Жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда 30 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда Туркия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Меҳмет Сурейя Эр учрашувида маълум қилинган.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Комилов Туркиянинг янги тайинланган элчисидан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилар экан, унинг дипломатлик фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Ўз навбатида, Меҳмет Сурейя Эр қутлов учун миннатдорчилик билдириб, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш учун барча имкониятларини ишга солажагини таъкидлади.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 2018 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очгани таъкидланди.
Учрашувда жорий йилдаги қўшма тадбирлар режаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. 2019 йилда Ўзбекистон-Туркия сиёсий мулоқотининг асосий воқеасига тайёргарлик кўриш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, 2018 йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 40 фоизга ўсиб, 2 миллиард 172 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимизга 75 мингга яқин Туркия ватандошлари ташриф буюрди, бу эса ўтган йилга қараганда деярли икки баравар кўпдир. Бу каби ижобий ўзгариш ўзаро муносабатларнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Меҳмет Сурейя Эр (Mehmet Süreyya Er) 2018 йил декабрда Туркия Президентининг тегишли қарорига кўра, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. Меҳмет Сурейё Эр 2012-2018 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган. Унга қадар Туркия Бош вазири идорасида халқ дипломатияси бошқармасида масъул лавозимда ишлаган. 2004−2010 йилларда эса АҚШдаги Мичиган университетида (АҚШ) туркийшунослик фанидан дарс берган. Фалсафа доктори (PhD) Меҳмет Сурейя Эр ўзбек, инглиз, француз, араб, рус, форс ҳамда бошқа тилларни билади.
C.Cалим тайёрлади