Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатларига 30 йил тўлмоқда

Яқин кунларда Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йиллиги нишонланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма учрашувида маълум қилинди.

Парламент юқори палатаси матбуот хизматига кўра, мулоқотда кейинги йилларда икки томонлама ва кўп қиррали манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди. Музокарада савдо-инвестиция, иқтисодиёт, сиёсат, таълим, маданият соҳаларидаги муносабатлар, шунингдек, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, парламент аъзолари, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компаниялари ва ваколатхоналари иштирокида парламентлараро анжуман ўтказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев 2021 йил 3 ноябрь куни ҳам Япония элчиси Ёшинори Фужияма билан учрашган. Ўшанда Кунчиқар ўлка императорининг олий мукофоти – “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” билан тақдирлангани муносабати билан С.Сафоевга Япония ташқи ишлар вазирининг табрик хати топширилган.

Япония элчиси 2021 йил 2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашган ва фикр алмашганди. Мазкур учрашувда мамлакатларимиз дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги доирасидаги тадбирлар ҳам муҳокама этилган.

2021 йил 16 июнь куни эса Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш (JDS) лойиҳаси юзасидан ҳукуматлараро алмашинув нотаси ва битим имзоланган. Ушбу лойиҳа доирасида Япониянинг етакчи университетларида магистр ёки докторлик даражасини олиш учун зарур маблағ молиялаштириб берилади.

Олий даражадаги учрашувлар хусусида сўз борганда, президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга 2019 йил декабрдаги ташрифини алоҳида қайд этиш жоиз. Ўшанда икки давлат ўртасида 18 та битим – 5,6 миллиард долларли ҳужжатлар тўплами тасдиқланган. Президент Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Синдзо Абэ, жумладан, Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолаган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Япония Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 28 декабрда тан олган. 1992 йил 26 январда ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Икки томонлама робиталар дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида қурилгани маълум. 2002 йилдан ташқи ишлар вазирликлари ўртасида доимий равишда сиёсий маслаҳатлашув ўтказиб келинмоқда.

Япония юртимиздаги ислоҳотларга хайрихоҳ ва кўмакчи давлат сифатида эътироф этилади. Кунчиқар ўлка мамлакатимизга кўрсатган молиявий-техникавий кўмак 4,1 миллиард доллардан ошади. Мазкур маблағ соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, коммуникация ва бошқа соҳаларда ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган.

С.Салим