Маълумки, иккинчи жаҳон уруши даврида Германиянинг асосий ҳудуди иттифоқдошларнинг ҳарбий ҳаво ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган. Дрезден ва бошқа шу каби бир-биридан гўзал шаҳарлар харобазорга айлантирилган. Яқинда германиялик тарихчи Иохим Фест иттифоқдошлар уруш даврида кўп бор адолатсиз қарорлар қабул қилгани ва хатоликларга йўл қўйганини айтиб ўтди.
Унинг фикрича, бир қатор немис шаҳарлари ҳарбий зарурият юзасидан эмас, шунчаки ҳаво ҳужумига дучор қилинган. Аслида 1945 йил февраль ойининг ўрталаридан бошлаб, ҳарбий юришларга эҳтиёж қолмаганди. Чунки Гитлер армиясининг инқирози Германия чегаралари бузилган пайтдаёқ аён бўлганди. Ардендаги «Рождество совғаси», яъни кутилмаган ва шиддатли ҳужум фашистларнинг мағлубиятини деярли ҳал қилганди. Шунинг учун Дрезденни ўққа тутиш воқеаси ҳануз баҳсларга сабаб бўлмоқда. Шаҳарга қилинган ҳаво ҳужуми умуман, ҳатто ҳарбий жиҳатдан ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
Дрезден ҳодисасидан сўнг инглизлар яна бир қатор йирик маданий марказлар — Вюртсбург, Потсдам, Гилдесгейм, Халберштадт шаҳарларига ҳеч қандай ҳарбий заруриятдан келиб чиқмаган ҳолда бомба ёғдиришган. Улар бу ҳаракатларни ҳаво ҳужумидан муҳофаза қилувчи тизимларни йўқ қилиш мақсади билан хаспўшлашган. «Бомбалар уруши» қоидага кўра фақат ҳарбий корхоналар ва транспорт алоқаларига қарши йўналтирилади, тинч аҳоли ҳаётини барбод қилиш ёки маданий обидаларни харобага айлантириш вмумкин эмас. Лекин Бомбер cомманд РАФ бошқарувчиси Харрис ушбу қонунни бошқа маънога буриб юборган. У тинч аҳоли яшайдиган нуқталарни нишонга олган.
Уруш тугаганлигига 60 йил тўлаётган бўлсада, баъзи масалалар ўз ечимини кутиб ётибди. Шунингдек, турли тарихий ҳаракатларнинг янгича кўринишлари вужудга келмоқда. Хусусан, энди шаклланаётган неонацизм яқинда Бундай қилгани учун иттифоқдошлардан ўч олинг!” шиорини кўтариб чиқди.
Ҳозирда неонацистлар сони кўпайиб бормоқда. Бундай хавфли гуруҳларнинг асосини ёшлар ташкил қилаётир. “Айримлар неонацистликни қабул қилишаётган экан, демак улар ҳеч нарсани англаб етишмабди. Бу каби ҳозирги замон қолипига тўғри келмайдиган гуруҳларнинг пайдо бўлишига асосан, оммавий ишсизлик сабаб бўлаётганлиги ачинарли ҳол. Неонацист бўлиш умуман ақлга тўғри келмайди. Демократик жамият шартлари ва усуллари бу каби ҳаракатларни кескин қоралайди, рад этади.
ХХ аср ўрталаридаги «фюрер»лар, «дуче»лар, «доҳий»лар ва «диктатор»ларнинг тузумлари қайта қарор топишига йўл қўймайди. Масалага қонуний, адолатли томондан қарайдиган бўлсак, урушдаги йўқотишлардан шовинистик руҳда эмас, ватанпарварлик нуқтаи назаридан хулоса чиқармоқ даркор” деб ўз фикрига якун ясайди немис тарихчиси Иохим Фест.
Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.