USAID Марказий Осиё омбудсманлари ҳамкорлигини қўллаб-қувватламоқда

28 июнь куни Марказий Осиёнинг беш давлати омбудсманлари минтақада инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган икки битимни имзоладилар. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қўллаб-қувватланган шартномалар Тошкентда бўлиб ўтган халқаро форумда маъқулланди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

“Марказий Осиё давлатлари омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги” форуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан USAID кўмагида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларацияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш чораларини кўриш ва минтақа фуқароларининг ҳуқуқий маданиятини оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Форум доирасида имзоланган ҳамкорлик ҳақидаги битим халқаро робиталарни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида доимий тажриба алмашишни кўзлайди.

Инсон ҳуқуқларини ҳурмат этиш ва ҳимоя қилиш AҚШ ташқи сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади.

“USAID бугунги форумни қўллаб-қувватлашидан фахрланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларациясининг имзоланиши келажакда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларга туртки бўлади”, – деди тадбирда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

Форумда Марказий Осиёнинг беш давлати омбудсманлари, шунингдек, давлат ва халқаро ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг 150 нафар вакили иштирок этди. Форум ва имзоланган битимлар минтақа омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, форум Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳокамалар учун халқаро платформа бўлиб хизмат қилди.

USAID Ўзбекистон Омбудсман ташкилотини узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келади. Шунингдек, у мазкур институтнинг мустақил фаолият юритиш ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга кўмаклашди. USAID Омбудсман институтига бутун мамлакат бўйлаб фуқароларга мурожаат қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини берувчи ускуналарни тақдим этди. Омбудсман идораси USAID кўмагида Aдвокатлар палатаси ва миллий нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан барча фуқаролар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш мақсадида давлат – жамоатчилик шериклиги асосида ишлайди.

Шу мавзудаги мақолалар:

“Муқобили йўқ ускуналар”. USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та GeneXpert ҳадя қилди. 16.12.2021

USAID ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги тадқиқот бошлади. 17.11.2021

USAID: янги кўп миллион долларли лойиҳа учта стратегик мақсадга қаратилган. 06.10.2021