Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик битими янгиланиши кутилмоқда

Жорий йил 23 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов учрашди. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур учрашувда ЕИ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим юзасидан расмий музокаралар бошланди.

“Ўтган ўн икки ой ичида Ўзбекистонга икки бора ташриф буюриб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий тараққиётдаги конструктив ролига шахсан ишонч ҳосил қилдим”, – деган Федерика Могерини хоним музокаралар жараёнида.

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар ҳозирга қадар 1999 йил 1 июлдан амалга кирган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида тартибга солинади. Мазкур битим сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, сармоя, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, қонунчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик, маданий-гуманитар робиталар каби жабҳаларни қамраб олади.

2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти Брюсселга шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни янгилаш таклифи билан мурожаат қилган. 2018 йил 16 июлда расмий Брюссель янги битим борасида музокараларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Таҳлилчиларга кўра, янги битим бўйича музокараларнинг бошланиши ЕИнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қараётгани ҳамда мамлакатда турли соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаётганидан далолат беради.

Янги битим қарийб 20 йилдан бери амалда бўлган ҳужжат ўрнини босиши кутилмоқда.

“Янги битим бизга олиб борилаётган ислоҳотларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш, сиёсий ва иқтисодий робиталарни мустаҳкамлаш, Европа ва Ўзбекистон аҳолиси фаровонлиги йўлида ижобий ўзгаришларни амалга оширган ҳолда, умумий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш имконини беради”, – деган ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Ф.Могерини.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим томонларнинг ўзаро алоқаларни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги истагидан дарак беришини таъкидлаган. Расмий Тошкентга кўра, 2019 йилга режалаштирилган олий даражадаги учрашувлар икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатга Европа бизнеси ва инвестициясининг янада кенгроқ киришига йўл очади. 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо айланмаси 2,23 млрд АҚШ долларини ташкил этган.

Янги битимда сиёсий ҳамкорлик, савдо ва сармоя, ўзаро барқарор робиталар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бошқарувга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Янги битим бўйича асосий музокараларга 2019 йил бошида киришилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Комилов Брюсселда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашуви доирасида ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица билан ҳам музокаралар ўтказган.  ЕИнинг юқори мартабали мансабдори Ўзбекистонда қишлоқларда бизнесни ривожлантириш ҳамда аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 25 миллион евро миқдорида молиявий кўмак ажратилишини маълум қилган.

Собир Cалим

Шу мавзудаги мақолалар:

Европа Иттифоқи элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни қандай баҳолайди? 06.05.2017

Федерика Могерини: “ЕИ – Марказий Осиё ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд”. 06.10.2016

Остонада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари учрашди. 23.12.2015