Ўзбек томошабинига кўп қисмли япон фильми тақдим этилади

Жорий йил 22 май соат 20:10 дан бошлаб ЎзМТРКнинг “Kinoteatr” телеканалида “Crime Syndrome” деб номланган 12 қисмли япон фильми ўзбек тилида намойиш этилади. Бу ҳақда Япония элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Детектив жанридаги картина 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Япония фонди ўртасида тузилган битим доирасида тақдим этилмоқда.

Полиция детективи Такаси Мутонинг ота-онасидан ёдгор қолган ягона синглиси қотиллик қурбони бўлади. Қотилликда асосий гумонланувчи ўз жонига қасд қилган. Аммо вақт ўтса-да, Такаси Муто жиноят ортида бошқа бир сир яширин деб ҳисоблайди. Фильм ҳодисалари ана шу фожиавий тақдир теграсида кечади.

Аввал хабар берганимиздек, ЎзМТРК ва Япония фонди ҳамкорлигида япон маданиятига бағишланган кўрсатувлар туркуми ўзбек тилида намойиш этилган.

Маълумот ўрнида, Япония фонди Кунчиқар ўлка ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида, санъат ва маданият, япон тилида таҳсил, Японияни кашф этиш ва интеллектуал алмашув каби йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.