Роберт Миннуллин (1948-2020)

Роберт Мугаллимович Миннуллин (Роберт Мөгаллим улы Миңнуллин; 1 август 1948 — 27 марта 2020) — татар шоири, журналист, сиёсий арбоб.

ТУҒИЛГАН ЮРТИМ

Теграм тўла оқ чечаклар,
Куйлаб аста айланади.
Оқ қайинлар гўзал сулув
Ёш қизларга айланади.

Йиғилишиб, қаторлашиб,
Йўл олишар Сун бўйига.
Яп-яланғоч қолибгина
Сингишади тун қўйнига.

Чопқиллаган болакайлар
Нималарни топмас ўйлаб,
Чақмоқлардан қамчи ясаб,
Осмон узра юрар ўйнаб.

Бу қамчилар ерга текса,
Чақмоқ чақиб гулдурайди.
Бош устида олов ёқиб,
Ғазаб билан гумбурлайди.

Тойлар бирпас чидай олмай,
Гижинглашиб ўзин урар.
Экинзорлар юксак, баланд
Уфқларга тегиб турар.

Туғилганим – она юртим,
Шундай гўзал – таъриф ожиз.
Майли мени мақтанчоқ денг,
Мақтовларим эмас бежиз.

ОТАМ ВА МЕН

Отам билан
Иккаламиз,
Уни-муни
Чуққалаймиз.
Бураб яна
Пармалаймиз.
Ўлчаб-чизиб,
Чамалаймиз.
Ўзгартамиз,
Янгилаймиз.
Созлаб бўлгач,
Енгиллаймиз.
Силлиқлаймиз,
Жилвирлаймиз.
Қийшиқ жойин
Тўғрилаймиз.
Ишлар бўлса
Майда-чуйда,
Уддалаймиз
Жой-жойида.
Бузилса-чи
Машинамиз,
Касалини
Тушунамиз.
Отам уста
Тузатувчи,
Мен ёнида,
Кузатувчи.

Рус тилидан Равшан Исоқов таржимаси