Туркиянинг сайёҳлик маркази – Анталияда илк бор Барқарор туризм кенгаши бўлиб ўтди. Анжуман Глобал барқарор туризм кенгаши (GSTC) томонидан ташкил этилди.
Конференциянинг очилишида сўзга чиққан Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой барқарор туризм соҳасидаги энг нуфузли мутахассисларни бирлаштирган ушбу муҳим анжуман илк маротаба Туркияда ўтказилаётганидан мамнунлигини билдирди. Мезбон давлат вакили Кенгаш билан дунё бўйлаб барқарор туризм бўйича салмоқли ютуқларга эришилишига ишонч билдирди.
GSTC президенти Луижи Кабрини глобал таҳдидлар кучайган вақтда туризм олдида турган муаммоларга тўхталди.
“Туризмнинг ўсишига таҳдид солувчи муаммолар ҳамон ўзгармади. Иқлим ўзгариши оқибатлари тобора яққол кўзга ташланмоқда, пластмассалар океан ва дарёларни ифлослантирмоқда, сув танқислиги ошиб бормоқда, биологик хилма-хиллик пасайишда давом этмоқда. Туризм эксплуатациянинг олдини олиш, муносиб меҳнатни рағбатлантириш ва фойдаланиш имкониятини ошириш борасида ривожланиши керак. Биз жамиятга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради деб ҳисобланган туризмга асло қайтмаймиз”, – деди GSTC президенти.
Глобал барқарор туризм кенгаши атроф-муҳит ва барқарорликни таъминлаш бўйича дунёдаги энг йирик ташкилот бўлиб, саёҳат ва туризмда барқарорликни таъминлаш учун ишлаб чиқилган глобал стандартларни тартибга солади, такомиллаштиради ва бошқаради.
GSTC барқарор туризмнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро миқёсда конференциялар ҳам ташкил қилади. Жумладан, ҳар йили дунёнинг турли шаҳарларида уюштириладиган Барқарор туризм анжумани ўзаро фикр алмашиш, халқаро стандартларни қўллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгандир.
Пандемия сабабли икки йил онлайн тарзда ўтказилган анжуман ўтган йили Испаниянинг Севилья шаҳрида бўлиб ўтди. Туркия туризмни ривожлантириш ва татбиқ этиш агентлиги (ТGА) томонидан олиб борилган номзодлик жараёнидан сўнг нуфузли тадбир бу йил Анталияда ўтказилиши эълон қилинди.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил бошида GSTC билан имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Туркия миллий барқарор туризм дастурини ишлаб чиқди. Тадрижий равишда амалга оширилаётган дастурнинг биринчи босқичи жорий йилда, иккинчи босқич 2025 йилда, учинчи босқич эса 2030 йилда якунланади.