Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон амалдаги халқаро тартиб, хусусан, БМТнинг ҳозирдаги форматини қониқарсиз деб баҳолади. Анталия шаҳрида ташкил этилган халқаро дипломатик форумда (ADF 2021) маъруза қилган Туркия етакчиси ҳозирги халқаро бошқарув тизими дунё икки қутбли бўлган эски даврдан мерос экани, бу аҳволда инсоният дуч келаётган турфа муаммоларни ҳал этиш имконсиз эканини таъкидлади.
Эрдўғонга кўра, “Дунё бешдан каттароқдир!”. Яъни халқаро муаммоларни ҳал этиш фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси (АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия) ваколатида бўлиши номақбул ҳолатдир.
“8 миллиард нуфусли Ер сайёраси аҳолисининг тақдири БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ҳукмига боғлиқ бўлиб қолиши тўғри эмас. Дунёнинг 190 мамлакатига глобал муаммоларни ҳал этишда вақтинча иштирок этиш ҳуқуқини берувчи тизим адолатни таъминлай олмайди. Адолат барқарор бўлмаган маконда эса уруш, танглик ва ҳуқуқсизлик ҳукм суради”, – деди Туркия раҳбари.
Р.Т.Эрдўғон инсониятни оғир имтиҳонга дучор этган пандемия даврини таҳлил этар экан, халқаро бошқарув институти фавқулодда вазиятдан мувафаққиятли чиқиб кета олмаганига эътибор қаратди.
“БМТ Хавфсизлик кенгаши пандемия мавзусини соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик глобал инқироз бошланганидан 100 кун ўтибгина муҳокама қилишга киришди”, – дея тузилма фаолиятини танқид қилди у.
Туркия етакчисига кўра, ҳозирги ихтилоф ва зиддиятлар замонида дипломатиянинг, дипломатик усулларнинг аҳамияти ҳар қачонгидан-да ошган. Бунинг учун эса ўтмишнинг эскирган қарашлари ва тангу тор қолипларидан дадил воз кечиш талаб этилади.
Ўтган ҳафта охирида Туркиянинг сайёҳлик пойтахти – Анталияда мамлакат президенти шафелигида “Инновацион дипломатия: янги давр, янги ёндашувлар” мавзусида халқаро машварат ташкил этилди. Дипломатик форумда 10 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 42 мамлакат ташқи ишлар вазири, халқаро ташкилотлар етакчилари, олимлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик фаоллари қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, Анталия дипломатик форумида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам қатнашди. Мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари нуфузли тадбирда нутқ сўзлаб, Ўзбекистон юритаётган минтақавий сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида маълумот берди.
С.Салим