Тошкентда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ва Туркиянинг Памуққалъа университети ректори Аҳмад Қутлуғхон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
ЎзФА матбуот хизматига кўра, учрашувда икки томон ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш ва кучайтириш, қўшма илмий лойиҳалар тайёрлаш ва амалга ошириш, ўзбек-турк халқлари тарихини ўрганиш, биргаликда илмий йиғинлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда тарих фани олдидаги вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг ечимларидан бири сифатида кадрлар тайёрлаш масаласи эканига урғу берилди. Бунда икки томонлама мутахассислар ва ёшлар алмашинуви дастурини амалга ошириш долзарб экани таъкидланди.
Шу билан бирга, ёш тарихчи олимлар ўқиш муддати ва мавзулар кўламини кенгайтириш, институт ёшларининг тил билиш даражасини яхшилаш мақсадида туркиялик мутахассисларни жалб этишга келишилди.
Учрашув сўнгида Тарих институти ва Памуққалъа университети ўртасида келишув битими имзоланди.