Ўзбекистон JICA билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Токиога ташрифи давомида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Жуничи Ямада билан учрашди.

ТИВ матбуот хизматига кўра, музокара чоғи Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги “Тараққиёт учун расмий кўмак” дастури доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди.

Жуничи Ямада JICA Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори деб билиши, мамлакат билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга хайрихоҳ эканини таъкидлади.

Энергетика, чиқиндиларни камайтириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлар этиб белгиланди.

1993 йилдан 2021 йилгача мазкур тузилма ҳомийлигида мамлакатимизда имтиёзли кредитлар доирасида 1,5 миллиард, грантлар ва техник кўмак дастурлари бўйича 232,2 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилди.

Айни пайтда умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Томонлар, шунингдек, 700 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа устида ишламоқда.

Мавзуга доир мақола:

Япония ва Ўзбекистон ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди. 29.08.2022