Тошкентда Эрон Ислом Республикаси миллий байрами – Ислом инқилоби ғалабасининг 39 йиллиги муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатлар, Ўзбекистон илм-фан намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов қатнашди.
Анжуманда Эрон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғоразий нутқ сўзлаб, мамлакатларимиз ҳамкорлиги ўтган йили янада ривожланганини мамнуният ила қайд этди.
“Муносабатларининг илдизлари узоқ тарих, маданият ва муштарак даҳо сиймоларга бориб тақалувчи, ҳар иккиси ҳам мустақил ва қудратли бўлишга интилувчи икки буюк мамлакат – Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ўтган йили янада ривожлангани, томонлар олий мартабали сиёсий ва иқтисодий раҳбарларининг ўзаро ташрифлари кўпайгани, савдо-иқтисодий айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсганининг гувоҳи бўлдик: 2017 йили икки мамлакат савдо айланмаси 420 миллион АҚШ долларидан ошди. Аммо булардан ҳам муҳими шуки, икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари ва илмий-техникавий салоҳиятидан кенг фойдаланиш борасида келишувларга эришилди”, – деди Эрон элчиси.
Қайд этилишича, иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги ўн саккизинчи катта мамлакат ҳисобланган Эрон Ўзбекистон билан дўстона ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида икки мамлакат ўртасида қуруқлик, темир ва ҳаво йўллари орқали транзит юк ташиш ҳажми ўсди. Энергетика, технологиялар, илм-фан ва университетлараро алоқалар каби янги соҳалардаги ҳамкорлик юксалмоқда. Яқин келажакда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилиши кутилмоқда.
Эрон дипломатига кўра, ҳозирда икки мамлакат ўртасида долзарб муаммолар юзасидан яқин минтақавий музокаралар олиб борилмоқда. Афғонистондаги беқарор вазият асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар икки давлат бу муаммо ечимини топиш йўлидаги ҳаракатларини кучайтиришга азму ирода қилган. Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши Жанубий Осиё учун энг муҳим масаладир. Бу ҳолда Марказий Осиёга соя солиши мумкин бўлган таҳдидлар йўли тўсилади. Мазкур муаммо эса Афғонистоннинг ўзидаги ички гуруҳларнинг келишуви, минтақа ва қўшни мамлакатларнинг қўллаб-қувватлашлари билан ҳал этилади.
Эрон элчиси Ўзбекистондаги сўнгги пайтларда кузатилаётган туб ўзгаришларга ҳам баҳо берди.
“Шак-шубҳасиз, ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни мамлакатларга нисбатан юритилаётган сиёсатда юз берган ўзгариш ва ислоҳотлар қувонч уйғотади ва уни қўллаб-қувватлашга ундайди. Бундай янгича ёндашув Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида ва Евроосиё минтақасида катта аҳамиятга молик давлат эканини яна бир карра тасдиқлайди”, – деди элчи Баҳман Оғоразий.
Дипломат Ўзбекистон тарихий-маданий ўрни ва мақомининг тикланиши нафақат мамлакатнинг ўзи, минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.
Эрон 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. 1992 йил 10 майда икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган. Икки мамлакат ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосини 60 га яқин ҳужжат ташкил этади.
С.Салим