Испания разведкаси собиқ ходими Роберто Флорес хориж жосуслик хизматига ахборот етказиб бериш айби билан ҳибсга олинганидан хабарингиз бор. Бу воқеа испан жамиятини бир лаҳзага саросимага солиб қўйди. Европанинг энг олди разведка хизматларидан бири саналган Испания махфий идораси тарихида бу каби хиёнат ҳодисаси ҳали кузатилмаган эди. Буюк давлатчилик ўтмиши билан фахр этадиган испанлар ўз жосуслик идоралари билан ҳам ғурурланиб юришарди…
Кутилмаганда Испания миллий разведка маркази (Centro Nacional de Inteligencia – CNI) раҳбари Алберто Саис оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашув ўтказадиган бўлди. Шундай жиддий ва махфий идоранинг раҳбари журналистлар билан учрашмоқчими, демак, қандайдир муҳим янгилик бор. Дарҳақиқат, матбуот анжуманида ҳозир бўлганлар шов-шув дейишга лойиқ ахборотдан бохабар бўлишди. CNI етакчиси қанчалик оғир бўлмасин, унинг идорасида хиёнат юз берганини тан олди.
Роберто Флорес ўн йилдан ошиқ вақт давомида Испания разведкасида фаолият юритган. Унга шу қадар ишонишганки, ҳаттоки махфий идоранинг энг муҳим бўғини — контрразведкага ҳам қабул қилишган. Бироқ негадир туппа-тузук ишлаб юрган жосус 2004 йилнинг февральида ўз ихтиёри билан бўшаш тўғрисида ариза берган ва махфий хизматни тарк этган. Роберто Флореснинг кириш йўли бору, лекин чиқиш эшиги бўлмаган хизматдан нега ўз хоҳиши билан кетиб қолгани орадан кўп ўтмай маълум бўлди. Айни пайтда Флорес устидан тергов олиб бораётган идоранинг даъвосига кўра, испан разведкаси собиқ ходими 2001-2004 йиллар давомида тасарруфидаги махфий маълумотларни пул мукофоти эвазига рус махсус хизматига етказиб турган. Испанларнинг нафсониятига теккан ва жаҳлини чиқарган жиҳати, Флорес рус махсус хизматига беминнат ёрдамни ўзи таклиф қилган.
Испан разведкачисини таваккал қилишга ундаган маблағ миқдори кўпчиликни қизиқтириши турган гап. Франc Пресс ахборот агентлиги хабарига қараганда, Роберто Флорес махфий маълумотлар эвазига рус махсус хизматидан 200 минг доллар ҳадя олган.
Испан жосуси зудликда ўз ихтиёри билан ишдан кетар экан, яқин ўтмишда қилган жиноятларини яшириб, ёпиқлиқ қозон ёпиқлиғича қолишини мўлжаллаган эди. Бироқ орадан кўп ҳам ўтмай миллий разведка хизмати Флореснинг шубҳали фаолияти бўйича ички текширув ўтказди. Икки йил давоми этган текширувдан кейин испан жосусининг хиёнати ойдинлашди.
Флорес махсус хизматнинг тақдимномаси билан Тенерифе шаҳрида ҳибсга олинган. Тергов идораларининг маълум қилишича, тинтув пайтида собиқ жосуснинг уйидан айбловда тош босадиган ҳужжатлар топилган.
Дастлабки тергов пайтида Роберт Флорес бир оғиз ҳам гапирмаган. Прокурорнинг саволларига фақатгина сўзсиз инкор билан жавоб берган. Аслида ичимдагини топ қабилидаги муомала махфий агентлар касбига хос одат. Балки шу боисдир, тергов идораси айбланувчининг тан олмаслигига ҳам қараб ўтирмай, унга қарши миллий мудофаага тааллуқли сирларни ошкор қилиш айбини эълон қилди. Испан жиноят қонунчилигига кўра, давлат сири бўлган махфий маълумотларни сотган фуқарога 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилади.
Испания Европа Иттифоқи, НАТО каби бирлашмалар аъзоси саналади. Мамлакатда бундай шов-шувли ҳодисанинг рўй бергани ушбу катта ташкилотларда ҳам хавотир уйғотмай қўймайди: ахир, билиб бўладими, испан жосуси Россия развдекасига қандай қимматли маълумотларни сотиб юбордийкан? Ана шу хавотирларнинг олдини олиш учун Испания миллий разведка раҳбари Алберто Саис хориж махсус хизматига етказилган ахборот эскиргани, бугунги кунда ҳеч қандай аҳамиятига эга эмаслиги ва, асосийси, ЕИ ёки НАТО хавфсизлигига таҳдид солмаслигини айтган.
Ҳозирда Испания ҳукумати ҳам қийин аҳволда қолган. Бу каби жанжалли вазиятларда одатда жабр кўрган давлат ҳаддидан ошган томонга турли иқтисодий жазо чоралари кўрар, энг камида дипломатик босим ўтказар эди. Бироқ бу гал рус махсус хизмати вакиллари испан ҳамкасбларини пичоқсиз сўйишди. Мазкур воқеа ҳар қанча нохушлик бўлмасин, Мадрид ҳукумати Москвага ҳаттоки ошкора норозилигини ҳам билдира олмайди. Чунки яна бирор ойлардан кейин — сентябрда Испания бош вазири Хосе Луис Родригес Сапатеро Россияга расмий ташриф билан бориши зарур. Бундай жиддий учрашув олдидан эса ҳар қанча катта можаро рўй бермасин, муносабатларни бузмай турган маъқул. Ахир, президент Владимир Путин билан музокараларда Европа учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган энергия ресурслари муаммоси ҳам муҳокама қилинадида.
Ана шу ташриф сабаб, Испания ва Россия ташқи ишлар вазирларининг яқиндагина телефон орқали ўтган мулоқотида ҳам Роберто Флорес иши билан боғлиқ ҳолат умуман эсланмаган. Испан ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Мигел Анхел Моратинос Россия махсус хизмати уларнинг ички ишларига аралашгани тўғрисида айтишга журъат қилмаган. Ўз навбатида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам йўқ жойдан муаммо чиқариб, нохуш воқеани эслаб ўтирмаган: оммавий ахборот воситаларига ишониб бўладими, испаниялик ҳамкасб ҳеч нарса бўлмагандек яхши муомала қиляптими, демак, испан жосусининг русларга ахборот етказгани тўғрисида хабарлар ҳам навбатдаги дезинформациядир, ким билади…
Одатда расмий арбоблар обрўсига соя соладиган бундай шов-шувли ҳодисалар имкон қадар жамоатчиликдан яшириларди. Лекин бу гал Испания ҳукумати ва махсус хизмати ахборотнинг ошкора ҳамда ҳамма учун очиқлик тамойилига қатъий риоя қилишди. Бундай бағрикенгликни тушунса бўлади: Роберто Флореснинг шармандли қилмиши амалдаги бош вазир даврида эмас, собиқ ҳукумат раҳбари Хосе Мария Аснар пайтида содир этилган. Айбдорлардан бири — CНИнинг ўша пайтдаги раҳбари ҳам аллақачон истеъфога чиққан. Собиқ амалдорларнинг айбини ошкор этиш эса амалдаги раҳбарлар учун унчалик ҳам оғир йўқотиш эмас, аксинча, бундай ҳодисалар уларга қимматли «очко» келтириши ҳам мумкин…
Собиржон Ёқубов