Жорий йил 16 май куни Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев учрашади. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот хизмати хабар беради.
“Президент Д.Трамп ва Президент Ш.Мирзиёев умумий манфаатли режаларни давом эттириш ва қатор ўзаро масалаларни ҳал этиш мақсадида Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни қайта кўриб чиқади. Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг муҳим ислоҳотларни амалга ошириш, савдо ва инвестицияни кенгайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, жумладан, Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш бўйича эришган ютуқларини муҳокама қилади”, дейилади Оқ Уй матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ҳам Шавкат Мирзиёев жорий йил 15-17 май кунлари илк расмий ташриф билан АҚШда бўлиши ҳақида хабар берган эди.
Қайд этилишича, Вашингтонда давлатимиз раҳбари АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Жаҳон банкида ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Расмий ташриф якунида икки мамлакат Президентлари “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотни имзолаши, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат раҳбарлари бунга қадар 2017 йил май ойида Сауд Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида ўтказилган саммитда ҳамда 2017 йил сентябрь ойида АҚШда ташкил этилган расмий қабулда учрашган.