Ўзбекистон–Туркия: 2022 йилда матбуот соҳасида янги лойиҳалар режалаштирилмоқда

Элчи Олган Бекар

2022 йилда Туркия Ўзбекистон билан оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янги-янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 29 декабрь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекарнинг Тошкентда ташкил этилган журналистлар билан норасмий форматдаги учрашувида маълум қилинди.

Элчи ўз нутқида 2021 йилда икки мамлакат ўртасида сиёсат, иқтисодиёт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланганини таъкидлади. 2020 йилда ўзаро савдо айланаси 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган эди. 2021 йилда эса бу рақам 3 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Элчи О.Бекар ўзаро робиталарнинг ривожида икки давлат президентлари ўртасидаги дўстона муносабат муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Давра суҳбатида модераторлик қилган элчихонанинг матбуот масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини “мисли кўрилмаган” деб атади. Маслаҳатчи, хусусан, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталди.

Қайд этилишича, поёнига етаётган йилда биргина маданият ва туризм йўналишидаги лойиҳа доирасида 150 дан зиёд ўзбекистонлик журналист ҳамда блогерлар Туркияда меҳмон бўлиб қайтди. Янги 2022 йилда эса бу рақам янада ошиши кутилмоқда. Ҳ.Туршужу икки қардош мамлакат матбуот ва ОАВ ўртасидаги алоқаларни янада жонлантириш учун янги лойиҳалар режалаштирилаётгани, мавриди билан улар ҳақида батафсил маълумот берилишини маълум қилди.

Матбуот масалалари бўйича маслаҳатчи Ҳамди Туршужу

Матбуот масалалари бўйича маслаҳатчи икки халқни ўзаро бир-бирига яқинлаштиришда ОАВнинг ўрни улкан эканини қайд этди. Француз файласуфи Блез Паскалнинг “Куч-қувватсиз адолат заифлик, адолатсиз куч-қувват эса зулм демакдир” деган ҳикматини ёдга олган дипломат бугунги даврда ОАВ фаолиятида ҳам куч-қувват ва адолат уйғун бўлмоғи лозимлигини урғулади.

“Биз она юртимиз Туркиядан ота юртимиз Ўзбекистонга улкан хайрли ниятлар билан келдик. Сиз, ОАВ вакиллари билан биргаликда икки қардош мамлакатнинг дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида бор куч-ғайратимизни ишга соламиз”, – дея журналистларни ижодий ҳамкорликка чорлади Ҳ.Туршужу.

Туркия дипломатлари ҳамда маҳаллий журналистлар билан норасмий мулоқот анъана тусини олмоқда. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 2 июль куни ҳам ана шундай учрашув ташкил этилган эди.

С.Салим

Фото: Б.Абдукаримов