USAID Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқишга кўмак кўрсатмоқда

7 сентябрь куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини тақдим этиш ва муҳокама қилиш мақсадида анжуман ташкил қилди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

“Тадбиркорлик кодекси – тадбиркор манфаатлари учун” мавзусидаги анжуманда ҳукумат вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар ҳамда ишбилармонлар иштирок этди.

USAIDнинг техник кўмагида ишлаб чиқилган янги кодекс маъмурий юкламани камайтириш ва инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш орқали Ўзбекистондаги тадбиркорлар учун бизнесни бошлаш ва ривожлантиришни осонлаштиради.

“Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бу – илк қадам. Қўйилган мақсадларга эришиш – кодексни қабул қилиш, уни амалиётга татбиқ этиш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш йўлидиги тўсиқларни бартараф этишни талаб қилади”, – деди АҚШ элчисининг ўринбосари Пол Политис адлия вазирлигини ушбу ютуқ билан табриклаб.

Янги Тадбиркорлик кодекси амалдаги 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўрнини босиб, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштиришга хизмат қилади. Кодекс тадбиркорлик фаолиятига бўлган ҳаддан зиёд давлат таъсири ва аралашувини камайтириш, шу билан бирга, хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Анжуман иштирокчилари хусусий тадбиркорлик субъектлари ва давлат ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар, тадбиркорлик ривожланиши ва сармояга тўсқинлик қилмай, балки уларга кўмаклашадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусий тадбиркорлик субъектларининг жаҳон миқёсида рақобатдош бўлиши учун уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилдилар. Миллий ва халқаро экспертлар тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжларига яхшироқ жавоб бериши, шунингдек, давлат ва ишбилармонлар ўртасидаги муносабатни яхшилаш мақсадида кодекс лойиҳасини такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашдилар.