Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик шерикчилик тўғрисида шартнома имзоланди

Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари Гурбангули Бердимуҳамедов ва Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг икки давлат раҳбари Қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар беради.

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Бундан ташқари, Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6 март куни давлат ташрифи билан Ашхободга борди.

“Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифидир. Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини баён этган. Президентимизнинг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади”, деб хабар беради ЎзА.

Ашхободдаги “Ўғузхон” саройида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка музокараси бўлди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик қарор топганини, бу ташриф изчил ривожланиб келаётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келгани учун миннатдорлик билдириб, бу тарихий воқеа мамлакатларимиз ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Учрашувда мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги мақсад ва ёндашувлари муштараклиги, томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, уни кенгайтириш учун иқтисодиёт тармоқларидаги имкониятларни яна бир бор таҳлил этиш зарурлиги таъкидланди.

Айни пайтда Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир.

ЎзА хабарига кўра, музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.