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона муносабатлар қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошов музейда Ўзбекистоннинг машҳур озарбайжонлари ҳақида махсус бўлим яратилганини юқори баҳолади.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон давлат тарих музейи директори Жаннат Исмоилова ҳам дўстлик музейи маданий-адабий алоқалар, муштарак қадриятларни намойиш эта олганига эътибор қаратишди.

Музейнинг марказий қисмида икки халқни бирлаштирган қадриятларга доир Озарбайжон рассомлари чизган суратлар, шунингдек, Наврўз, муғом ҳамда мақом санъати, ошиқ ва бахшичилик санъати, ҳар икки ўлкада ўтказиладиган халқаро мусиқа фестивалларининг стендлари, либослар, миллий чолғулар ва бошқа кўплаб экспонатлар намойиш этилган.

“Ўзбекистондаги таниқли озарбайжонлар” бўлимида мамлакат ижтимоий, маданий ҳаётида фаол иштирок этган Саййид Ризо Ализода, шоирлар Мақсуд Шайхзода, Ихтиёр Ризо, давлат арбоби Ойдин Азимбеков, ҳайкалтарош Эйнулла Алиев, рассом Юсуф Ҳусейновнинг бюстлари, уларнинг асарлари ва шахсий буюмлари жамланган.