Украина марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларга қараганда, умумсайловларда қатнашган 99,14 фоиз сайлов варақалари ҳозирда назоратдан ўтказилди.
Натижаларга қараганда, Украина президентлигига бўлган сайловларда Виктор Янукович 49,42 фоиз овоз олган. Унинг рақиби Украина мухолифатчи «Менинг Украинам» партияси раҳбари Виктор Юшченко 46,69 фоиз овоз тўплаган.
Сайлов комиссияси ўртадаги тафовут бор-йўғи 2,73 фоизни ташкил қилмоқда, деб хабар берган. Баъзи бир сайлов участкаларида ҳали 0,86 фоиз бюллетенлар устида аниқлаш ва текширув ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, ушбу варақалар энди ҳеч қандай натижаларга таъсир кўрсатолмайди, дейди комиссия мутасадди ходимлари.
Марказий сайлов комиссиясига Януковичнинг тарафдорлари етиб келиб, ғалабани нишонлаш тадбирларини бошлаб юборишди. Ўз навбатида сайловлар жараёнини кузатган ОБСЕ вакиллари сайловларнинг биринчи тури ҳамда иккинчи турида ҳам кўплаб қонун бузилишлари кузатилгани ва демократик меъёрларга жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтишди.
ОБСЕнинг Украинадаги вакили Брюс Жоржнинг айтишича, давлат сайлов жараёнларини тўла очиқчасига олиб бормаган. ОБСЕ вакили матбуот конференцияси ўтказиб, ўз норозилигини билдирди. Унинг айтишича, ОБСЕ Украина ҳукуматини сайловларни тўла демократик тамойиллар асосида ўтказишга даъват қилган эди. Аммо, бу сафар ҳам жараён ошкора тарзда бўлиб ўтмади.
Худди шу фикрларни Европа парламенти ассамблеяси иттифоқи ва НАТОнинг парламент ассамблеяси мутасаддилари ҳам билдирди. МДҲ давлатлари кузатувчилари эса, сайловларнинг демократик тарзда ўтганлиги ҳақида ахборот бериб, йирик қонун бузилишлари кузатилмаган, дея фикрлар билдиришди. МДҲ давлатлари федерацияси ассамблеяси кенгаши раиси Вадим Густов «баъзи бир йўл қўйилган хатоларни айтмаса, биз сайловларнинг тўлиқ демократик тамойиллар асосида ўтганини тан оламиз ва уларнинг очиқ тарзда ўтказилганини эътироф этмоқдамиз», деди.
Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Виктор Януковични Донетск, Луганск, Запароже, Одесса, Николаевск, Днепропетровск вилоятлари, шунингдек, Севостопол аҳолиси қўллаб-қувватлаган. Виктор Юшченко учун эса, Киев шаҳри, Тернопол, Ивано-Франковск, Лвов, Волинск, Ровненск, Виннитса, Полтава ва Сумск вилоятлари овоз берган.
Мухолифат кучлари раҳбари Юшченко марказий сайлов комиссиясида ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиқиб, рақамларни сохталаштиришда марказий сайлов комиссияси раҳбарини айблади. У ўз сафдошларини кўчаларга чиқиб, намойишлар ўтказишга чақирди. Сўзини давом эттириб, баъзи ҳудудларда, жумладан, Донетск, Луганск, Харков вилоятларида кўплаб бюллетенлар сохталаштирилгани ҳақида гапирди.
Виктор Юшченко ва унинг яқин сафдоши Юлия Тимошенко марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини салбий баҳолаб, ишончсизлик билдиришди. Ўша куннинг ўзидаёқ мухолифат Киевнинг Мустақиллик майдонига 50 мингдан ортиқ ўз сафдошларини намойишга чорлади. Юшченко тарафдорлари яқин кунларда пойтахт кўчаларига бир миллиондан ортиқ аҳолини йиғишга бел боғлади. Зарғалдоқранг байроқларни осмонга кўтариб улар «Юшченко бизнинг президент», дея бонг урмоқдалар.
Виктор Юшченко навбатдан ташқари Украина парламенти сессиясини йиғишни талаб қилди. Унда мухолифатчилар марказий сайлов комиссияси иши юзасидан норозилик билдириш масаласини кўтариб чиқишмоқчи. Украина парламенти депутати ва «Бизнинг Украина» партияси раҳбарларидан бири Юлия Тимошенко аҳолининг ўқиш ва ишларини ташлаб, умумбўйсунмаслик намойишларини ўтказишга чорлади.
Россия сиёсатчиларидан бири Борис Немтсов намойишларда қатнашиб, Виктор Юшченкони қўллаб-қувватлади. Бошқа мухолифатчи, депутат Олег Рибачукнинг айтишича, ҳозирда парламентнинг 150 нафар депутатининг имзосини йиғиб, марказий сайлов комиссиясига ишончсизлик масаласини парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида муҳокама этишга даъват этмоқда.
Юшченко раҳбарлик қилаётган «Бизнинг Украина» партияси рақамлар ва далилларни тўлалигича ўрганиш комиссиясини тузиб, марказий сайлов комиссиясига етиб келмаган, баъзи бир сабабларга кўра ўз уйларида овоз берган сайловчиларнинг бюллетенларини текшириш кераклигини эътироф этди.
Маълумотларга қараганда, бундай сайловчилар биргина Николаевск вилоятида 30 фоизни ташкил қилади. Сохталаштириш ҳолатлари унинг назарида яна Донетск, Луганск, Николаевск, Сумск вилоятларида авжига чиққан. Унинг айтишича, Юшченко ушбу вилоятлар бўйича сайлов натижаларини бекор қилинишини талаб қилади. Чунки халқаро ва МДҲдан келган кузатувчилар сайлов вақтида участкалардан номаълум сабабларга кўра олиб чиқиб кетилган.
Украинада вазият ўта нозик бўлиб қолмоқда. Россия ва Украина сиёсатшуносларининг изоҳ беришича, ҳозир мамлакатда фуқароларнинг иккига бўлиниши кузатилмоқда. Бу эса, ниҳоятда хавфли вазиятни келтириб чиқаради. Уларнинг фикрича, ҳозирда амалдаги президент Леонид Кучма вазиятга аралашиб, халқни осойишталикка чақириши керак, дейди таниқли сиёсатчилардан бири Виталий Бала.
«Ўнг қанот кучлари иттифоқи» раиси Борис Немцов Украинада куч эмас, балки демократия ва адолат устун келиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Украинадаги вазият, албатта, Россияга ҳам таъсир кўрсатади, деди у намойишда сўзга чиқиб. Виктор Юшченко эса, нутқини давом этиб, агар Янукович президент деб эълон қилинса, биз пойтахт марказида кўпсонли намойишлар ўтказамиз ва натижалар юзасидан суд ва прокуратура органларига мурожаат қиламиз, дея ўз норозилигини билдирган.
Сарвар Файзуллаев