Германияда энергия манбаларининг қимматлашувига қарши навбатдаги чоралар дастури эълон қилинди

О.Шольц коалицион ҳукумат вакиллари билан. Фото: Reuters

Германия Федератив Республикаси канцлери Олаф Шольц бошчилигидаги коалицион ҳукумат энергия манбалари нархининг кескин ошишига қарши учинчи чора-тадбирлар дастурини тақдим этди.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг коалиция энергия инқирози оқибатларини бартараф этиш мақсадида 65 миллиард евро маблағ ажратишга қарор қилган. Мазкур маблағнинг асосий қисми электр энергиясининг кескин қимматлашуви шароитида мамлакат аҳолисига товон пули ўлароқ ажратилади.

Кўмак дастури эълон қилинган матбуот анжуманида канцлер Олаф Шольц Россия эндиликда ишончли ҳамкор мақомидан маҳрум бўлганини таъкидлаган.

“Путин раҳбарлигидаги Россия шартномаларни бузувчи мамлакатга айланди. Бу борадаги мажбуриятлар аллақачон бажарилмаётир. Ҳатто “совуқ уруш” даврида амал қилинган қоидаларга риоя этилмаяпти. Россия эндиликда энергия манбалари етказиш бўйича ишончли ҳамкор эмас”, – деди О.Шольц.

Олмон сиёсатчиси энергия билан боғлиқ мушкулотлар ҳал этилиши, вазиятдан фойдаланиб мамлакат муайян бир давлатга энергияга қарамликдан халос бўлишини ҳам қайд этди.

Ўтган йилдан дунёда, жумладан, Европада энергия манбаларининг нархи қимматлаша бошлади. Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Кремлнинг энергия манбаларидан шантаж қуроли сифатида фойдаланиши ортидан нарх-наво осмонга сапчиди. Кўҳна қитъа давлатлари, жумладан, Германия қанчалик мушкул бўлмасин, Россия энергия манбаларидан воз кечиб муқобил йўлларни топишга уринмоқда. Айни чоқда, аҳолига энергия тўлови борасида кўмак кўрсатилмоқда.

Олаф Шольц маъмурияти ажратган 65 миллиард евро ҳисобидан пенсионерлар, талабалар ва имтиёзга эга фуқароларга бир марталик тўлов берилади. Жумладан, талабалар 200 евро, пенсионерлар 300 евро миқдорида кўмак пули олади. 2023 йил бошидан, шунингдек, бола пули миқдорини ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, электр энергиясининг минимал миқдори белгиланиши кутилмоқда. Унга кўра, оилалар минимал меъёрга қадар ишлатилган электр энергияси учун арзонлаштирилган нархда тўлов қилади, меъёрдан ошган истеъмол учун эса янги тарифда ҳақ тўланади. Қолаверса, 9 мингга яқин энергия сақловчи корхоналар 1,7 миллиард евро миқдорида солиқ имтиёзига эга бўлади. Ўз навбатида, йирик энергетика ширкатлари юқори даромад учун қўшимча солиққа тортилади.

Маълумотларга қараганда, сўнгги вақтларда Германия ҳукумати энергия инқирози оқибатларини бартараф этиш учун қарийб 100 миллиард евро маблағ ажратди.