Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19 май куни амалий ташриф билан Туркманистонга борди.
Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” конгресслар марказида президентларнинг яккама-якка суҳбати бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этиши ва уни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Давлат раҳбарлари жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижалари кўламини янада кенгайтириш, ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш учун барча имкониятлар етарли эканини қайд этдилар.
Икки давлатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати, халқаро муаммолар борасида бир-бирини қўллаб-қувватлаши, турли таҳдидларнинг олдини олиш масалаларига ёндашувларнинг ўхшашлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши ҳамкорликда курашиш тарафдори.
Мамлакатларимиз минтақавий интеграцияни ривожлантириш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Ташрифи давомида қатор муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетика, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтгани, эришилган келишувлар истиқболда Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.