Американинг “Forbes” молиявий-иқтисодий журнали Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 йўналиш рўйхатига киритди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.
“Ўзбекистоннинг ажойиб инфратузилмаси сайёҳларнинг Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Хивага – Буюк Ипак йўлидаги тўхташ жойлари бўйлаб бемалол саёҳат қилишига имкон беради. Шаҳарларнинг учтаси тезюрар поездлар билан яхши боғланган, Хива ҳам Бухоро билан поезд орқали боғланган”, деб ёзади Forbes.
Журнал мамлакатимиздаги қатор шаҳарлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киргани, диққатга сазовор жойлари ҳам жуда кўплигини ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган.
“Хиванинг эски шаҳарчаси – Ичон қалъа ўзбек шаҳарлари орасида биринчи бўлиб маданий обидалар рўйхатига киритилган. Бухорода кўплаб безакли қадимий мадрасаларни назардан четда қолдирманг, Бухоро Аркни зиёрат қилинг ва савдо гумбазларидан эсдалик совғаларини харид қилишни унутманг. Албатта, Самарқанд ўзининг нафис Регистон майдони билан ҳайратда қолдиради. Тошкентда қўзичоқ гўшти ва майдаланган сабзи қўшилган анъанавий гуруч таоми бўлган паловдан татиб кўришни эсингиздан чиқарманг”, деб ёзади “Forbes”.