Бугун, 22 май куни Тошкентда Европа Иттифоқининг “INTER PARES” глобал дастури доирасида янги лойиҳанинг йўлга қўйилишига бағишланган анжуман ўз ишини бошлади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, “INTER PARES” глобал дастури вакиллари, Венгрия, Словакия, Франция Германия, Кипр, Чехия, Литва каби мамлакатларнинг миллий парламентлари вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ва ЕИга аъзо давлатларнинг дипломатик корпуси намояндалари иштирок этди.
Олий Мажлис юқори палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, анжуманда қатнашган Сенат раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар парламентлари билан алоқалар конструктив руҳда ривожланаётганини таъкидлади.
“Ўзбекистон Европа Иттифоқини асосий халқаро ҳамкор деб билади. Биз парламент дипломатияси соҳасидаги саъй-ҳаракатларни изчил амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз. Анжуман якунлари бўйича парламент салоҳиятини янада ривожлантириш ва ролини кучайтириш бўйича фойдали тавсиялар ишлаб чиқилади, шунингдек, илғор амалиётлар ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўламиз”, – деди Сенат раиси.
ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан “INTER PARES” лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари орасида ягона ҳамкор сифатида Ўзбекистон парламенти билан амалга оширилаётганига тўхталди.
“INTER PARES” – Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик соҳасидаги муҳим босқичдир”, – деди элчи Ш.Адриан хоним.
Маълумот ўрнида, “INTER PARES” – Европа Иттифоқининг парламентаризмни мустаҳкамлаш бўйича глобал дастури бўлиб, Демократия ва сайловга кўмаклашиш халқаро институти (IDEA) томонидан ҳамкор мамлакатлар парламентларининг экспертлари кўмагида амалга оширилади.
Лойиҳада иштирок этаётган 17 та давлатнинг қонун чиқарувчи органи орасида Олий Мажлис Марказий Осиё ва МДҲ маконидаги мамлакатлардан ягона парламент экани хабар қилинган.